Ўзбекистон | 19:00 / 25.08.2019
116236
2 дақиқада ўқилади

Рамзон Қодировга Шавкат Мирзиёевнинг совғаси топширилди

Фото: vk.com/ramzan

Чеченистон Республикаси президенти Рамзон Қодиров Грозний шаҳрида Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Делегация Чеченистонга Европадаги энг катта масжиднинг очилиш маросимида иштирок этиш учун ташриф буюрди.

Рамзон Қодиров икки республика халқларини мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб туришини ҳамда Чеченистон ўзаро муносабатлар янада мустаҳкамланиши ва кенгайишидан манфаатдор эканлигини қайд этди.

«Биз Ўзбекистонга чуқур эҳтиром билан ёндашамиз. Бу республика Ислом дини билан боғлиқ бой тарихга эга. У мусулмон уммасига кўплаб атоқли олим ва дин арбобларини туҳфа этган, динимиз тарқалишида муҳим роль ўйнаган. Бизнинг биринчи президентимиз, Россия қаҳрамони Аҳмад-Ҳожи Қодиров исломий фанларни Ўзбекистонда ўрганган. Рустам Қосимов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик сўзларини етказди. У Чеченистонда юз бераётган ижобий ўзгаришлардан ҳайратда эканлигини билдирди. Учрашув давомида Рустам Қосимов менга жуда нодир совға – Тошкентдаги Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган қадимий Қуръон қўлёзмасининг нусхасини тақдим этди. Азиз меҳмонимизга миннатдорлик билдирдим. Қардош Ўзбекистон Республикасининг янада ривожланиши ва гуллаб-яшнашини тиладим», - деди Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, 23 августда Чеченистоннинг Шали шаҳрида Европадаги энг катта – Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) номидаги “Мусулмонлар фахри” масжиди очилди. Масжид ўзбек меъморлари томонидан Самарқанд ва Бухородаги муқаддас қадамжолар руҳида лойиҳалаштирилган. Меъмор Абдуқаҳҳор Турдиевнинг сўзларига кўра, лойиҳага Рамзон Қодировнинг таклифларига кўра ўзгартиришлар киритилган.

Мавзуга оид