ТДЮУ баёнот билан чиқди. У университетнинг коррупцион имижи ҳақида
Тошкент давлат юридик университети коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида жамоатчиликка маълумот беришга қарор қилди. Бу ҳақда ТДЮУнинг Facebook’даги саҳифасида пост эълон қилинди.
«Жамиятнинг маълум бир соҳа бўйича коррупция ҳақидаги фикри ушбу иллатга қарши жиддий ва тизимли чоралар кўриш учун кучли сигнал саналади. Бундай баҳолашни амалга оширишда жамоатчилик, аввало янгиликлар, миш-мишлар ва бошқа хабарлар асосида йиллар давомида тўпланган маълумотларга таянган ҳолда, имиж сифатида шаклланиб келган, коррупция даражасини англашидан келиб чиқади.
Афсуски, том маънода юридик университет кўп йиллар давомида ноқонуний схемалар ва турли йўллар орқали ҳал қилинадиган коррупциялашган муассаса сифатида қабул қилинади. Шубҳасиз, юридик университетнинг бу жамоатчилик тушунчасини ўзгартириш ва имижни янгилаш учун кўп вақт ва ҳақиқий куч талаб этилади.
Бундай имиж ҳеч кимга керак эмас ва коррупцияга қарши кураш университет ривожланишининг ҳозирги босқичидаги энг муҳим вазифасидир», - дейилади постда.
Қайд этилишича, университет ташкил қилинган 2013 йил июн ойининг илк кунидан бошлаб, то бугунги кунигача коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кўплаб тадбирлар амалга оширилди. Буларнинг барчаси собиқ институтнинг ҳамма ходимларини, шу жумладан профессор-ўқитувчи таркибини аттестация қилинишидан бошланди. Натижада, профессор-ўқитувчи таркибининг учдан бир қисми ишдан бўшатилди ва ўз лавозимини сақлаб қолганларнинг аксарияти, қатъий профилактика ишларини амалга ошириш нуқтаи назаридан шартли равишда олиб қолинди.
Ўз навбатида, университет, асосан хорижда таҳсил олган истиқболли ёш кадрлар билан тўлдирилди.
ТДЮУ тўлақонли равишда шуни билардики, ходимларнинг тозалиги билан бир қаторда, коррупция намоён бўлишига олиб келадиган омилларни бартараф қилиш ёки минимал даражада камайтириш жуда муҳим масалалардан бири эди. Шу муносабат билан университет таълим сифатини ошириш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича диққатга сазовор чоралар амалга оширилди.
Шу кунга қадар, ТДЮУ фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган 55 норматив-ҳуқуқий актлар, шу жумладан 5 та Давлат раҳбарининг, 19 та Ҳукуматнинг ҳужжатлари қабул қилинди. Буларнинг барчаси университетда мутлақо янги муҳитни яратиш ва ўрнашиб қолган таълим стандартларини ўзгартиришга йўналтирилди. Бу, албатта, мавжуд “эскилик сарқитидаги” вазиятга кўникиб қолганларни “ғазаблантирди”.
I. ТДЮУ га қабул қилиш
1. 2017 йилгача тест синовлари эски тизим бўйича мактабларда, лицей ва коллежларда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланмасдан, қабул пайтида турли ҳуқуқбузарликларни содир этилишига шароит яратилган ҳолатда ўтказиларди. Шундай бўлса-да, олдиндан кўрилган профилактика чоралари туфайли университет ходимларининг ушбу жараёнларга аралашгани тўғрисида бирор бир далил топилмаган.
2. 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб, айнан ТДЮУ ташаббуси билан тест синов тизимида биринчи марта эски тест синовларини ўтказишдан воз кечилган ҳолатда, шаффофлик тизимига ўтилди. Синовлар катта павильонларда кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва давлат идоралари, шу жумладан Президент Администрацияси, прокуратура ва божхона органлари ходимлари иштирокида ташкил этилди. Буларнинг барчаси Интернетда реал вақт режимида (он-лайн) трансляция қилинди. Кейинги ўқув йилидан бошлаб, ушбу ижобий амалиёт бошқа университетларга ҳам татбиқ этилди.
3. 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, ТДЮУ янада илгарилаб, айнан, ўқишга қабул қилиш учун ҳужжатларини давлат хизмат марказлари орқали қабул қилиб, жорий қилинган вазият абитуриентлар учун қулайликлар яратиш билан бир қаторда, университет ходимлари билан визуал алоқани чеклаш орқали коррупцияга қарши қўшимча чора бўлиб хизмат қилди.
II. Талабалар билимини баҳолашнинг объектив (холис) механизми
1. Биринчи бор талабаларнинг ўқитувчи билан визуал алоқани камайтиришга, талабаларнинг билимини аноним шаклда холис текширишни таъминлашга қаратилган механизм яратилди. Шу мақсадларда аксарият имтиҳонлар идентификация кодларни қўйиш орқали ёзма шаклга ўтказилган. Бу тизим ривожланган мамлакатларда кенг қўлланади.
2. Бошқа ОТМлардан фарқли ўлароқ, талабалар билимини баҳолаш жараёнлари деканатлар томонидан (бевосита ректорга бўйсунган) эмас, балки марказлаштирилган ҳолда ТДЮУнинг мустақил бўлими бўлган ўқув-услубий бошқарма томонидан амалга оширилади.
Ушбу бир-бирини тийиб туриш тартиби “барча масалаларни ҳал қилишни” битта шахс томонидан амалга оширишни инкор этади. Демакки, коррупцион ҳаракатларни содир этиш хавфи жуда кам.
3. Баҳолаш жараёнида талаба ва ўқитувчи орасидаги визуал алоқани камайтириш мақсадида “рейтинг дафтарчаси” тартиби бекор қилиниб, баҳони қайд этишнинг электрон шаклини юритишга ўтилган. Шунингдек, ушбу ҳолат талабалар ўзлаштиришини реал вақт режимида кузатиб бориш имконини беради.
4. 6 йиллик фаолият мобайнида ТДЮУда юридик касбга фидоий бўлмаган ва университетга “тасодифан” келиб қолган талабаларни олийгоҳни битиришини минималлаштирадиган муҳит яратилган.
Ўтган 6 йил мобайнида 443 нафар талаба ўқишдан четлатилган, жумладан 70 нафари ўз хоҳишига кўра, 301 нафари академ қарздорлиги туфайли, 37 нафари кўп дарс қолдиргани учун ва 35 нафари ички тартиб-қоидаларни бузгани учун. Бундан ташқари, 94 нафар талаба ўзлаштира олмаганлиги сабабли курсдан курсга қолдирилган, ҳар йили 70-80 нафар талаба давлат имтиҳонидан ўта олмайди. Бу рақамлар бошқа олий таълим муассасалари билан солиштириб бўлмайдиган даражада камдир.
Агар университетда коррупция авж олганда рақамлар буни кўрсатмасди. Бу талабалар ўз муаммоларини коррупция йўли билан ҳал қилган бўлар эди. Имтиҳондан ўтолмаган талаба ва уларнинг ота-оналари бемалол университет раҳбариятига ҳамда тегишли давлат органларига мурожаат қилишларини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўз мурожаатларида улар корруцпия мавжудлигини кўрсатмаган.
III. Талабаларнинг аноним мурожаат ва сўровлари
1. Телеграм ижтимоий тармоғида коррупция фактлари бўйича талабаларнинг аноним мурожаатлари учун махсус бот яратилган.
Худди шунга ўхшаш канал Адлия вазирлигида ҳам яратилган, яъни манфаатдор шахслар вазирга тўғридан-тўғри мурожаат қилишлари мумкин.
Бугунги кунга қадар кўрсатилган каналларга ТДЮУ ходимларининг коррупцион хатти-ҳаракатлари бўйича бирон-бир асосли шикоят тушмаган.
2. Вақти-вақти билан талабалардан, жумладан коррупцияга доир аноним сўровнома ўтказиб турилади.
Хусусан, 2018 йил октябрь ойида таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси томонидан университетни аккредитация қилиш давомида ўқитувчиларнинг маънавий-ахлокий сифатлари бўйича 208 талабадан сўров ўтказилди. Атиги 3,4 фоиз респондентлар тамагирлик мавжудлигини қайд қилганлар. Маълумотларга қараганда мазкур кўрсаткич бошқа олий таълим муассасалариникидан анча паст.
2019 йил май ойида Адлия вазирлиги томонидан коррупцион ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 710 талаба (25%) иштирокида аноним сўровнома ўтказилди. Сўров натижаларига кўра 90 фоиз респондентлар шахсан коррупцион хатти-ҳаракатларга тўқнаш келмаганини қайд этганлар.
Умуман олганда бугунги кунгача ТДЮУга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан университетда коррупция аломатлари мавжудлигига оид бирон маълумот ёки эътироз келиб тушмаган. Гап фақат олдини олиш ҳақида борган.
IV. Ходимларнинг моддий таъминоти
Бошқа олий таълим муассасаларидан фарқли тарзда ТДЮУда Президент қарорлари билан ойлик иш ҳақига 200 фоизгача миқдорда махсус устама ҳақлар жорий қилинган. Бундан ташқари улар адлия органи ходими сифатида (50 фоизгача) тоифа даражалари учун ҳамда хизмат йиллари учун (40 фоизгача) ҳақ олишади. Кўрсатиб ўтилган тўловлар оширилган тўлов контрактдан тушган маблағ ҳисобига амалга оширилади.
Моддий таъминлашнинг мазкур чоралари, айниқса охирги уч марта оширилган иш ҳақи (01.09.2018 йилда 25%, 01.01.2019 йилда 20% ва 01.07.2019 йилда 25%) иш сифатини яхшилаш учун кучли туртки вазифасини ўтади. Бундай шароитдаги фаолият ТДЮУ ходимларининг коррупцион хатти-ҳаракатини олдини олади.
Қабул қилинаётган чора-тадбирларга қарамасдан ҳеч ким эълон қилинган ижтимоий сўров натижасида коррупция енгилди ёки бартараф этилди дея олмайди.
Тошкент давлат юридик университети Ўзбекистоннинг барча фуқароларидан бевосита университетга Адлия вазирлигига ёхуд бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органига университетнинг раҳбарияти, ўқитувчилари, бошқа ходимлар фаолиятидаги коррупция фактларига алоқадор ҳар қандай маълумотни тақдим қилишни сўраган.
Телеграм-бот (antikorbot) ёки Адлия вазирлигининг махсус платформасидаги расмий сайтидан фойдаланиш мумкин.
Юборилган маълумотлар кўриб чиқилади ва муаллифнинг шахси қатъий равишда сир сақланиши кафолатланади. Бундай маълумотлар жазо муқаррарлигини таъминлайди ва университетда соғлом муҳитни яратади, дейилади университет баёнотида.
Мавзуга оид
15:20 / 19.09.2024
“Юридик университетга 4 балл етмади, шунда ҳам 317 млн сўм тўлашим керак экан” — Супер контрактда нима ўзгарди?
19:53 / 10.09.2024
Коррупцияга қўл урган 566 нафар шахс давлат ишига қайтадан кириб, яна коррупцияга қўл урган
19:11 / 23.08.2024
Қозоғистонда 10 миллион долларлик «тушунарсиз бойлик» давлатга қайтарилди
09:46 / 23.08.2024