Жамият | 11:48 / 28.08.2019
10692
3 дақиқада ўқилади

Байрам туҳфаси: Зоминлик ёшларга «Ёшлар маркази» фойдаланишга топширилди

Зомин тумани аҳолисининг  95 минг нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамиятда муносиб ўринни эгаллаши, фаровон турмуш кечириши учун шароит яратиш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.  

Бугун Зомин туманида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги арафасида “Ёшлар маркази” фойдаланишга топширилди.  Замонавий меъморчилик андозалари асосида бунёд этилган марказнинг очилиш тантанасида Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг порлоқ келажагини яратиш  йўлидаги ғамхўрликлар ўз самарасини бераётгани, ёш авлод жамиятнинг ташаббускор ва фаол қатлами сифатида доимо қўллаб-қувватланаётгани, уларнинг ҳар томонлама камол топиши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилаётгани ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Зомин тумани Кенгаши раиси ўринбосари Темурбек Назаров бу ерда рус ва инглиз тилларини ўрганиш, компьютер саводхонлиги, шахмат-шашка, ментал арифметика, тасвирий санъат, рақс тўгараклари, пазандачилик, тикувчилик, тўқувчилик, миллий ҳунармандчилик  каби касб-ҳунар тўгараклари ташкил этилгани, жами 13 турдаги тўгаракларнинг ҳар бир гуруҳига 12 нафардан ёш қамраб олиниши режалаштирилгани ҳақида тўхталиб ўтди. 

- Сўлим Зоминда гўзал бир иншоотнинг қад ростлагани ҳудуд тарихи саҳифаларини яна бир карра олтинранг ёзувлар билан безади. Туманда бунёд этилган “Ёшлар маркази” – зоминлик ёшларнинг узоқ ва интиқлик билан кутган эзгу мақсадларининг улуғвор рамзи бўлди, –  дейди Ёшлар иттифоқининг спорт тадбирлари йўналиши сардори Аҳрор Холбўтаев. - “Ёшлар маркази”нинг очилиш маросимида минглаб ёшларнинг ташриф буюргани туман ёшларининг шундай масканга ғоятда интиқ эканлигини  исботлайди. Ҳар биримиз Президентимизнинг ушбу туҳфаларидан унумли фойдаланган ҳолда бундай эътиборга ўзимизнинг турли соҳалардаги улкан ютуқларимиз билан жавоб қайтарамиз. Янги марказ тез орада тумандаги йигит-қизларнинг иккинчи уйига айланади. 

Ёшлар марказининг ментал арифметика бўйича тўгарак мураббийси Фотима Йўлдошева  бугунги ёшлар нафақат муайян касб эгаси, балки қизиқувчан, дунёқараши кенг бўлиши кераклиги, шунингдек,  ўз ўқувчиларини халқаро олимпиадаларга олиб чиқишни мақсад қилган ҳолда эзгу ниятлар билан иш бошлаганини, келгусида Зомин туманида ҳам халқаро олимпиадалар ғолиблари етишиб чиқишини алоҳида таъкидлади.

Мавзуга оид