Ўзбекистон | 22:31 / 31.08.2019
6144
2 дақиқада ўқилади

«Косонсой-фарм» ЭИЗда биринчи корхона ишга туширилди

Наманган вилоятидаги «Косонсой-фарм» эркин иқтисодий зонасида биринчи лойиҳа - «Спринг фармацевтик» корхонаси ишга туширилди. 

«Спринг фармацевтик» корхонасига Ўзбекистон Президентининг 2017 йилдаги махсус қарори билан ташкил этилган «Косонсой-фарм» эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан ўтган йили 1,7 гектар ер ажратиб берилганди. Бир йил ичида жами қиймати 18 миллиард сўм бўлган лойиҳа амалга оширилди.  

70 та янги иш ўрни яратилган бу корхонада йилига 25 миллиард сўмлик 60 турдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилади.  

Эркин иқтисодий зонада умумий қиймати 51 миллион АҚШ долларидан ортиқ 13 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Бу маблағларнинг катта қисми, 24 миллион долларга яқини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. 2021 йилга бориб барча 13 лойиҳа якунланганда, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 100 миллиард сўмдан ортиқ замонавий ишлаб чиқариш корхоналарига, 1000 га яқин иш ўрнига эга бўлинади.

Ҳозирги кунда ана шу лойиҳалардан умумий қиймати 8,5 миллион долларга тенг 6 таси амалга оширилмоқда. Яқин кунларда “Ахсикент соф саноат” ҳамда «Фирдавсбек фарм» корхоналари ҳам фаолият бошлайди.

«Косонсой-фарм» эркин иқтисодий зонасида шунингдек, Корея, Россия, Миср ва Беларусь давлатлари билан ҳамкорликдаги янги йирик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Украина ва Ҳиндистон ҳам Наманган вилояти билан ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдирмоқда.

Дилмурод Жумабоев

Мавзуга оид