Ўзбекистон | 10:25
2035
3 дақиқада ўқилади

Наманганда дўл ёғмаслиги учун булутларга таъсир кўрсатилди

Наманган вилоятида кучли дўл ёғишининг олдини олиш мақсадида булутларга махсус снарядлар учирилди. “Ўзгидромет” хабарига кўра, бу орқали дўл жараёни заифлаштирилган ва қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етишининг олди олинган.

“Алазан” снарядининг Россияда қўлланиши / Фото: ru.publika.md

Ўзгидрометга қарашли Гидрометеорологик жараёнларга таъсир кўрсатиш хизмати бўлинмалари дўлли жараёнларнинг фаоллик нисбати юқори ҳудудларда қишлоқ хўжалиги экинларини гидрометеорологик жараёнларнинг салбий оқибатларидан муҳофаза қилиб келмоқда.

Ўзгидромет хабарига кўра, жорий йилда Наманган вилоятининг Косонсой ва Янгиқўрғон туманларида 1, 11 ва 12 май кунлари дўл жараёнли булутларга таъсир кўрсатиш ишлари ўтказилиб, жами 57 дона “Алазан-6” дўлга қарши маҳсулоти қўлланилган ва дўл жараёни заифлаштирилган.

Қайд этилишича, конвектив булутларга таъсир кўрсатиш ишлари олиб борилгандан сўнг ҳам, қисқа муддатли дўл ҳодисалари кузатилиб туради.

“Алазан-6” снаряди ҳақида

Очиқ маълумотларга кўра, “Алазан” сериясидаги дўлга қарши ракеталар 1960-йиллардан бошлаб СССРда қўллаб келинган; 6-версияси 2000 йилда ишлаб чиқилган.

“Алазан-6” ердаги махсус қия пуск қурилмасидан учирилади. 82,2 мм калибрли снаряд белгиланган баландликда (максимал 9,3 км) портлайди ва ичидаги реагент (кумуш йодиди) атмосферага сочилиб, дўл жараёни шаклланаётган булут метафизикасига таъсир қилади. Ракета 0,9995 фоиз эҳтимол билан ҳавода ўз ўзини йўқ қилади.

Дўлли булутларга қарши отряд

ФВВ 2023 йилда эълон қилган инфографика

Ўзгидрометнинг қайд этишича, ташкилот ҳузуридаги Гидрометеорологик жараёнларга таъсир кўрсатиш хизмати дўлли жараёнларнинг фаоллик нисбати юқори деб белгиланган 4 та ҳудудда: Наманган, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида фаолият юритади.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов берган маълумотга кўра, мазкур хизмат санаб ўтилган тўртта вилоятдаги жами 700 гектар экин майдонларига дўл ёғиш олдини олиш учун ташкил этилган бўлиб, унинг таркибида ўнлаб МРЛ-5 метеорологик радиолокатор тизимлари ва йигирмага яқин отиш пунктлари бор.

170 га яқин штат бирлигига эга мазкур хизмат яқин-яқингача Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида бўлган, ҳозир эса Гидрометеорология хизмати агентлиги таркибига қайтарилган.

Наманган вилоятидаги метеорологик радиолокатор / Фото: ФВВ

Қисқа муддатли кучли ёғингарчиликлар кўпаймоқда

Ўзгидромет таърифига кўра, дўл – бу одатда кучли тўп (конвектив) булутларда ҳосил бўладиган ҳамда муз доначалари кўринишида ерга тушадиган атмосфера ёғинидир.

Сўнгги йилларда кузатилаётган глобал иқлим ўзгариши Ўзбекистонда ҳам баҳорда қисқа муддатли кучли ёғингарчилик (ёмғир, жала, дўл) ҳолатларини кўпайишига олиб келмоқда. Ёғинлар миқдори камайгани йўқ, лекин улар қисқа вақт ичида жуда кўп миқдорда ёғиб, сел ва сув тошқинларини келтириб чиқармоқда.

Ўтган йиллар таҳлили шуни кўрсатадики, баҳор ва ёз фаслларида дўлли жараёнларнинг фаоллиги (дўлли жараёнлар ва дўл ячейкаларини ҳосил бўлиш кунлари) ўртача йиллик кўрсаткич бўйича ўзгарувчан тенденцияга эга. Жумладан, 2020 йилда – 33 кун, 2021 йилда – 34 кун, 2022 йилда – 29 кун, 2023 йилда – 24 кун, 2024 йилда – 40 кун ва 2025 йилда – 13 кунни ташкил этган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид