21:27 / 02.09.2019
6
38351

Август ойининг энг зўр смартфонлари

Бу сафарги рўйхатда сизни Samsung Galaxy Note 10 ва Note 10+, клавиатура ва такрорланмас корпусга эга Unihertz Titan, икки экранли Nubia Z20 ва бошқа янгиликлар билан таништирамиз.

Samsung Galaxy Note 10 ва Note 10+ 

Якунланган ойнинг энг асосий янгилиги — Samsung’дан флагман типидаги икки смартфон. Galaxy Note 10 ва Note 10+ мутлақо бир хил кўринишда, аммо ҳажм ва баъзи хусусиятлари билан фарқ қилади. Икки ускуна корпус ичига яшириладиган стилус билан таъминланган.

Galaxy Note 10 ва Note 10+ смартфонларига HDR10+ стандартидаги Dynamic AMOLED экрани ўрнатилган ва бармоқ изи сканерига эга. Диагонал кичик моделда — 6,3 дюм, имкониятлари — 2 280 х 1 080 пиксел. Катта моделда экран диагонали 6,8 дюм ва 3 040 х 1 440 нуқтали.

Samsung муҳандислари фронтал камерани стилусга ўрнатиш ниятида экани ҳақидаги миш-мишлар ўз тасдиғини топмади: 10 Mp’ли селфи-модул дисплей устки қаватидаги митти тирқичга жойлаштирилган. Мустақил DxOMark манбаси мутахассислари қурилманинг асосий камерасини аллақачон бозорда энг машҳури деб белгилашди: у синовларда аввалги лидер Huawei P30 Pro’ни ортда қолдириб, 113 балл тўплаган. Note 10’да камера учта сенсордан ташкил топган: 12 Mp (OIS), 12 Mp (икки карра яқинлаштириш, OIS) ва 16 Mp (123°). Note 10+ шуниндек, объектларнинг 3 ўлчамли моделини яратувчи ToF-датчики билан жиҳозланган.

Иккала смартфоннинг ички тузилмаси ўхшаш: Exynos 9825 бақувват процессори, 8 ёки 12 GB тезкор ва 256 ёки 512 GB ички хотира, microSD картани қўллаб-қувватлайди. Гаджетлар аккумулятор ҳажми билан фарқ қилади: Galaxy Note10’нинг батареяси 3 600 mA·s,  Note10+’да эса — 4 300 mA·s. Иккиси ҳам тезкор ва симсиз қувват олиш хусусиятига эга.

Стилус Galaxy Note10 смартфонларига бир неча қизиқарли хусусиятларни тақдим этган. Унинг ёрдамида нафақат суратлар чизиш ва қўлёзма матн киритиш, балки масофадан камера ва бошқа иловаларни бошқариш мумкин.

Техник тавсифи

Дисплей: Note 10’да Dynamic AMOLED, 6,3 дюйм, Full HD+ (1 080 × 2 280 пиксел) ва 6,8 дюйм, Full HD+ (1 440 × 3 040 пиксел) Note 10+’да
Процессор: Exynos 9825, саккиз ядроли, 2,73 ГГц частотагача
Камера: асосий — 12 Mp (бош) + 12 Mp (телеобъектив) + 16 Mp (ультра кенг бурчакли),  Note 10+ қўшимча равишда чуқурликни ўлчаш учун TOF‑камерага. Фронтал — 10 Mp
Хотира: кичик моделда 8 GB тезкор ва 256 GB доимий, катта модел 12 GB/512 GB хотирага ва microSD слотига эга
Аккумулятор: Note 10 учун 3 500 mA·s ва Note 10+ учун 4 300 mA·s
Тизим: Android 9.0 + One UI.

Nubia Z20

Смартфон орқа панелини нима билан банд қилиш борасидаги ўйлар ишлаб чиқарувчиларга тинчлик бермаяпти. Уларнинг аксарияти шунчаки камерани жойлаштиришни маъқул кўришмоқда — қанча кўп бўлса, шунча яхши. Xiaomi ўзининг эҳтимолий бир модели ташқи панелига қуёш батареясини ўрнатишни режалаштирмоқда. Nubia компанияси эса майдалашиб ўтирмади ва унга қўшимча экран жойлаштирди.

Nubia Z20 янги флагманининг асосий дисплейи 6,42 дюм диагоналга ва 2 340 х 1 080 пиксел имкониятга эга. Унда ҳеч қандай кесим ва рамкалар мавжуд эмас. Иккинчи экран 5,1 дюм диагонал ва 1 520 х 720 пикселларда ишлайди, бундан ташқари бир неча қизиқ жиҳатларга эга.

Биринчидан, унда мусиқа, виджет ва билдиришномалар вақтида турли хил анимация эффектларидан фойдаланилади. Иккинчидан, асосий камерада селфи олиш учун қўшимча экранга мурожаат қилиш керак (смартфонда фронтал камера мавжуд эмас). Учинчидан эса, нофаол режим ишга тушганда ҳам Always on Display 2.0 функцияси ёрдамида экранда вақт, эслатмалар ёки QR-код акс этиб туради. Бундан ташқари, дисплей қопқоқ фонида деярли фарқ қилмайди ва кам қувват сарфлайди.

Сенсорлари 48, 16 (122,2°) ва 8 Mp бўлган асосий камера ҳам орқа панелдан жой олган, 3 карра оптик ва 30 карра рақамли зум бор. Смартфон ўнг ва чап четида иккита бармоқ изи сканери бор. Бундан ташқари, четлар мобил ўйинлар вақтида ёки қандайдир илова ва функциясини ишга туширишда қўлланадиган кликларни сезади.

Техник тавсифи

Дисплей: асосий — 6,42 дюйм, AMOLED, Full HD+ (2 340 × 1 080 пиксел). Қўшимча — 5,1 дюйм, AMOLED, HD+ (1 520 × 720 пиксел)
Процессор: Snapdragon 855 Plus, саккиз ядроли
Камера: 48 Mp + 16 Mp + 8 Mp.
Хотира: 6 GB ёки 8 GB тезкор, 128 GB ёки 512 GB доимий
Аккумулятор: 4 000 mA·s
Тизим: Android 9 Pie.

Nubia Z20 аллақачон Хитойда 3 499 юан нархи билан сотувда (тахминан 490 АҚШ доллари).

Unihertz Titan

Хитойнинг унча машҳур бўлмаган Unihertz компаниясидан BlackBerry қурилмаларидан илҳомланиб яратилгани яққол кўриниб турган жуда қизиқарли смартфон. Томчидек бир-бирига ўхшаш бўлган шапалоқдай смартфонлардан зериккан бўлсангиз, Unihertz Titan албатта сизни ром эта олади.

Смартфон ёритилувчи ва сенсорли ишорани сезиш имкониятига эга QWERTY-клавиатура билан жиҳозланган. Унинг тепасида 1 400х 1 400 пиксел ечимли 4,5 дюм сенсор экранни кўрасиз. Гаджет намлик, чанг ва зарбадан асровчи IP67 стандартига эга, шунинг учун ҳам сайёҳлар ва экстремал шароитда ишловчилар учун айнан мос келади. Бундан ташқари, унинг заряди 7 кунгача қувват олмасдан етиши мумкин: аккумулятор сиғими 6 000 mA·s. Қуввати нари борса бир кунга етадиган аксарият смартфонлардан катта фарқ қилади, тўғрими?

Смартфон иш фаолиятини 2,0 ГГц такт частота ва 6 GB оператив хотирага эга Helio P60 MT6771 саккиз ядроли процессори таъминлайди. Ички хотиранинг ҳажми 128 GB’ни ташкил этади. Шунингдек, симсиз қувватлаш, юз ва бармоқ изи сканери орқали хавфсизлик тизими, сим-карта учун гибрид турдаги слот, сиз танлаган функцияни ўзида мужассамлаштирувчи дастурлаштирилган алоҳида тугма, Walkie-Talkie ички рацияси ва NFC модуль каби фишкаларни ўзида жамлаган. 

Техник тавсифи 

Дисплей: 4,5 дюйм, 1 440 × 1 440 пиксел
Процессор: Helio P60 MT6771, саккиз ядроли, 2,0 ГГц
Камера: асосий — 16 Mp фронтал — 8 Mp
Хотира: 6 GB тезкор ва 128 GB доимий, microSD ва иккинчи сим-карта учун слот бор
Аккумулятор: 6 000 mA·s
Тизим: Android 9 Pie.

Қурилма нархи 359 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Етказиб бериш 2019 йилнинг декабридан бошланади.

Nova 5T

Huawei компанияси Nova 5T моделини тақдим этди — аввалги Nova 5 субфлагманининг яхшиланган талқини. Олдингиси каби Nova 5Т ҳам тўртта яъни 48 + 16 + 2 + 2 Mp ечимли Leica камераси билан жиҳозланган, экраннинг чап томонидаги тирқичда 32 Mp’ли селфи-камера жой олган. Смартфон дисплейи 6,39-дюйм, Full HD+.

Ички тузилма ҳам шунга муносиб: Kirin 980 процессори, 8 GB оператив ва 128 GB доимий хотира. Аккумулятор сиғими 3 500 mA·s ва симсиз тезкор қувват олади. Бармоқ изи сканери ускунанинг ён тугмасидан жой олган. Смартфон қора, кўк ва бинафша рангларда ишлаб чиқарилади.

Техник тавсифи

Дисплей: 6,39 дюйм, 2 340 × 1 080 пиксел
Процессор: Kirin 980, саккиз ядроли
Камера: асосий — 48 + 16 + 2 + 2 Мп, фронталь — 32 Мп
Хотира: 8 GB тезкор, 128 GB ёки 256 GB доимий
Аккумулятор: 3 500 mA·s
Тизим: Android 9 Pie (Magic 2.1).

Қурилма баҳоси 1 599 юанни (тахминан 223 АҚШ доллари) ташкил этмоқда, сотувлар шу куз бошларида старт олиши кутилмоқда.

Motorola One Action

Ушбу смартфоннинг ўзига хослиги — унинг камераси, модуллардан бири 177° кўриш кенглиги бурчагига эга. Айнан у сабабли гаджет GoPro экшн-камераси каби видеоларни суратга тушира олади. Кенг бурчакли сенсор 90° га бурилади, шундай қилиб сиз смартфонни вертикал ҳолатда ушлаб горизонтал видео олишингиз мумкин ёки аксинча. Тебраниш эффекти махсус алгоритмлар ёрдамида дастурий ишга тушади. Смартфон юриб кета туриб ролик суратга олишни хушловчилар учун жуда мос — асосийси уни тушириб юбормаслик.

Кенг бурчакли камерадан ташқари, ускуна орқа панелида 12 Mp асосий ва чуқурликни ўлчаш учун 5 Mp камералар ҳам мавжуд. 12-мегапикселли селфи-камера 6,3 дюмли экраннинг чап ярмидан ўрин олган. Motorola One Action ички қисми учун Samsung’дан саккиз ядроли Exynos 9609 процессор, 4 GB оператив ва 128 GB ички хотира, шунингдек 3 500 mA·s сиғимли аккумулятордан фойдаланилган. Хотира картаси учун слот ва NFC модули ҳам истисно эмас. Ускуна Android 9.0 Pie’нинг тўлиқ назоратида ишлайди.

Техник тавсифи

Дисплей: 6,3 дюйм, 2 520 × 1 080 пиксел
Процессор: Exynos 9609, саккиз ядроли
Камера: асосий — 16 Mp + 12 Mp + 5 Mp, фронтал — 12 Mp
Хотира: 4 GB тезкор, 128 GB доимий  512 GB гача microSD учун слот мавжуд
Аккумулятор: 3 500 mA·s
Тизим: Android 9 Pie.

Motorola One Action учун тахминий баҳо 259 еврони ташкил этмоқда.

Samsung Galaxy A50s

Samsung компаниясининг навбатдаги янгилиги аввалги Galaxy A50’га нисбатан кучли ички тузилмали яхшиланган версиясидир. Асосий фарқи — такомиллаштирилган камера. У учталик бўлиб бош модул 48 Mp (аввалги моделда 25 Mp бўлган) ва қўшимча 8 ва 5 Mp сенсорлар билан биргаликда 32 Mp фронтал камера экран юқори қисмидаги томчи кўринишдаги тирқишга ўрнатилган.
Galaxy A50s 6,4-дюймли Super AMOLED дисплей  HD+ стандартида. Қурилманинг ички қисмида саккиз ядроли Exynos 9610 процессори, 4 ёки 6 GB оператив ва 64 ёки 128 GB доимий хотира мавжуд. Автономликни тезкор қувват олувчи 4 000 mA·s аккумулятори қўллаб-қувватлайди. Қурилма 1 TB  ҳажмигача microSD картадан фойдаланиш имконини беради.

Техник тавсифи

Дисплей: 6,4 дюйм, Super AMOLED, 2 340 × 1 080 пиксел
Процессор: Exynos 9610, саккиз ядроли.
Камера: асосий — 48 Mp + 8 Mp + 5 Mp, фронтал — 32 Mp
Хотира: 4 ёки 6 GB тезкор, 64 ёки 128 GB доимий, 1 ТB ҳажмгача microSD учун слот бор
Аккумулятор: 4 000 mA·s
Тизим: Android 9 Pie.

Смартфоннинг нархи ҳали эълон қилинмаган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top