10:17 / 04.09.2019
5
52512

Сирдарёда сохта прокурор қўлга олинди

Фото: KUN.UZ

Икром Каримов (исм-шарифлар ўзгартирилди) 2018 йил ноябрь ойида Янгиер шаҳридаги «Деҳқон бозори»га бориб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро Ё. Хўжамовга ўзини «Алишер исмли Сирдарё вилояти департаменти ходими» деб таништирган ва келажакда қўллаб-қувватлаб туришни ваъда қилган, деб ёзмоқда Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Ховос туман суди раиси О. Набиев «Постда» нашрида.

Сўнг у бозорда валюта тадбири ўтказилаётганлиги учун 3500000 сўм пул етмай қолганлиги, тадбир тугагач, қайтариб беришини айтиб, ундан ушбу суммани олган.

Икромнинг тузоғига тушган навбатдаги жабрланувчи самарқандлик Қ. Муродов бўлди. Икром ўзига аввалдан нотаниш бўлган бу фуқаро билан  ўтган йилнинг 3 декабрь куни Самарқанд шаҳридаги Рудакий кўчасида кўришади. Икром унга давлат ҳисобига мусодара қилинган «Жентра» русумли автомашинани арзон нархда аукцион орқали олиб беришни айтади. Ҳаракатлари ишончли бўлиши учун Қ. Муродовнинг фуқаролик паспортини қўлга киритади. Сўнг автомашинани расмийлаштириб беришини айтиб, ундан 18252800 сўм, яъни 2200 АҚШ долларини олади.

Икром 2019 йилнинг 16 январь куни таниши Аҳмад Муродовга қўнғироқ қилиб, ўзини Ёдгор исмли Тошкент шаҳар прокуратураси ходими деб таништирди ва унга ўғли М. Муродовни Олий судга протест киритиш йўли билан қамоқдан чиқишига ёрдам беришини айтди. Орадан уч кун ўтгач, «Олтин балиқ» кафеси олдида у билан кўришиб, хизмати эвазига 2000 АҚШ доллари сўрайди. А. Муродов бу ҳақда Сирдарё вилояти прокуратураси ва Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимларига маълум қилгач, ўтказилган тезкор тадбирда фирибгар қўлга олинди.

Қайд этилишича, юқоридаги каби фирибгарлик ҳаракатларини содир этгани учун у 9 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top