17:33 / 05.09.2019
1
16969

Ўзбекистон ҳозирча АҚШ ғазначилик облигацияларини сотиб олишни режалаштирмаяпти 

Фото: 123RF

Ўзбекистон ҳозирча АҚШ ғазначилик облигацияларини сотиб олишни режалаштирмаяпти, деб маълум қилди молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Аввалроқ молия вазири Жамшид Қўчқаров Reuters агентлигига берган интервьюсида, Ўзбекистон Марказий банки ўз валюта резервларидаги олтин улушини камайтириш ва АҚШ ғазначилик облигацияларини сотиб олишни режалаштираётганини айтганди.

Кейинроқ эса Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуротов Bloomberg билан интервьюда бошқа мамлакатлар, хусусан Хитойнинг қарз мажбуриятларини сотиб олиш режаси борлигини маълум қилганди.

«Ҳозирча бундай режа йўқ», – деди Исоқов. Марказий банк ҳам бундай режа йўқлигини тасдиқлади.

Молия вазирлиги матбуот хизматининг аниқлик киритишича, сотиб олиш процедураси келгусида бошланиши мумкин. Ҳозирда бу масала кўриб чиқилмоқда. 

Исоқов Ўзбекистон халқаро резервлардаги олтин улушини камайтириб, даромадлироқ активларга пул тикиши яхшироқ бўлишини таъкидлади.

«Катта даромад олиш имконияти мавжуд. Юқори фоизлар келтирувчи активларга пул тикиш керак. Ривожланаётган давлатларда бу борада катта тажриба бор. Уларнинг барчаси ўз резервларини диверсификация қилади», – деди у.

Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро резервлари 2019 йил 1 август ҳолатига 27,7 млрд долларга тенг бўлиб, 15 млрд доллардан ортиқроғини олтин ташкил этади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top