Жаҳон | 16:40 / 15.09.2019
25284
3 дақиқада ўқилади

Сноуден махфий маълумотларни ошкор этиши сабабини маълум қилди

Фото: ИТАР-ТАСС/Павел Смертин

Америка махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден ўзининг "Шахсий ёзув" деб номланган мемуарида уни махсус хизматларнинг махфий маълумотларини ошкор этишга ундаган сабабни маълум қилди.

"Конституцион тизим қачонки унинг барча уч бўғини меъёрида ишлаганида фаолият юрита олади. Учала бўғин нафақат ишлашдан тўхтаса, балки онгли равишда ишлашдан тўхтатиладиган бўлса, бунинг оқибати жазосиз қолиш бўлади. Мен Олий суд, конгресс ёки президент Обама қачондир разведка жамиятини жазога тортади деб ўйлаганимда аҳмоқ бўлган эканман", — деб ёзади Сноуден.

"Разведка жамияти ўзини қонундан устун кўришини тан олиш вақти келганди, тизим қанчалик бузилгани эътиборга олинса, у бунга ҳақли эди. разведка жамияти бизнинг тизимимизни бу тизимни яратганлардан кўра яхшироқ тушунарди ва бундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланди. Улар конституцияни бузиб ташлашди", — дея таъкидлайди Сноуден.

Унинг фикрича, бундай жиноятга ягона муносиб жавоб махфий дастурларни эълон қилиш эди.

"Мен эмас, Америка ҳукуматининг тўртинчи бўғини бўлган ОАВ орқали оммавий кузатув аппаратини буткул фош этиш – бундай миқёсдаги жиноятга бериладиган ягона муносиб жавоб бўларди", — деб изоҳлади Сноуден ўз қарорини.

Сноуден 2013 йилда The Washington Post ва The Guardian нашрларига АҚШ ва Британия махсус хизматларининг интернетда кузатув олиб бориш дастурлари ҳақидаги махфий ахборотни берган. У дастлаб Ҳонгконгга, сўнгра Москвага учиб, у ерда Шереметьево аэропортининг транзит ҳудудида маълум вақт қолишига тўғри келган. 

Россия Сноуденга АҚШга қарши фаолиятини тўхтатиши кераклиги шарти билан бир йилга бошпана берган. 2014 йил августда у нафақат Россия бўйлаб, балки хорижга саёҳат қилишга имкон берувчи 3 йиллик яшаш ҳуқуқини олган. 2017 йилда ушбу ҳуқуқ яна 3 йилга узайтирилиб берилган.

Мавзуга оид