Ўзбекистон | 10:20 / 17.09.2019
3980
4 дақиқада ўқилади

Жамоатчилик муҳокамаси қонун лойиҳасини такомиллаштиришда қандай ўрин тутяпти?

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

2019 йил 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси томонидан биринчи ўқишда концептуал маъқулланиб, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни қизғин давом этмоқда.

Қонун лойиҳаси БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини имплементация қилишни ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида замонавий услублар, халқаро стандартларни жорий этишни назарда тутади.

Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан қонун лойиҳасида Фармондан келиб чиқадиган вазифаларни қамраб олингани таъкидланди. Лойиҳа билан ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда тенг шароитларни ҳамда уларни бузганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш масалалари такомиллаштирилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш муҳим масалалардан биридир. Шундан келиб чиқиб, лойиҳада тиббий-меҳнат экспертизаси ва ногиронликни белгилашнинг шаффоф, замонавий услуб ва мезонларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш даражаси ҳамда сифатини ошириш, реабилитациянинг замонавий услубларини киритиш белгиланган. Шу билан бирга, уларни юқори технологияли ихтисослашган тиббий-ижтимоий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш масалалари киритилаётгани кенг муҳокама қилинди.

Лойиҳада ногиронлиги бўлган шахсларни ўз вақтида ҳисобга олишнинг самарали механизмларини яратиш, ногиронликнинг белгилари пайдо бўлган вақтдан бошлаб, уларни кузатиб бориш ва қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш шароитларини ҳар томонлама баҳолаш, индивидуал ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишнинг мажбурийлиги белгиланмоқда. Шунингдек, ўз вақтида зарур тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш имконини берувчи ягона комплекс тизимини жорий этиш қонун билан мустаҳкамланмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг манзилли ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, уларнинг уй жой-маиший ва бошқа яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган тиббий-ижтимоий хизмат ҳамда моддий ёрдамни кенгайтириш, уларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш, шу жумладан, сифатли ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган янги моддалар киритилмоқда.

Тадбирда ногиронлиги бўлган шахсларнинг оиласи, жамият ва давлат билан ўзаро алоқасини кучайтириш, уларга тўсиқсиз муҳит яратиш, йўловчи транспорти, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан эркин фойдаланиши учун зарур шароитлар яратиш, уй-жой, таълим ва касбий маҳоратини оширишга бўлган ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қоидалар нафақат имконияти чекланган шахслар, балки, жамият учун ҳам фойдали экани таъкидланди.

Муҳокамалар якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклифлар инобатга олиниб, мазкур қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга доир тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мавзуга оид