Жаҳон | 17:25 / 17.09.2019
3141
4 дақиқада ўқилади

ЖССТ Европа минтақавий бюросига янги раҳбар тайинланди

Дания пойтахти Копенгаген шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий қўмитасининг 69-сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда ЖССТ Европа минтақавий бюросига аъзо 53 та давлат соғлиқни сақлаш вазирлари, ҳамкор ташкилотлар ва фуқаролик жамиятлари вакиллари қатори Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

«Маълумки, ЖССТ Европа минтақавий бюросини минтақавий қўмита томонидан сайланадиган директор бошқаради. Ушбу лавозимга аъзо давлатлар томонидан тавсия этилган номзодлар орасидан беш йил муддатга сайланади. Мазкур нуфузли сессиянинг иккинчи куни, айнан, ЖССТ Европа минтақавий бюросининг янги директорини сайлашдан бошланди. Шунга кўра, белгиялик 50 ёшли мутахассис Ханс Клюге олти нафар номзод орасидан Европа минтақавий бюросининг янги директори этиб сайланди. Айни пайтга қадар у ЖССТ Европа минтақавий бюросининг соғлиқни сақлаш тизимлари ва жамоат саломатлигини муҳофаза қилиш бўлими директори ҳамда ушбу бюро минтақавий директорининг махсус вакили лавозимида фаолият кўрсатган.

Сессия доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов Ханс Клюге билан учрашди ва уни масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклаб, минтақавий бюронинг қийин, аммо муҳим вазифаларини бажаришда улкан муваффақиятлар тилади. Европа минтақавий бюросининг янги директори, ўз навбатида, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни диққат билан кузатаётганини таъкидлади. Тиббий ёрдам сифати ва улардан фойдаланиш имкониятларини ошириш, профилактик тадбирларни кучайтириш, оналар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, соҳада хусусий секторни ривожлантириш, мамлакатда электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш каби кўплаб устувор йўналишларни қамраб олган – 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш жараёни билан қизиқиб, бу борада қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Сессия иштирокчилари томонидан «Саломатлик – 2020» дастури қабул қилингандан сўнг улкан ютуқларга эришилгани таъкидланди. «Саломатлик – 2020» сиёсатига мувофиқ, миллий соғлиқни сақлаш дастурларига эга минтақадаги мамлакатларнинг улуши 2010 йилдаги 36,4 фоиздан айни пайтда 62,7 фоизга ўсди. Натижада умр кўриш давомийлигининг ўсиши ва эрта ўлимнинг камайиши кузатилди. Шу билан бирга, баъзи мамлакатларда чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, ортиқча вазн ва семириш, шунингдек, эмлашнинг етарли даражада эмаслиги каби жиҳатлар ҳамон кўзланган мақсадга эришишга тўсқинлик қилаётгани қайд этилди.

Сессияда, шунингдек, соғлиқни сақлаш бўйича тенглик, саводхонлик, ташкилий ва технологик инновациялар орқали тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш каби устувор масалаларга ҳам эътибор қаратилмоқда. Икки томонлама учрашув ва амалий брифингларда соғлиқни сақлаш дипломатияси ва миграцияси, болалар ва ўсмирлар саломатлиги, Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишни қўллаб-қувватлаш манбалари, тиббиёт тизимларини рақамлаштириш, кадрлар масаласи каби кўплаб мавзулар атрофлича муҳокама қилинмоқда.

Мавзуга оид