Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълум қилишича, оддий инфекцияларни даволаш тобора қийинлашмоқда, негаки кўплаб бактериялар антибиотикларнинг таъсирига чидамли бўлиб қолган, яъни уларни ўлдириш ёки тўхтатиш қийинлашган.
Янги маълумотларга кўра, глобал миқёсда ҳар олти инфекциядан бири антибиотиклар таъсир қилмаётган бактериялар сабабли юзага келмоқда. Бу ҳолат миллионлаб одамлар ҳаёти учун хавфли: оддий касалликларни даволашни қийинлаштириб, соғлиқни сақлаш тизимларига катта юк бўляпти.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2018 йилдан 2023 йилгача бактерияларнинг антибиотикларга чидамлилиги 40 фоиздан кўпроққа ошган, яъни ҳар йили 5–15 фоизгача ўсиш кузатилган.
“Антимикроб қаршилик тиббиётдаги ютуқлардан тезроқ ривожланмоқда ва бу бутун дунёда оилаларининг соғлиғига жиддий хавф солмоқда. Антибиотиклардан тўғри фойдаланишимиз, сифатли дори воситалари, аниқ диагностика ва вакциналарга барча учун тенг имкон яратишимиз керак”, – дейди ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесус.
Тадқиқот 100 дан ортиқ мамлакатдан тўпланган 23 миллиондан зиёд маълумотга асосланади. Унда аниқланишича, Жануби-Шарқий Осиё ва Шарқий Ўрта Ер денгизи минтақаларида ҳар учта инфекциядан бири, Африкада эса ҳар бешта инфекциядан бири антибиотикларга жавоб бермай қўйган.
Бактериялар дори таъсирига чидамли бўлиб қолганда илгари осон даволанган касалликлар ҳам узоқ давом этади, мураккаблашади ёки уларни бутунлай даволаб бўлмайди. Оқибатда беморларнинг соғайиш муддати узаяди, асоратлар кўпаяди ва ўлим хавфи ортади. Оддий, арзон дорилар фойда бермагани учун шифокорлар қиммат ва кучли антибиотикларга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Бу эса паст даромадли мамлакатларга катта муаммо туғдиради, чунки бундай дори воситаларини харид қилишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди.
2019 йилда антибиотикларга чидамли бактериялар 1,27 миллион кишининг бевосита ўлимига сабаб бўлган. Яна 5 миллионга яқин одамнинг ўлими эса бу муаммо билан билвосита боғлиқ. Мутахассислар огоҳлантиришича, агар ҳозир зарур чоралар кўрилмаса, 2030 йилга бориб антибиотикларга бардошли инфекциялар дунё иқтисодиётига ҳар йили 3 триллион долларгача зарар етказиши мумкин.
Антимикроб қаршилик (АМR)
Бу бактерия, вирус, замбуруғ ва паразитларнинг уларга қарши ишлатиладиган дориларга мослашиши, мазкур микроорганизмларни йўқ қилиш ёки ўсишини тўхтатиш қийинлашган ҳолатдир. Ушбу ҳолат таьсирида оддий инфекциялар ҳам даволанмай қолиши, асоратлар ва ўлим хавфи ошиши мумкин. Шу сабабли бу муаммо кўпинча “овозсиз (жим) пандемия” деб аталади, яъни у аниқ белгиларсиз, аммо кенг миқёсда зарар етказади.















