Жаҳон | 00:37 / 17.09.2019
23820
2 дақиқада ўқилади

Путин Саудия Арабистонига С-400 мажмуаларини сотиб олишни таклиф қилди

Россия президенти Владимир Путин Саудия Арабистонидаги нефть объектларига ҳужумлар ортида подшоҳликка Россиянинг С-400 ёки С-300 зенит-ракета мажмуаларини сотиб олишни таклиф қилди. У бу ҳақда Анқарада ўтган Россия, Эрон ва Туркия президентлари иштирокидаги Сурия бўйича уч томонлама саммит давомида айтиб ўтди.

Путин Саудия Арабистонидаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужум ҳақидаги саволга Қуръони каримдан парчалар келтирган.

“Муқаддас Қуръонда ўз уруғ-аймоғини ҳимоя қилишдан ташқари, ҳар қандай зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслиги айтилган. Ўз уруғ-аймоғи, ўз мамлакатини ҳимоя қилишда Саудия Арабистонига тегишли кўмак кўрсатишга тайёрмиз”, деб айтган Путин. 

Унинг таъкидлашича, Саудия Арабистони раҳбарияти “доно қарор қабул қилиши” ва Эронга ўхшаб С-300 ёки Туркия каби С-400 сотиб олиши лозим. “Улар Саудия Арабистони инфратузилмасининг ҳар қандай объектини ишончли ҳимоялайди”, деб қўшимча қилган Россия етакчиси.

Путин Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг “С-300 ёки С-400 сотиб олган маъқулроқми?” деган саволига “Ўзлари танласинлар” деб жавоб қилган.

Мавзуга оид