Ўзбекистон | 15:26 / 18.09.2019
43592
6 дақиқада ўқилади

Forbes: Ўзбекистон – Хитой қураётган янги ипак йўлидаги яширин жавоҳир

Фото: Kenzaburo Fukuhara - Pool/Getty Images

Ўзбекистон жаҳоннинг энг диққатга молик инвестицион ҳудудларидан бирига айланиш имкониятига эга. Янги президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни социализмдан капитализмга ўтказиш ҳаракатлари 50 млрд доллар ЯИМ қийматидаги иқтисодиётни инвесторлар назарига тушириши кутиляпти, деб ёзмоқда Forbes нашри.

«Ўзбекистон – Хитой тиклаётган янги ипак йўлидаги яширин жавоҳир» сарлавҳали мақолада муаллиф, Ўзбекистон Буюк ипак йўлида жойлашган қадимий шаҳарлари Тошкент ва Самарқанд билан машҳурлигига диққат қаратган.

«Бир-бири билан 344 километрлик тезюрар поезд йўли билан боғланган бу шаҳарлар АҚШ-Хитой савдо уруши авж олаётган бир пайтда жаҳон савдосида муҳим ўрин тутади», – деб таъкидланган нашрда.

Ҳозир Тошкентда 1,7 млрд долларлик халқаро бизнес ва молиявий ҳаб барпо этилмоқда. Лойиҳа саноат парки, 8та бизнес-марказ, йирик савдо мажмуаси, ресторанлар ва маданий марказ, шунингдек, 70 гектар майдондаги турар-жой мажмуаларини ўз ичига олади, дея маълумот берилган Forbes мақоласида.

Муаллиф Райнер Майкл Прайсснинг фикрича, Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев бошчилигида жаҳоннинг энг тез ўсаётган иқтисодиётларидан бири бўлиб турибди.

«Бор-йўғи икки йилдан кўпроқ вақт ичида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ёпиқликдан эркин бозор иқтисодиётига ўтди. Мирзиёев валюта айирбошлаш курсини эркин оқимга ўтказди, молиявий эгалик ҳуқуқини мустаҳкамлади, стратегик аҳамиятга эга бўлмаган бизнес турларидаги давлат улушини сотиш орқали хусусийлаштириш ташаббусини билдирди.

Бу ислоҳотлар ортидан, мамлакат ҳукумати маълумотларига кўра, Ўзбекистонда туристлар оқими 2018 йилга қараганда 2 баравардан кўпроққа, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция миқдори эса 2019 йилнинг биринчи ярмида бир йил олдингига нисбатан 4 бараварга ошган», деб ёзган халқаро нашр.

Қайд этилишича, Ғарб давлатларининг катта қисми қарзга ботган бир пайтда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ЯИМнинг 19,8 фоизини ташкил қилади. Февраль ойида мамлакатнинг илк халқаро суверен облигациялари қиймати 1 миллиард долларни ташкил қилди. 10 йил муддатга 5,375 фоиздан жойлаштирилган евробондлар нархи ҳозир 110 долларга тенг, уларнинг даромадлилиги 4 фоизга тушган. Standart & Poors ва Fitch Ratings агентликлари рейтингларида Ўзбекистон – Боливия, Бразилия ва Бангладеш каби – ўрта инвестицион даражадан уч поғона пастда, яъни BB- категориясида қайд этилган.

Аммо фахрий инвестор Марк Мобиуснинг сўзларига кўра, халқаро молия менежерларида Ўзбекистоннинг кредит рейтингига нисбатан тобора ижобий фикр уйғонмоқда. Мамлакат инвесторлар учун жозибали эканига сабаблардан яна бири эса у ерда газ, олтин ва бошқа металлар каби табиий бойликлар кўплигидир, дейди у. Ўзбекистон, шунингдек, пахта экспорти бўйича жаҳоннинг етакчи давлатларидан бири саналади.

«Ҳозир Ўзбекистоннинг маҳаллий тадбиркорлари бизнес учун капиталга катта эҳтиёж сезмоқда, бироқ ички капитал бозори уларнинг бу эҳтиёжини тўла қондиришга қодир эмас», дейди инвестицион фаолиятга доир консультатив хизматлар кўрсатувчи Daruma Сapital компанияси бошқарув ҳамкори Ёдгор Ғофуров.

Унинг айтишича, банк секторидаги бошқарув тизимининг консервативлиги ва маҳаллий кредит ставкалари юқорилиги (Марказий банк қайта молиялаш ставкасини 16 фоиз этиб белгилаган) сабаб компаниялар ички бозордан кредит олишни исташмаяпти. Бу эса Ўзбекистон каби тез ўсиб бораётган бозорларни эгаллашга тайёр хорижлик инвесторлар учун катта имкониятлар эшигини очмоқда.

Ўзбекистонда айниқса банк сектори халқаро инвесторлар учун катта имконият бўла олади. Аҳолининг аксарият қисми аввалбошдан банк хизматларидан деярли фойдаланмайди. Айрим экспертларнинг баҳолашларича, бор-йўғи 5 фоиз аҳоли банкда ўз ҳисоб-рақамига эга, кўпчилик ҳамон ўз жамғармаларини нақд пул кўринишида сақламоқда. Бу ҳолат, янги ҳукумат маошлар банк ҳисоб-рақамлари орқали тўланиши бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритаётганини инобатга олсак, тез орада ўзгаради.

Ўзбекистон иқтисодиёти 2018 йилда 6 фоизга ўсди. Халқаро Валюта Жамғармаси прогнозларига кўра, кейинги бир неча йил давомида бу ўсиш ҳатто 8 фоизни ҳам ташкил этиб бориши мумкин. 33 миллион аҳолининг 64 фоизини ёшлар, яъни 35 ёшга тўлмаганлар ташкил этишини ҳисобга олсак, Ўзбекистонда ҳали ўсиш учун потенциал юқори.

Ҳозир Ўзбекистонда ЯИМ аҳоли жон бошига 1500 долларга тўғри келади ва бу – Марказий Осиёдаги энг паст кўрсаткичдир. Аҳолиси Ўзбекистонникидан беш баравар кам ва табиий ресурслари йўқ Грузияда эса бу кўрсаткич 4500 долларга тенг. Нефть захираларига бой Қозоғистонда эса ЯИМ киши бошига 9000 долларни ташкил қилади.

Ўзбекистон Қирғистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, ва Афғонистон билан чегарада жойлашгани билан бутун Марказий Осиёга трамплин вазифасини ҳам ўтайди. Мамлакатнинг стратегик жойлашуви уни Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ташаббусида муҳим боғловчи бўғинга айлантирган.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатни ўта тезлик билан саноатлаштирмоқда. Бу жараёнда Жанубий Корея ва Хитой авто ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистонда анъанавий автомобиллар ва электромобиллар ишлаб чиқаришга жалб этилмоқда. Декабрь ойида мамлакат жанубидаги Қашқадарёда синтетик ишлаб чиқаришни ташкил қилиш учун Хитой, Корея, Япония ва Россиядан 2,3 миллиард долларлик инвестиция жалб қилинган.

«Кўпинча жиддий эътибордан четда қолиб, яхши ўрганилмаган бўлса-да, Ўзбекистон акциялари сармоядорларга юқори инвестицион муҳит ва жиддий ички бозорни тақдим эта олади», дейди «Asia Frontier Capital» Ўзбекистон фонди ахборот хизмати бошлиғи Скотт Ошерофф. Унинг таъкидлашича, Тошкент фонд биржасида кўплаб компаниялар 5 баравардан камроқ P/E даражасида савдо қилишмоқда ва дивиденддан 25 фоизгача даромад таклиф қилишяпти.

Хорижий инвесторлар Ўзбекистонда қулай муҳитни танлаб олишлари учун бироз вақт керак бўлмоқда холос, деб қўшимча қилган Ошерофф.

Мавзуга оид