Бугун дунёда энг бой одамлар деб пули долларда миллиарддан ошганларга айтилади. Қизиғи, ҳар йили уларнинг сони ошиб бормоқда.

Масалан, Forbes нашри маълумотларига кўра, асримиз бошида, 2001 йилда Ер юзида пули миллиард доллардан ошганлар сони 564 нафар бўлган. Ҳозирга келиб уларнинг сони 2 100 нафардан ошган.

Агар миллиардерлар тарихига назар ташланса, дунёда пули миллиард доллардан ошган биринчи инсон “нефт қироли” деб аталадиган Жон Рокфеллер бўлган.

Бу инсон Америкадаги нефт қазиб олиш, уни қайта ишлаш ва сотиш билан шуғулланган Standard Oil компаниясига эгалик қилган. Рокфеллернинг пули 1916 йилда миллиард доллардан ошган.

Айтганча, Forbes 1987 йилдан буён ҳар йили дунёдаги миллиардерлар рейтингини эълон қилиб келади. Бунда нашр рейтинг эълон қилинаётган пайтда дунё бойлари эгалик қилиб келаётган компанияларнинг нархи ёки акцияларининг баҳосини ҳисоблайди.

Бундан ташқари, рўйхатни шакллантиришда миллиардерларнинг мол-мулклари нархлари ва бошқа омиллар инобатга олинади.

Бундан бир неча ой олдин Forbes нашри 2024 йилнинг энг бой одамлари рўйхатини эълон қилди. Унга кўра рўйхатнинг юқори йигирматалигига кирганларнинг бойлиги 2,48 триллион долларни ташкил этган.

Қуйида рўйхатнинг дастлабки йигирматалигига кирган бойлар ҳақидаги маълумотлар билан таништириб ўтамиз.

Фото: alamy.com

20. Женсен Хуанг (АҚШ)

Ёши – 61 да

Бойлиги – 77 млрд

Асосий соҳаси – Nvidia

Тайванда туғилган Женсен кейинчалик АҚШга кўчиб ўтган. У 1993 йилдан буён ярим ўтказгичлар ишлаб чиқарувчи Nvidia компанияси президенти ва бош директори ҳисобланади.

Женсенда компаниянинг бор-йўғи 3 фоиз акцияси бор. Бироқ шу ҳам унинг 77 млрд доллар билан дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 20-ўринни эгаллашига кифоя қилди. 2023 йилда Женсен 21,1 млрд доллар пул билан дунё бойлари рўйхатида 60-ўринни эгаллаган эди.

Сўнгги йилларда ярим ўтказгичларга талаб кескин ортди ва бундай маҳсулот ишлаб чиқарувчи компанияларнинг акциялари нархи ҳам сезиларли ошди. Шунинг ҳисобидан ярим ўтказгич ишлаб чиқарувчи компаниялар эгаларининг бойлиги ҳам салмоқли кўпайди.