Ўзбекистон | 12:50 / 19.09.2019
6613
3 дақиқада ўқилади

Оилавий низоларни ҳал этишда медиация усули татбиқ этилади

Оилавий низо ва келишмовчиликларни ҳал этишда медиация усулини қўллаш амалиётга жорий этилади. Бу хусусида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ўтказилган “Оилавий медиация” мавзусидаги тадбирда сўз борди.

Маълум қилинишича, ўз-ўзини бошқариш органлари ҳузуридаги оилавий низоларни ҳал қилиш билан шуғулланувчи яраштирув комиссияларининг ҳозирги фаолияти ўзини оқламаяпти. Комиссия фаолиятида примитив ва нопрофессионал методлардан фойдаланилмоқда. Шу боис  “Оила” маркази томонидан низоларни ҳал этишда замонавий медиация усулини жорий қилиш таклиф қилинмоқда. 

Маълумот учун, медиация (лотинча “mediatio” ─ “ўртадаги воситачилик” сўзидан олинган) бетараф ва холис учинчи томон (медиатор) ёрдамида низоларни ҳал этиш услуби саналади. Медиация турли низоларни судга мурожаат қилмай ёки иш судда бўлса, суд қарор қабул қилгунга қадар ҳал этишни мақсад қилади. Медиация ихтиёрийлик, томонларнинг тенг ҳуқуқлиги, медиаторнинг мустақил ва холислиги, медиация жараёнига ўзга шахслар аралашувининг бўлмаслиги, махфийлик, ирода эркинлиги каби принциплар асосида ўтказилиши талаб этилади.

“Жамият ривожининг замонавий босқичида оилавий низолар шахсий ҳаётга аралашмаслик, бетарафлик, конфиденциаллик ҳуқуқига риоя қилган ҳолда ҳал этилиши лозим. Медиация амалиёти оилавий низо ва келишмовчиликларни ҳал этишнинг янги ва муқобил усули сифатида татбиқ этилиши зарур. Бунда 2018 йил 3 июлда қабул қилинган “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан иш кўрилади. Олдимизда турган вазифа ушбу усулни медиаторлар ва яраштирув комиссиялари томонидан оилавий низоларни ҳал этиш амалиётида қўллашдан иборат”, ─ дейди анжуманда сўзга чиққан “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори, сенатор Дилором Тошмуҳаммедова.

Маълум қилинишича, яраштирув комиссиялари фаолиятига медиация усулини татбиқ этишда Германия, Болгария, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон экспертлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. “Оила” маркази ўз-ўзини бошқариш органлари таркибидаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларни оилавий низоларни ҳал этишда медиатив техникалардан фойдаланиш бўйича тизимли ўқитишни режалаштирган. 

“Оила” маркази мутахассиси Гулнора Эшонхоновага кўра, оилавий медиацияда икки тарафнинг розилиги олиниши, медиаторни тарафлар танлаши, томонларнинг ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда бир қарорга келиши, жараённинг махфий кечиши, тарафларнинг дўстона муносабатини сақлаб қолиш каби принциплар асосида иш кўрилади. 

“Оилавий медиацияни қўллаш натижасида оила аъзолари ўртасидаги муносабатлар, оилавий муҳит яхшиланади. Эр-хотин ажрашган тақдирда ҳам уларнинг фарзанд тарбиясидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғри тақсимланишига эришилади”, ─ дейди Эшонхонова.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид