Ўзбекистон | 10:52 / 23.09.2019
7328
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатасида норма ижодкорлиги танқидий таҳлил қилинди

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Жорий йилнинг 19 сентябрида Қонунчилик палатасида парламент қуйи палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов раислигида Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Концепциянинг бажарилишида ҳали бир қатор камчиликлар учрамоқда.

Жумладан, Концепцияда белгиланган аксарият вазифалар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, келишиш, экспертиза ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, аҳолига етказишда замонавий ахборот технологиялари ютуқларидан кенг фойдаланиш билан боғлиқдир. Бу вазифалар тегишли ҳисоботларда бажарилди, деб кўрсатилаётган бўлса-да, аслида айни йўналишдаги ишларда сусткашликка йўл қўйилмоқда. Айниқса, ҳисоботларда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида” Қонуннинг янги таҳрирда ишланиши Концепцияда белгиланган кўпгина вазифаларнинг ҳал этилишини таъминлашига шаъма қилиш ҳолатлари учрайди.

Бундан ташқари, мажлисда Концепцияда белгиланган “ақлли тартибга солиш” модели кўзда тутган ҳолатлар, яъни нормаларни қўллашда вужудга келадиган оқибатларни ҳисобга олиш, фуқаро ва тадбиркорлар учун фойда-зарарини ҳисоблаш, коррупция ҳолатларига олиб келадиган нормаларни аниқлаш борасида белгиланган дастурлаштириш ишларини бажаришда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолияти суст эканлиги уқтириб ўтилди.

Йиғилишда тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни қабул қилишга зўр берилаётган бир пайтда қонуности ҳужжатларининг салмоғи камаймаётганлиги хавотирли эканлиги таъкидланди.

Йиғилишда сўзга чиққанлар норма ижодкорлиги фаолиятида ҳуқуқий экспертизанинг роли жуда катта эканини таъкидлаш билан бирга, мазкур институт амалда заиф ҳолда ишлаётгани, айниқса, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига хулоса берадиган тегишли юридик хизмат мутасаддилари кўпинча ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашаётгани қайд этилди. Бу масалада Адлия вазирлигининг фаолияти танқид қилинди.

Тадбирда кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш, Концепцияда белгиланган устувор вазифаларни тўла-тўкис бажаришга қаратилган тавсияларни ўз ичига олган қарор қабул қилинди. 

Мавзуга оид