Таълим | 10:20
409
2 дақиқада ўқилади

Паст хавф тоифасидаги нодавлат таълим муассасалари текширилмайди

Нодавлат мактабгача, умумий ўрта ва қўшимча таълим хизматларини кўрсатувчи муассасалар фаолияти хавф даражаси асосида баҳоланади. Паст хавф тоифасига киритилган тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказилмайди.

Фото: AP

Адлия вазирлиги нодавлат мактабгача, умумий ўрта ва қўшимча таълим хизматларини кўрсатиш соҳасида назоратни амалга оширишда «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди.

Низомга кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунчилик бузилиши хавфи автоматлаштирилган тарзда баҳоланади. Бунда давлат органларининг ахборот тизимлари, статистик маълумотлар, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа қонуний манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланилади.

Ҳужжатга мувофиқ, хавф таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжат ёки маълумотлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

Хавф даражаси нодавлат мактабгача, умумий ўрта ва қўшимча таълим хизматлари соҳалари учун белгиланган алоҳида мезонлар асосида аниқланади ҳамда субъектлар юқори, ўрта ва паст хавф тоифаларига ажратилади.

Юқори ва ўрта хавф тоифасига кирувчи субъектларда қонунчиликка мувофиқ профилактика тадбирлари ва текширувлар ташкил этилади. Паст хавф тоифасига мансуб муассасаларда эса текширувлар ўтказилмайди.

Шу билан бирга, электрон тизим орқали аниқланган хавф даражаси тадбиркорлик субъектига нисбатан тўғридан тўғри таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид