Жаҳон | 07:45 / 23.09.2019
7295
2 дақиқада ўқилади

Тарихдаги биринчи туристик компания Thomas Cook банкрот бўлганини эълон қилди 

Фото: REUTERS/Suzanne Plunkett

Дунёнинг энг қадимги туристик компанияси Thomas Cook мажбурий тугатилишини эълон қилди ва британиялик мижозларининг уйга қайтарилишини кутмоқда.

Британиялик сайёҳларнинг қайтарилиши тинч вақтда британияликларнинг хориждан энг йирик эвакуацияси бўлиши мумкин.

Анчадан бери кредитни тўлаш билан муаммоларга эга бўлган британ компанияси 200 млн фунт стерлинглик қарзни ёпиш учун асосий акциядори Fosun Tourism Group ва кредиторлар билан қарзни қайта шакллантириш шартларини муҳокама қилиб келган, бироқ музокаралар муваффақиятсиз якунланди.  

Таъкидланишича, компания шундан кейин мажбурий тугатилишдан бошқа чораси йўқлигига қарор қилган. 

Thomas Cook’нинг йўлланмалари билан ҳозирда хорижда 600 мингга яқин, жумладан 160 минг британиялик қолмоқда. Компания банкротлиги туфайли унинг 22 минг ходими ишсиз қолиши мумкин. Британия ҳукумати компания атрофида юзага келган муаммони ҳал қилиш учун махсус ишчи гуруҳ тузишини ва оқибатларни бартараф этиш учун маблағлар ажратишини маълум қилган. 

Дунёдаги биринчи туристик компания ҳисобланувчи Thomas Cook AG 1841 йилдан бери фаолият юритиб келади. У уюшган туризм ихтирочиси Томас Кук шарафига аталган.

Мавзуга оид