Ўзбекистон | 13:30 / 24.09.2019
26433
2 дақиқада ўқилади

ТИВ Приморье ўлкасида бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди

Фото: vmeste-rf.tv

Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 2020 йилда Приморье ўлкаси ҳудудида патент асосида ишлайдиган чет эллик ишчилардан транспорт соҳасида фойдаланишга тақиқ қўйилади. Тегишли қарор губернатор Олег Кожемяко томонидан 2019 йил 12 сентябрь куни имзоланди.

Ҳужжатга кўра, чет эллик фуқароларнинг шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобуслар, трамвай, троллейбус ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлашлари тақиқланади. Сайёҳлик ва экскурция йўналишлари бўйича фаолият юритадиган ижарага олинган автобус ҳайдовчилари бундан мустасно.

Шу муносабат билан Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россия ҳудудида бўлиб турган ва Приморе ўлкасига боришни режалаштираётган фуқароларга юқорида кўрсатилган тақиқларни ҳисобга олишларини сўраган.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россиянинг Узоқ Шарқ федерал округи (Амур области, Камчатка ўлкаси, Магадан области, Приморье ўлкаси, Саха Республикаси (Ёқутистон), Сахалин области, Яҳудий автоном вилояти, Хабаровск ўлкаси, Чукотка автоном округи) ҳудудидаги Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатнинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатади: +7-423-260-48-00, +7-951-018-70-07.

Мавзуга оид