12:22 / 26.09.2019
0
4676

АҚШ Ўзбекистон билан муносабатларини «тўлақонли ва кенг қамровли» деб баҳолади

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 24 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеяси 74-сессияси доирасида Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллс билан учрашди.

Ўз ишини якунлаган «Марказий Осиё – АҚШ» («C5+1») шаклидаги навбатдаги вазирлар учрашувининг натижалари юзасидан фикр алмашилди. Ушбу учрашув кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини конструктив руҳда муҳокама қилиш имконини берганлиги қайд этилди.

Элис Уэллс икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолатини юқори баҳолар экан, уларни «тўла қонли ва кенг қамровли» дея баҳолади. Дипломат Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида эришилган ютуқларни олқишлади ва ҳозирги ўзгариш динамикаси давом этишига умид билдирди.

Учрашув давомида афғонлараро тинчлик жараёнини илгари суриш масалалари алоҳида муҳокама қилинди, Афғонистонни иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий қайта тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни жипслаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top