Спорт | 19:50 / 26.09.2019
11589
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Кубоги. «Пахтакор» финалга чиқди

Ўзбекистон Кубогида илк финалчи аниқланди. Ўз майдонида «Насаф»ни қабул қилган «Пахтакор» ўйин давомида кичик камбэкни амалга ошириб, финал йўлланмасини қўлга киритди. Аввалига қаршиликлар ҳисобда олдинга чиқиб олишганди, аммо биринчи бўлимнинг ўзида вазиятни ўнглаган «Пахтакор» финал йўлланмасини нақд қилди.

Ўйиннинг 7-дақиқасида «Пахтакор» хавфли ҳужум уюштирди ва тўп жарима майдончасига ҳаволатиб узатилди. Аммо Черан ва Сергеев тўпга ета олишмади. 12-дақиқада «Пахтакор» хавфли жарима зарбаси тепиш имконига эга бўлди. Жалолиддин Машариповнинг жарима майдончасига узатган тўпини эса Абдувоҳид Неъматов ушлаб олди.

13-дақиқага келиб «Насаф» иккита кетма-кет хавфли вазият яратди. Аввалига Дилшод Саидовнинг ўнг қанотдан узатган тўпини Суюнов эгаллаб олган бўлса, кўп ўтмай Бобур Абдухолиқов узоқ масофадан Суюновнинг ҳушёрлигини синаб кўрди, аммо Бобурнинг зарбаси ноаниқ бўлди.

18-дақиқага «Насаф» гол уришга янада яқин келди. Бобур Абдухолиқов чап қанотдан ёриб кирди ва тўпни дарвоза яқинига узатишга уринди, аммо Егор Кримец тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. 20-дақиқада «Насаф» ўйинда ҳисобни очди. Ўнг қанотдан Дилшод Саидов узатган тўпни Бобур Абдухолиқов дарвозага жойлаб қўйди.

33-дақиқага келиб «Пахтакор» ҳисобни тенглаштирди. Одил Ҳамробековнинг узатмасини Драган Черан бош билан дарвозага йўллади. 35-дақиқада «Пахтакор» ҳисобда олдинга чиқиб олиши мумкин эди. Худди Чераннинг голида бўлган вазият такрорланди ва бу гал Сергеев бош билан гол уриши мумкин эди. Аммо Игорнинг зарбасини Неъматов қайтарди. Қайтган тўпни эса Достон Ҳамдамов тепага тепиб юборди.

39-дақиқага келиб «Пахтакор» ҳисобда олдинга чиқиб олди. Чап қанотдан жарима майдончасига кириб борган Жалолиддин Машарипов чап оёқда узоқ бурчакни аниқ нишонга олди. 54-дақиқада мезбонлар фарқни янада оширишлари мумкин эди. Фаррух Сайфиевнинг қанотда узатган тўпини Игорь Сергеев бош билан дарвозага йўллади, аммо Игорнинг зарбаси дарвоза устунига тегди.

58-дақиқада Машарипов ва Собирхўжаев чиройли комбинация уюштириб Сергеевни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга олиб чиқишди. Аммо ҳужумчига халақит беришга улгурган Хуршид Мухторов тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. Шу тариқа «Пахтакор» кетма-кет иккинчи йил кубок финалига йўл олди.

Ўзбекистон Кубоги
Бир ўйиндан иборат ярим финал

«ПАХТАКОР» — «НАСАФ» 2:1
Тошкент. «Пахтакор» стадиони, 12 680 томошабин.
Голлар: Игорь Сергеев (32), Жалолиддин Машарипов (39) — Бобур Абдухолиқов (20).
«Пахтакор»: Элдор Суюнов, Ҳожиакбар Алижонов, Марко Симич, Егор Кримец, Фаррух Сайфиев, Одил Ҳамробеков, Сардор Собирхўжаев, Достон Ҳамдамов (Ҳусниддин Ғофуров, 88), Драган Черан (Владимир Козак, 73), Жалолиддин Машарипов, Игорь Сергеев (Марат Бикмаев, 90+2).
«Насаф»: Абдувоҳид Неъматов, Ғолиб Ғайбуллаев, Хуршид Мухторов (Ойбек Бозоров, 64), Умар Эшмуродов, Азиз Ғаниев, Дилшод Саидов, Шароф Муҳиддинов, Дониёр Нарзуллаев (Шерзод Насруллаев, 70), Сардор Абдураиҳмов, Ҳумоюн Муртазоев, Бобур Абдухолиқов.

Мавзуга оид