Иқтисодиёт | 17:11 / 26.09.2019
34206
4 дақиқада ўқилади

Солиқ сиёсати бўйича президент фармони: энг муҳим уч жиҳат

Фото: Shutterstock

 Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди.

 ДСҚ матбуот хизматининг ёзишича, биринчидан, фармоннинг асосий мақсади – иқтисодиётда солиқ юкини камайтириш ва солиқ режимларини бирхиллаштириш ҳисобига тенг рақобат шароитини яратишга қаратилган.

 Жумладан, 2000 йилдан буён республикамизда қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиз миқдорида амал қилиб, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида энг юқориларидан бири эди.

 Европа иттифоқи давлатларида эса, қўшилган қиймат солиғи ҳанузгача баланд бўлиб, Венгрияда 27 фоизни, Данияда 25 фоизни, Буюк Британияда 20 фоизни, Францияда 20 фоизни ва Россия Федерациясида 20 фоизни ташкил этади.

 Фармон билан республикада қўшилган қиймат солиғи ставкаси 2019 йил 1 октябрдан бошлаб, 20 фоиздан 15 фоиз қилиб белгиланди, яъни 25 фоизга пасайтирилди.

 Қўшилган қиймат солиғининг давлат бюджети даромадларидаги улуши 30 фоиздан ортиқ. Шу инобатга олинадиган бўлса, бу жуда кескин қадам эканлиги англашилади.

 Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бюджетга қўшилган қиймат солиғи тушумлари албатта камаяди.

 Лекин, иқтисодий назариядан келиб чиқилса, бизнес субъектлари енгилликларни ижобий қабул қилиб, шаффоф ва очиқ фаолият юритишга ўтади. Бу эса, энг муҳим мақсад.

Иккинчидан, фармон билан тадбиркорлик субъектларини тўлақонли фаолият кўрсатишлари учун қийинчиликларга сабаб бўлган, солиқ органлари томонидан банк операцияларини тўхтатиб қўйиш бўйича амалдаги тартиб бекор қилинди.

 Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 18,6 мингта ишлаб турган тадбиркорлик субъектларининг банк операциялари тўхтатилган бўлиб, бу ўз навбатида, уларга ишлаб чиқаришда зарур хомашё сотиб олиш ёки муҳим технологик дастгоҳ учун пул ўтказиш, иш ҳақини тўлаб бериш имкониятини чеклаб қўяётган эди.

Эндиликда, илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг тижорат банкларидаги ҳисоб рақамларини “хавфни таҳлил қилиш” (риск-анализ) ва огоҳлантирувчи чора-тадбирларни қўллаган ҳолда,

30 кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш тартибини ишлаб чиқиш ва бу меъёрларни янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасига киритилади.

 Учинчидан, иш ҳақи жамғармасига солиқ солишдаги фарқлашларга барҳам берилди.

 Жумладан, 2020 йилдан бюджет ва айрим даражадаги солиқ тўловчилардан ташқари, барча субъектлар учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 12 фоизга туширилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 4609 та бундай корхоналарда меҳнат қилаётган 664871 та фуқароларнинг иш ҳақи жамғармасидан келгуси йили ўрта ҳисобда 3 триллион сўмни тежаб қолган ҳолда, ишловчиларнинг реал даромадларини оширишга йўналтириш имконияти юзага келади.

Президентнинг ушбу фармони тадбиркорлик субъектлари учун янада енгилликлар яратиб, мамлакатимизда бизнес жараёнларининг жадаллашуви, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва аҳолининг даромадларини ошишида муҳим омил бўлади.

Тадбиркорлик субъектлари учун тўлақонли равишда тенг рақобат шароитини яратиш учун кейинги қадам, яқин кунларда қўшилган қиймат солиғи бўйича мавжуд имтиёзларни бекор қилиниши кутилмоқда.

Шу муносабат билан, солиқ органлари томонидан солиққа тортиладиган базани кенгайтириш учун замонавий IT-технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда, кўпроқ маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва самарали (ақлли) солиқ йиғишга ўтиш талаб этилади.

Мавзуга оид