23:02 / 02.10.2019
1
74914

Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони рейтинги эълон қилинди 

Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони рейтинги - The Muslim 500 30 сентябрда Уммоннинг Султонлик Исломий cтратегик тадқиқотлар маркази томонидан ўнинчи маротаба эълон қилинди

Унга дунё мусулмонларига сиёсий, мафкуравий, маданий ёки бошқа таъсир кўрсатган шахслар киритилади. 

Рейтингда келтирилган маълумотларга кўра, ҳозирда дунёда 1,9 млрд мусулмон бор бўлиб, бу бутун дунё аҳлининг чорагини ташкил қилади. 

Рейтингда БАА, Туркия, Қатар, Покистон, Индонезия, Саудия Арабистони, Миср, Кувайт ва бошқа анъанавий мусулмон давлатлар вакиллари кўпчиликни ташкил қилган. Бироқ унга Европа, Жанубий ва Шимолий Америкадан дин ва жамоат арбоблари, сиёсатчилар, журналистлар, спортчилар, олимлар, саховатпешалар ҳам киритилган. 

Рейтингнинг биринчи ўрнини ислом ҳуқуқшунослиги (фикҳ), иқтисодиёти, ҳадис ва тасаввуф илми соҳасидаги мутахассис, 60 дан кўпроқ китоб ва илмий мақолалар муаллифи 76 ёшли Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний эгаллаган. 2-ўринни Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Сайид Али Ҳоманаий, 3-ўринни Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси, БАА қуролли кучлари олий бош қўмондони ўринбосари Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён эгаллаган.

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний

Етакчи ўнталикдан, шунингдек, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Иордания подшоҳи Абдуллоҳ II, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Марокаш подшоҳи Муҳаммад VI, Ироқ вакили Оятуллоҳ Сайид Али Ҳусайн Систаний, Яман вакили Шайх ал-Ҳабиб Умар бин Ҳофиз, Уммон султони Султон Қобус бин Саид Ол Саид ўрин олган.  

Марказий Осиё вакилларидан рейтингга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Тожикистон уламолари кенгаши раҳбари Сайидмукаррам Абдулқодирзода ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов киритилган.

Бундан ташқари, рейтингга Покистон бош вазири Имрон Хон, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров, доғистонлик яккакурашчи Хабиб Нурмагомедов, мисрлик футболчи Муҳаммад Салоҳ ҳам киритилган.

Эслатиб ўтамиз, рейтингнинг энг юқори поғонасини эгаллаган Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний жорий йилнинг апрелида Ўзбекистонга ташриф билан келганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top