Ўзбекистон | 11:44 / 02.10.2019
43992
2 дақиқада ўқилади

Валентина Матвиенко Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи ҳақида маълумот берди

Россия Федерацияси кенгаши Федерал Мажлиси Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Бугун, 2 октябрь куни мартабали меҳмон Олий мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашди.

Расмий ташриф Мустақиллик ва эзгулик монументига гул қўйиш билан бошланди. Шундан сўнг, томонлар ўртасида музокаралар бошланди. Унда ўтган вақт мобайнида икки томонлама парламент мулоқоти фаоллашгани ва янги босқичга кўтарилгани қайд этилди.

Учрашув давомида Танзила Норбоева жорий йил 22 декабрида ўтказиладиган парламент сайловлари ҳақида Федерация кенгаши ва МДҲ Парламентлараро ассамблеяси вакилларига маълум қилди.

Шунингдек, икки ўртадаги ҳамкорликни ривожлантириш учун ўзаро имкониятлардан фойдаланиш таклиф этилди. Валентина Матвиенко Танзила Норбаеванинг ўқитувчилик фаолияти билан шуғуллангани ҳақида эслатиб, устоз ва мураббийлар куни билан табриклади.

Учрашув якунланганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Россия Федерацияси Федерал Мажлиси таҳлилий ҳуқуқий бошқармаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Сенатдаги учрашув сўнггида Танзила Норбоева ва Валентина Матвиенко оммавий ахборот воситалари билан учрашди.

«Ўтган йили Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ташрифи давомида биринчи марта форум ўтказилганди. Биз кейинги йил февраль ойидаги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи учун жиддий тайёргарлик кўрмоқдамиз. Мазкур ташриф давомида иккинчи форум ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, ташриф давомида биринчи гуманитар форум ўтказилади».  – дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Мавзуга оид