Жамият | 21:10 / 08.10.2019
44717
14 дақиқада ўқилади

«Buyuk Kelajak» эксперти: Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳақида 5 афсона

«Buyuk Kelajak» эксперт кенгаши аъзоси Баҳром Исмоилов «Евросиё Иқтисодий Иттифоқи ҳақида 5 афсона» сарлавҳали мақоласини тақдим этди.

Россия Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенконинг Ўзбекистонга ташрифидан сўнг экспертлар ҳамжамияти ўртасида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига кириш эҳтимоли борасида кенг мунозаралар бошланди.

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга ЕОИИга аъзо бўлишда босим ўтказилиши мумкинлиги, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ҳам Ўзбекистон иттифоққа қўшилишдан фойда кўрмаслиги ҳақида изоҳлар пайдо бўлди.

Шу билан бирга, иттифоққа қиришга қарши чиққан экспертларнинг аксарияти ЕОИИ нима эканлигини ва унга кириш Ўзбекистонга нима беришини тўлиқ тушунишмайди. ЕОИИга йўл миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга ва фуқароларнинг, шу жумладан мамлакат ташқарисида меҳнат қилаётганларнинг фаровонлигини оширишга олиб келадими ёки иқтисодий ва сиёсий қулликками? Келинг, ЕОИИ ҳақидаги асосий афсоналарни таҳлил қилайлик.

Фото: Баҳром Исмоилов

1-афсона. ЕОИИда ҳамма нарсани Москва бошқаради

ЕОИИ - минтақавий иқтисодий интеграция халқаро ташкилоти бўлиб, унга Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия Федерацияси киради.

ЕОИИнинг бошқарув органи Евросиё иқтисодий иттифоқининг давлат раҳбарларидан ташкил топган Олий Евросиё иқтисодий кенгаши ҳисобланади. Барча қарорлар овоз бериш орқали, консенсус асосида қабул қилинади. Қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши барча иштирокчи давлатлар учун мажбурийдир. Асосий тартибга солувчи орган - аъзо мамлакатларнинг ваколатли вакилларидан ташкил топган Евросиё иқтисодий комиссияси. Евросиё иқтисодий комиссиясининг асосий вазифаси Евросиё иқтисодий иттифоқининг фаолияти ва ривожланиши учун шарт-шароитларни таъминлашдан иборат. Евросиё ҳукуматлараро кенгаши ЕОИИ давлатларининг миллий ҳукуматлар даражасида ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.

EОИИга аъзо давлатлар ўртасида юзага келадиган барча низолар Минск шаҳрида жойлашган Евросиё иқтисодий иттифоқи судида ҳал қилинади.

Ҳар йили аъзо давлатлардан бири иттифоққа раислик қилади. Айни пайтда Арманистон 2019 йил 31 декабргача раҳбарлик қилмоқда. 2020 йилда раислик Беларусга ўтади.

Хулоса: ЕОИИга аъзо бўлиш Ўзбекистондан мустақилликдан воз кечишни талаб қилмайди. ЕОИИда консенсус асосида қарор қабул қиладиган миллий органлар тузилмаси шакллантирилган.

Ўзбекистон уюшманинг тўлақонли ва тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ЕОИИнинг амалдаги қонунлари асосида иттифоққа аъзо бошқа давлатлар билан бир қаторда ўз ташаббусларини амалга ошириши ва бутун иқтисодий иттифоқнинг келажагига таъсир кўрсатиши мумкин.

2-афсона. Интеграция Ўзбекистон манфаатларини ҳисобга олмасдан амалга оширилади

Арманистон ва Қирғизистоннинг интеграцион тажрибаси шуни кўрсатадики, ЕОИИга аъзо давлатнинг чекловлар, қўшимча талаблар ва махсус шартларни қўллаш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда молиявий бозорлар, табиий монополиялар, энергия, ресурслардан фойдаланиш ва транспорт каби соҳаларни тартибга солиш мумкин.

Масалан, Қирғизистон 2020 йил 1 январгача автомобилларни олиб кириш учун алоҳида ставка тўғрисида келишиб олди ҳамда 5 йил давомида саноатда қайта ишлаш учун йилига 100 минг тоннадан кўп бўлмаган миқдорда шакар хом ашёсини божсиз олиб кириш ҳуқуқига эга бўлди.  олди. Ўз навбатида, Қозоғистон ЖСТга киргандан кейин ЖСТ шартлари доирасида мамлакатга келадиган товарларни олиб ўтиш тартиби тўғрисида келишиб олди.

Хулоса: ЕОИИга интеграциялашув - бу бир неча йиллар давом этадиган мураккаб процедура бўлиб, унинг мақсади интеграциянинг барча иштирокчилари учун энг қулай шарт-шароитларни белгилашдир. Музокаралар ва келишувлар жараёни, йўл хариталарини ишлаб чиқиш ва қонун ҳужжатларини уйғунлаштириш - бу давлатлараро тузилмалар ва экспертлар ҳамжамияти иштирокидаги узоқ муддатли мураккаб жараён бўлиб, унинг доирасида ваколатли тузилмалар Ўзбекистоннинг миллий устуворликлари тушунчасини белгилайдилар.

3-афсона. ЕОИИга қўшилиш Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларига салбий таъсир қилади

Статистика бошқача трендларни кўрсатмоқда. ЖСТ маълумотларига кўра, Қозоғистон 2011-2015 йилларда Россияга маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмини оширди:

поайбзал - 6 фоизга, пластмасса ва ундан тайёрланган буюмлар - 11 фоизга, сут маҳсулотлари, парранда тухумлари, табиий асал, озиқ-овқат маҳсулотлари - 107 фоизга; гўшт ва гўштдан тайёрланган маҳсулотлар – 136 фоизга, алкоголли ва алкоголсиз ичимликлар ва сирка – 48 фоизга ошди.

Агар 2015 йил кўрсаткичлари ҳақида гапирадиган бўлсак, қозоғистонлик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилари маҳсулотнинг 40 фоизини Россияга етказиб бердилар. 18 турдаги маҳсулотларни етказиб бериш ҳажми 20-40 бараварга ошди. Масалан, 2015 йилдан бошлаб Қирғизистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) бутун Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги ЯИМ ўсиши суръатидан ошиб кетди.

Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлишнинг биринчи йилида Қирғизистон тўқимачилик маҳсулотларининг ЕОИИ давлатларига экспорти 38 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 26 фоизга, умумий юк айланмаси эса 2,8 бараварга ошди. 2016-2018 йиллар давомида ушбу тенденция сақланиб қолди. Ўз навбатида, 2016 йилда Арманистоннинг ЕОИИ давлатларига экспорти 53 фоизга ўсди.

Хулоса: Ўзбекистондаги самарали товар ва хизматлар ишлаб чиқарувчилари ЕОИИ мамлакатлари бозорларига муваффақиятли кириш учун барча имкониятларга эга. ЕОИИ мамлакатлари товар ва хизматлар ишлаб чиқарувчилари ҳам Ўзбекистонда шундай имкониятга эга бўлади.

Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши Ўзбекистон иқтисодиётининг айрим соҳаларига қандай ўзгаришлар олиб келишининг қисқача прогнози мана шу.

4-афсона. ЕОИИга қўшилиш Ўзбекистон учун иқтисодий жиҳатдан манфаатли эмас

Қуйида агар ЕОИИга қўшилса, Ўзбекистон иқтисодиётининг айрим соҳаларида бўладиган ўзгаришларнинг қисқача прогнози келтирилган.

1. Энергетика. Энергия ресурслари (электр энергияси, газ, нефть ва нефть маҳсулотлари) учун умумий бозорларнинг шаклланиши унинг иштирокчилари учун манфаатлар келтиради, жумладан, нархларни барқарорлаштириш ва энергия таъминотининг ишончлилигини ошириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва синергетик эффект туфайли ЕОИИ мамлакатлари ЯИМнинг умумий ўсишига олиб келади. ЕОИИ газ, нефть ва нефть маҳсулотларининг умумий бозорларини шакллантириш 2025 йил 1 январдан кечиктирмасдан якунланиши лозим.

2. Тиббиёт. Ўзбекистон учун дори воситаларининг умумий бозорини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик истиқболли ҳисобланади. ЭИК ҳисоб-китобларига кўра, ЕОИИ доирасида маҳаллий ишлаб чиқаришнинг ўсиши боис учинчи мамлакатлардан дори импорт қилиш 30 фоиздан ортиқроққа камайиши кутилмоқда. Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган тиббий маҳсулотлар сифатига талаблар ўзгаради. Дори ишлаб чиқарувчилар сифат ва хавфсизликнинг барқарор кўрсаткичлари билан бозорга маҳсулот чиқарилишини кафолатлайдиган сифат менежменти тизими жорий этилиши ва қўллаб-қувватланишини таъминлаши керак бўлади.

3. Товарлар ва хизматлар. ЕОИИ "тўрт эркинлик"нинг амалга оширилишини жорий этади: товарлар, хизматлар, капитал ва иш кучининг эркин ҳаракати. ЕОИИга қўшилиш, шубҳасиз, Ўзбекистон ички бозоридаги рақобатни кучайтиради, маҳсулот сифати ошишига, бир қатор маҳсулотлар нархининг пасайишига олиб келади ва монополистларнинг мавқеини мураккаблаштиради. Ўз навбатида, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ЕОИИнинг 180 миллион кишилик бозорига кириш имкониятига эга бўладилар. Ўзбекистонда хизматлар соҳасининг улуши ЯИМнинг 47 фоизини ташкил қилади. Тўғри ёндашилса, Ўзбекистон хизматларни ЕОИИ мамлакатларига самарали экспорт қилиши мумкин.

4. Ўзбекистоннинг юқори технологияли хизматларга ихтисослашган компаниялари ва мутахассислари учун бу сезиларли имкониятларни очиб беради. ЕОИИда 2025 йилгача хизмат кўрсатувчиларни бошқа давлат ҳудудида юридик шахсни рўйхатдан ўтказишдан озод қилиш режалаштирилмоқда. Бу аввало, Ўзбекистон ИТ-компанияларига ўз хизматлари учун янги бозорларни қамраб олиш имкониятини беради.

5. Шунингдек, уюшманинг 2025 йилга келиб шаклланадиган молиявий хизматлар умумий бозоридан умидлар катта. Бунда энг муҳим тамойиллардан бири ЕОИИ сармоядорларининг ЕОИИга аъзо давлатлар молиявий бозорларига киришини, молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатлангаш ва самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўлади. Гап банк ва суғурта соҳаларида, шунингдек қимматли қоғозлар бозорида хизмат кўрсатиш соҳаларида лицензияларни ўзаро тан олиш тўғрисида кетмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон фермерлари, ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари ЕОИИнинг ўша 180 миллионлик бозорига кириш имкониятига эга бўлишади, Ўзбекистон Хитой, Эрон, Вьетнам, Куба каби давлатлар билан, яқин келажакда Миср, Сингапур, Ҳиндистон, Сербия, Исроил ва Таиланд билан ЕОИИнинг эркин савдо тўғрисидаги халқаро шартномалари имтиёзларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчилар ЕОИИ ҳудудида божхона ва санитария-карантин назорати ҳақида унутишади.

Иқтисодиётнинг муҳим, хусусан, экспортни ривожлантиришга йўналтирилган соҳаларида агар илгари товарлар божхона чегарасидан ўтганида ҚҚС божхона хизматлари томонидан олинган бўлса, Ўзбекистон иттифоққа кириши билан ҚҚС ва ЕОИИга аъзо давлатлар ҳудудидан олиб кириладиган товарларга акциз солиғи олиниши солиқ органлари томонидан амалга оширилади.

Шу билан бирга, ҚҚСни тўлашда бизнесга 50 календарь кунлик кечикиш (солиқ кредити) тақдим этилган.

6. Нормативлар. Ўзбекистон ЕОИИнинг темир йўл хавфсизлигидан тортиб сут ва сут маҳсулотлари хавфсизлиги масалаларигача ўз ичига олган илғор техник регламентларига ўтиш орқали ўзининг норматив-техник базасини сезиларли даражада модернизация қилиши мумкин. Бошқариш сифати ва республиканинг ташқи иқтисодий фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг шаффофлиги ошади, бу эса турли халқаро рейтингларда ўз аксини топади.

Интеграция жараёнида Ўзбекистон энг яхши халқаро тажрибага асосланган замонавий миллий қонунчиликка эга бўлади. 

7. Транспорт ва логистика. Хитойнинг "Бир камар, бир йўл" ташаббусини инобатга олган ҳолда ЕОИИнинг имкониятлари ушбу минтақада энг катта интеграциявий салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятидан максимал даражада фойдаланишга имкон беради.

Ўзбекистон маҳсулотлари ЕОИИнинг барча транспорт йўлакларига кириш ҳуқуқига эга бўлади, Ўзбекистон ва ЕИ (Eвропа Иттифоқи) ўртасида эса фақат битта - Беларусь-Польша божхона чегараси қолади. Ўзбекистон ЕОИИга қўшилган тақдирда, ЕОИИнинг Хитой молиялаштиришига даъвогарлик қилаётган транспорт соҳасидаги қўшма лойиҳаларида иштирок этиши мумкин бўлади.

Улар Хитой, Евросиё иқтисодий иттифоқи ва Европа Иттифоқи ўртасида ва Евросиёнинг асосий транспорт йўлакларини тўлдирувчи йўллар бўйлаб Ғарбий Европа - Ғарбий Хитой, Шимол - Жануб, Шарқ - Ғарб ва Шимолий денгиз логистикасини ўрнатиши лозим.

Ўзбекистон шунингдек, ЕОИИ доирасида транспорт харажатлари камайиши, иттифоқнинг барча давлатлари транзит имкониятларини бирлаштириш, транспорт процедуралари бюрократизациядан халос бўлиш, логистика базасини ривожлантириш, Россия қувурлари ва Болтиқбўйи портларига тенг ҳуқуқда кириш имкониятига эга бўлади.

8. Меҳнат миграцияси. Бугунги кунда Ўзбекистонда миграция 4 миллиондан ортиқ кишига таъсир қилади ва яқин келажакда муҳим иқтисодий ва ижтимоий омил бўлиб қолади. Агар Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлса, унинг фуқаролари иттифоқнинг бошқа мамлакатларида ишлаш учун рухсатнома расмийлаштиришига ҳожат қолмайди.

Меҳнат муҳожирлари биргина Россияда патент расмийлаштириш ва янгилаш учун ҳар йили 2 миллиард долларгача маблағ сарфлашади. Бу маблағ ҳар йили Ўзбекистон иқтисодиётини тўлдиради. ЕОИИ билан интеграциялашиш ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига, шунингдек уларнинг оила аъзоларига ижтимоий таъминотни (ижтимоий суғурта) олиш имконини беради, бу давлатнинг иш билан таъминланган фуқаролари билан бир хил шарт ва тартибда амалга оширилади. ЕОИИ давлатлари ишчиларининг болалари давлат меҳнат қонунчилигига мувофиқ мактабгача таълим муассасаларга бориш ва таълим олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Келажакда ўзбекистонлик ишчилар ЕОИИнинг Арктика ва Узоқ Шарқни ривожлантиришдан тортиб Каспий денгизидан Қора денгизгача кема каналини қуришгача бўлган энг йирик лойиҳаларида иштирок этишлари мумкин бўлади.

5-афсона: ЕОИИга кириш Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ва АҚШ билан муносабатларини бузади

Eвропа Иттифоқи ЕОИИнинг асосий савдо ҳамкори бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Евросиё иқтисодий комиссиясининг маълумотларига кўра, 2016 йилда Россия, Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон ва Арманистондан Европага экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг улуши хорижга умумий етказиб бериш ҳажмининг 50,3 фоизини ташкил этди. Худди шу даврда Европадан олиб келинган маҳсулотлар улуши 40,8 фоиз бўлди.

Бундан ташқари, Беларуснинг ЕОИИга аъзолиги ЕИ ва АҚШ билан визасиз режим жорий этишига тўсқинлик қилмади. Ўз навбатида, Қозоғистон АҚШ билан кенгайтирилган стратегик шериклик муносабатларини ривожлантирмоқда.

Сўнгги уч йил ичида АҚШнинг Қозоғистондаги биргина тоғ-кон саноатига тўғридан-тўғри инвестициялари уч бараварга ошиб, 5 миллиард доллардан ортиқроқни ташкил этди.

Мамлакатда Американинг Chevron Corporation, General Electric, Halliburton, NalcoChampion, Weatherford, Flowserve каби корпорациялари фаолият кўрсатмоқда.

Хулоса: Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши унинг ЕИ ва ва АҚШ билан икки томонлама муносабатларига путур етказадиган қандайдир иқтисодий ёки сиёсий ҳаракатларни англатмайди. Аксинча, 32 миллион кишилик Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши ЕОИИнинг Марказий осиёлик иштирокчилари блокини кучайтириб, иттифоқ ичидаги "кучлар мувозанати"га ижобий таъсир кўрсатади. Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши иқтисодий кўрсаткичларни яхшилайди, миллий қонунчиликни уйғунлаштиради, бизнес ва хизматлар экспорти учун янги имкониятларни очади, бу эса Ўзбекистонга, шу жумладан ЕИ ва АҚШдан қўшимча инвестицияларни жалб қилади.

Баҳром Исмоилов 1983 йил Тошкент шаҳрида туғилган, 2005 йил Ўзбекистон Миллий Университетини «Ҳуқуқшунослик» мутахассислиги бўйича тамомлаган, 2010 йилда Россия ТИВнинг МГИМО олийгоҳида «ЕИнинг иммиграцион сиёсати, Россия ва ЕИИ чегараларини қўриқлаш» дастури бўйича малака ошириш курсини ўтган, 2012 йилда РФ Ҳукумати қошидаги Молия Академиясини Кризисларга қарши бошқариш мутахассислиги бўйича тугатган.

У «BUYUK KELAJAK» ХННТ таъсисчиси. РФ Давлат Думасининг Хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш бўйича қўмитанинг экспертлар кенгашининг аъзоси, Россия Федерациясининг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва махсус хизматлари ходимларининг уюшмаси директорининг ижтимоий-ҳуқуқий масалалар бўйича ўринбосари ҳисобланади.

2012 йилдан бери Россия Федерациясининг Иқтисодий ривожланиш Вазирлиги қошида иқтисодий ночорлик (банкротлик) ва молиявий соғломлаштириш ишлари бўйича арбитраж бошқарувчиси бўлиб ишлайди.

Мавзуга оид