Жамият | 20:09 / 11.10.2019
18619
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги учта боғчада болалар овқатдан оммавий заҳарланди

11 октябрь куни Самарқанд шаҳридаги 80, 98 ва 106-сонли мактабгача таълим муассасаларнинг 12 нафар тарбияланувчиси овқатдан заҳарланиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов телеграмдаги каналида Самарқандаги мактабгача таълим муассасаларида оммавий заҳарланиш ҳолатлари қайд этилгани юзасидан маълумот берди.

«Самарқанд шаҳар ДСЭНМнинг 2019 йил 11 октябрь куни соат 14:00даги хабарига кўра, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 2019 йил 11 октябрь куни соат 10:00да шаҳардаги 80, 98 ҳамда 106-сонли мактабгача таълим муассасаларнинг 12 нафар тарбияланувчилари «Овқатдан заҳарланиш токсикоинфекцияси енгил-ўрта даражаси» ташхиси билан ётқизилган.

Аниқланишича, тарбияланувчилар қайд этилган мактабгача таълим муассасаларида ош, карам шўрва, макарон, салат каби аралаш овқатларни истеъмол қилганликлари натижасида соғлиқлари ёмонлашиб шифохонага мурожаат қилишган.

Шаҳардаги 80, 98 ва 106-мактабгача таълим муассасаларига «E.М» корхонаси томонидан аутсорсинг хизмат кўрсатилиб келинган.

Мазкур заҳарланиш ҳолати юзасидан вилоят ДСЭНМ томонидан 80, 98 ва 106-МТМ фаолиятлари вақтинча тўхтатилган.

Ҳозирда беморлар аҳволи қониқарли бўлиб даволаш муолажалари давом эттирилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан 11.10.2019 йил куни ЖКнинг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши шаҳар ИИО ФМБ хузуридаги Тергов бўлимига юборилди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Маълумот учун, Самарқанд вилоятининг ўзида сўнгги бир ой давомида камида икки марта овқатдан заҳарланиш ҳолати кузатилди: 14 сентябрь куни бўлиб ўтган тўйдан сўнг 10 дан ортиқ одам шифохонага мурожаат қилган, 6 октябрь куни эса Самарқанд шаҳридаги хот-дог шохобчаларидан бирида овқатланган камида 24 киши эртаси куни касалхонага ётқизилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид