Ўзбекистон | 14:30 / 13.10.2019
35406
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилояти пахта топшириш режасини бажарди, Андижон вилояти маррага яқинлашмоқда

Фарғоналик пахтакорлар мамлакатда биринчи бўлиб, жорий йилги пахта топшириш шартномавий режани бажарди. Вилоятда 12 октябрь ҳолатига кўра 238 минг 600 тоннадан ортиқ пахта хирмони бунёд этилди.

Қайд этилишича, Фарғона вилоятининг Ёзёвон, Қўштепа ва Риштон туманлари 15 иш кунида давлатга пахта сотиш шартномавий режасини республикада биринчи бўлиб бажарганди. Шунингдек, Тошлоқ, Фурқат, Учкўприк, Бувайда туманлари ҳам пахта хирмонига муносиб ҳисса қўшишди. Бугун, 13 октябрь ҳолатига кўра давлатга топширилган пахта миқдори 239 минг тоннадан ортиб кетган.

Фарғоналиклар мавсум якунига қадар ҳосилдорликни 34-35 центнерга етказишни режалаштирган.

Айни вақтда водийнинг яна бир вилояти - Андижон вилояти шартномавий режани бажариш борасида иккинчи ўринда кетмоқда - андижонлик пахтакорлар шу вақтгача давлатга 227 минг 102 тонна пахта топширишган (94,31 фоиз). Учинчи ўринда эса Қорақалпоғистон Республикаси пахтакорлари жойлашган - 159 минг 9 тонна (86,32 фоиз).

Ўз навбатида Жиззах (66 минг 80 тонна, 31,68 фоиз), Самарқанд (60 минг 256 тонна, 29,39 фоиз) ва Навоий вилоятлари (21 минг 838 тонна, 23,08 фоиз) сўнгги ўринларда бормоқда.

Республика бўйича бу мавсумда 2 миллион 958 минг тонна пахта ҳосили териб олиш режалаштирилган.

Мавзуга оид