Жаҳон | 23:08 / 14.10.2019
8402
2 дақиқада ўқилади

Каталониялик сиёсатчиларга мустақиллик бўйича референдум учун 100 йиллик қамоқ жазоси берилди

Фото: EPA/UPG

Испания олий суди 14 октябрда 2017 йил 1 октябрда Каталония мухторияти мустақиллиги бўйича ноқонуний референдум ўтказишга алоқадор бўлган каталониялик сиёсатчиларга жазо ҳукми чиқарди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди. 

Ушбу иш бўйича судланган 12 кишидан бир қисми исён кўтаришга ундаш ва давлат пулини харжлаб юбориш бўйича айбдор деб топилган. Жумладан, мухторият ҳукумати раҳбарининг собиқ ўринбосари Ориол Жункерас 13 йиллик қамоқ жазоси олди.

Шунингдек, Каталония миллий ассамблеясининг собиқ етакчиси Жорди Санчес ва “Омниум културал” ташкилоти раиси Жорди Куишарт 9 йилга озодликдан маҳрум этилган. Мухторият парламентининг собиқ спикери Карме Форкадель 11 йил 6 ойлик қамоқ жазосига тортилган. Бундан ташқари, судланганларга турли давр давомида давлат лавозимларини эгаллаш тақиқланган. 

Ўз навбатида, мухторият ҳукуматининг собиқ раҳбари Карлес Пучдемон ҳукмни даҳшат деб атаган.

“Умумий ҳисобда 100 йиллик қамоқ жазоси. Қандай даҳшат”, деб ёзган Пучдемон твиттерда. “Ўғилларимиз ва қизларимизнинг келажаги учун бунга муносабат билдириш керак. Демократия учун, Европа учун. Каталония учун”, деб қўшимча қилган Пучдемон.

Бу орада Каталонияда норозилик намойишлари бошланиб кетди. Мухторият мустақиллиги тарафдорлари Барселона, Таррагона, Жирона ва бошқа шаҳарлар кўчаларига чиқишган. 

Тартибсизликлар сабабли Испания ички ишлар вазирлиги мухториятда ҳуқуқ-тартибот ходимлари сонини кўпайтирган.  

 

Мавзуга оид