Ўзбекистон | 19:47 / 31.08.2024
12428
4 дақиқада ўқилади

“Биз энди 37 миллионлик катта халқмиз” — президент

Шавкат Мирзиёев мустақил бўлганига 33 йил тўлган Ўзбекистон аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 та давлатдан бири эканини айтиб, бу рақамни ислоҳотлар ва меҳнат орқали катта салоҳиятга айлантиришга чақирди. Президент ислоҳотларнинг 5 та устувор йўналишини санаб ўтди. ЖСТга аъзолик ҳаракатлари қатъий давом эттирилиши, эксклюзив ҳуқуқлар босқичма-босқич бекор қилиниши таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллик байрамида сўзлаган нутқида Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий эътибор 5 та устувор йўналишга қаратилаётгани айтди.

Булар: сифатли таълим тизимини йўлга қўйиш; бизнесни ривожлантириш; коррупциядан холи, адолатли суд тизимини яратиш; соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан яхшилаш; экологик барқарорликни таъминлаш.

“Муаммоларимизнинг ечими, саволларимизнинг жавоби фақат ва фақат таълимда. Ҳамма эшикларни очадиган калит ҳам – фақат ва фақат таълим ва тарбиядир. Шу сабабли мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича катта дастур қабул қилдик.

Мактабларимизда аввало она тили ва адабиётини чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарзандларимизга чет тилларидан сифатли таълим бериш мақсадида хорижий тил эгаларини олиб келмоқдамиз. Мактаб ўқувчилари жаҳондаги илғор тажрибалар асосида тайёрланган замонавий дарсликлар билан таъминланмоқда.

Юртимизда дунёдаги нуфузли олийгоҳларнинг филиалларини очиб, Ўзбекистонни йирик таълим марказига айлантиришни мақсад қилганмиз.

Ёшларимиз етакчи хорижий университетларда таҳсил олиб, тажриба орттириб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилишга бел боғлаганлар. Бунинг учун уларга “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали янада қулай имкониятлар яратамиз.

Айниқса, хотин-қизларнинг билим олишлари, касб эгаллашларига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Мен ҳурматли ота-оналарга қарата айтмоқчиман: қизларингизни ўқитинг, орзу-умидларини рўёбга чиқаришларида уларга кўмакчи бўлинг! Улуғларимиз айтганларидек, ўғил болани ўқитсак, бир киши саводли бўлади. Қиз болани ўқитсак, бутун оила, бутун жамият билимли бўлади”, – деди президент.

Давлат раҳбари Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар қатъий давом эттирилиши, алоҳида компанияларга берилган монопол ҳуқуқ ва имтиёзлар босқичма-босқич бекор қилиниб, барчага тенг ҳуқуқлар берилишини таъкидлади.

Жорий йилда энергетика, нефть-газ, сув хўжалиги, йўл қурилиши, темир йўл ва аэропорт хизмати соҳаларида 17 турдаги давлат монополиясини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ишлар давом эттирилиб, мамлакатимиз халқаро савдо маконининг ажралмас қисмига албатта айлантирилиши қайд этилди.

Яна бир долзарб масала – аҳолини муносиб иш ўринлари билан таъминлаш. “Биз бу борада тадбиркорларимизга таянамиз. Шу боис, уларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтирамиз. Замоннинг ўзи тадбиркорларимиздан кенг миқёсда фикрлаб иш юритишни, жаҳон бозорларида рақобатдош маҳсулот яратишни талаб этмоқда. Бу йўлда уларга омад ва ютуқлар тилаймиз”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон аҳолиси жорий йилда 37 миллиондан ошганини эътироф этди.

“Биз энди 37 миллионлик катта халқмиз.

Ўзбекистон ҳозирги кунда аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 та давлатдан бири ҳисобланади.

Бу рақамни ислоҳотларимиз, меҳнатимиз, билим ва қобилиятимиз билан катта салоҳиятга айлантиришимиз керак.

Денгизга чиқиш имкониятимиз чекланганини инобатга олиб, эътиборимизни креатив соҳаларга қаратишимиз, уларни жадал ривожлантиришимиз зарур. Жаҳонда креатив саноат маҳсулотлари экспортидан йилига миллиардлаб доллар даромад топаётган мамлакатлар кўп.

Бинобарин, шундай маҳсулот ишлаб чиқаришга бел боғлаган ижодкор ишбилармонларимизни, айниқса, ёшларимизни ҳар томонлама рағбатлантирамиз”, – деди президент.

Мавзуга оид