Жаҳон | 00:31 / 14.10.2019
40688
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон президентининг 21 ёшли ўғли ҳаётидаги илк лавозимга тайинланди – ОАВ 

Фото: president.tj

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг кенжа ўғли – 21 ёшли Сомон Имомали “Талко Кабель” алюминий компанияси бош директори ўринбосари этиб тайинланди. Сомон меҳнат фаолиятидаги ушбу биринчи лавозимни Тожик миллий университетини битириши биланоқ олди, деб хабар берди “Ахбор” нашри.

Нашр манбаларидан бирининг маълумотларига кўра, Тожикистон президентининг ўғли ушбу лавозимда 3 ойдан бери ишламоқда.  

“Аслида, уни бу ерга амалиёт ўташ ва тажриба орттириш учун юборишган. Ўз вақтида президентнинг тўнғич ўғли Рустам Имомали ўз меҳнат фаолиятини ёшлар ишлари бўйича қўмита ва иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлигида бошлаган. У сўнгра божхона хизмати ва аксилкоррупцион агентликдаги раҳбарлик лавозимларига олинган”, деб айтган манба.

Бошқа манбанинг хабар беришича, Сомон Имомали ҳам иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлигида амалиёт ўтамоқда, бироқ у ерда расман қайд қилинмаган.  

2017 йил 8 мартда Тожикистон президенти матбуот хизмати Сомоннинг бир нечта суратларини илк бор эълон қилган. Суратлардан бирида унинг отаси Имомали Раҳмон ва акаси Рустами Имомали билан биргаликда Душанбеда кўчат ўтқазиш тадбирида иштирок этаётгани тасвирланган бўлган. 

Тожикистон президентининг 7 қизи ва 2 ўғли бор. Улардан аксарияти юқори лавозимларни эгаллайди. Имомали Раҳмоннинг 2-қизи Озода Раҳмон президент аппаратини бошқаради, тўнғич ўғли Рустами Имомали пойтахт Душанбега мэрлик қилади. Раҳмоннинг 4-қизи Руҳшона Раҳмонова ташқи ишлар вазирлигининг бўлимларидан бирида бошлиқ, 6-қизи Зарина Раҳмон республиканинг энг йирик банкларидан бири ҳисобланган “Ориёнбанк”да раҳбар ўринбосари лавозимида ишлайди.

Мавзуга оид