18:09 / 14.10.2019
0
7233

Вазирлик «Попдаги муаммолар коллекцияси» бўйича изоҳ берди

Kun.uz сентябрь ойида «Симёғочни ушласангиз ток уради». Попдаги муаммоларга «кўмилган» қишлоқ» сарлавҳаси остида мақола эълон қилган, унда Наманган вилоятининг Поп тумани Миробод қишлоғидаги аҳоли муаммолари ёритилган эди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигидан маълум қилишларича, мақолада кўрсатилган ҳолатлар юзасидан ишчи гуруҳ тузилган. Иш гуруҳ таркибига Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Б.Нурматов, Поп тумани ҳокимининг ўринбосари Р.Эргашов, Наманган вилоят уй-жой коммунал хизмат курсатиш бошқармаси бўлим бошлиғи У.Атаханов ҳамда туман мутасадди ташкилот раҳбарлари киритилган ва муаммоли масалалар жойида ўрганилган.

Қуйида вазирлик тақдим этган маълумотлар келтириб ўтилади.

Ичимлик суви муаммоси нобяргача ҳал этилади

– Жорий йил «Қишлоқичимликсувтаъминот» МЧЖ томонидан Янгиер МФЙда 5,4 км ичимлик суви тармоғи тортилиб, янги сув насоси ўрнатилган. Ҳозирда маҳалланинг кўчаларида тармоқ тортиш ишлари олиб борилмоқда. Режага асосан, таъмирлаш-тиклаш ишлари якунланганидан сўнг, жорий йилнинг ноябрь ойига қадар Янгиер МФЙда жойлашган Миробод кўчасида яшовчи фуқаролар тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Аҳолига тоза ичимлик сув тармоғини тортиш ишларини бажариш учун  524 млн. 800 минг сўмлик маблағ ажратилган булиб, «Қишлоқичимликсув» МЧЖ томонидан лойиҳалаштирилган, ҳозирги кунда тармоқ тортиш ишлари 70 фоиз бажарилган.

Шунингдек, келгусида қўшимча тармоқ тортиш орқали Янгиобод МФЙ аҳолисини тоза ичимлик сув таьминотини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Фото: Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

Болаларга хоналар етишмайдиган мактаб учун қўшимча ўқув биноси 2022 йилга ваъда қилинди

– 52-сонли мактаб 2006 йилда мукаммал таъмирланган. Мактабнинг қуввати 180 ўринли бўлиб, ҳозирда 301 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда. Мактабда спорт зал мавжуд эмас.

Туман халқ таълими бўлими томонидан мактабга спорт зал ва 120 ўринли қўшимча ўқув биноси қуриш 2022 йилги «Обод қишлоқ» дастури асосида амалга оширилиши режалаштирилган.

Боғча қуриш «йўл харитаси»га киритилган

– Янгиер МФЙ ҳудудида болалар боғчаси мавжуд эмаслиги сабабли МФЙ ҳудудида давлат томонидан болалар боғчаси қуриш ҳақида таклиф берилиб, республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар бўйича тузилган «Йўл харитаси»га киритилиб, вилоят ҳокимлигига юборилган.

Шу билан бирга, туман ҳокимлиги томонидан туман Мактабгача таълим бўлимига Янгиер МФЙда хусусий болалар боғчаси ташкил этиш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берилган.

Ички йўллар 2020 йилда таъмирланади

– «Янгиер» МФЙ Миробод кўчасининг асосий кўчаларининг йўллари айни вақтда яхши (асфальтланган) ҳолатда бўлиб, 2018-2019 йилларда 1423 метр ички кўчаларини шағаллаштириш ишлари олиб борилган.

Мазкур ҳудудда таъмирлаш ишлари олиб борилмаган ички кўчаларда таъмирлаш ишлари 2020 йилда манзилли дастур асосида амалга оширилиши режалаштирилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top