Жаҳон | 22:44 / 15.10.2019
38727
2 дақиқада ўқилади

Россия қўшинлари Суриянинг АҚШ базаси жойлашган Манбиж шаҳрига кирди

Россия ҳарбий полицияси кечагина АҚШ иттифоқдошлари назорат қилган Суриянинг Манбиж ва қўшни ҳудудларида Туркия ва Сурия ҳарбийлари тўқнашув чизиғида патруллик ҳаракатларини бошлади.

Россия мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийлар Манбиж шаҳрига киргани ҳақида хабар берди.

Аввалроқ президент Башар Асадга бўйсунувчи Сурия армияси Манбижни тўлиқ эгаллагани маълум қилинган.

Манбижда америкаликлар иккита ҳарбий базани қолдиришган.

Америкалик ҳарбийларнинг шаҳарни тарк этгани ҳақидаги маълумотни АҚШ коалицияси махсус вакили полковник Майлс Каггинс тасдиқлаган.

“Коалиция кучлари Суриянинг шимоли-шарқини тўлиқ тарк этмоқдалар. Биз Манбиждан кетдик”, деб ёзган Каггинс твиттерда.

Ижтимоий тармоқларда АҚШнинг Манбиждаги базасида эканлигини таъкидлаётган русийзабон фойдаланувчилар видеоси тарқала бошлаган.

13 октябрда Вашингтоннинг Суриянинг Туркия қўшинлари кириб борган ҳудудидан қўшинларини олиб чиқиш қароридан кейин курд отрядлари Асад ҳукумати билан келишувга келгани маълум бўлганди. Россия ўзига қарашли Ҳмаймим базасида олиб борилган музокараларга воситачилик қилган. 

«Тинчлик булоғи» амалиёти

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 9 октябрь куни Сурия шимолида Курдистон ишчилар партияси ва ИШИД жангариларига қарши ҳарбий амалиёт бошланганини эълон қилди.

Туркияликлар етакчиси бу амалиётнинг асосий уч мақсадини келтирган: жанубий чегараларни террорчилардан тозалаш, Сурия ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш ва шу вақтгача Туркия ҳудудида яшаб келаётган суриялик қочқинларни жойлаштириш учун «хавфсиз ҳудуд» барпо этиш.

Шу кунларда Вашингтон Суриядан ўз ҳарбийларини олиб кетиши ҳақида эълон қилгач, Туркия авиацияси Суриянинг чегара ҳудудидаги Рас-ал-Айн ва бошқа шаҳарларига ҳаво зарбалари беришни бошлади. Сўнгги маълумотларга кўра, туркиялик ҳарбийлар томонидан ўлдирилган курд ҳарбийлари сони 500 нафарга яқинни ташкил қилмоқда.

Сурия ҳукумати расмий Анқарани Сурия шимолида амалиёт бошлагани учун қораламоқда. Халқаро ҳамжамият Туркиядан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб этмоқда.

Мавзуга оид