14:55 / 15.10.2019
2
7568

Тиббиёт ходимларининг хавфсизлигини ошириш таклиф этилмоқда

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида тиббиёт ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳақида петиция эълон қилинди. 

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда тиббиёт ходимларига бўлган тажовузкорона ҳаракатлар тобора кўпайиб бормоқда. Тез тиббий ёрдам ҳамширалари чақириққа борганда уйда зўравонлик билан ушлаб қолинмоқда, шифокорлар ҳақорат қилинмоқда, уларга иш жойида ва чақириқлар вақтида турли хил тан жароҳатлари етказилмоқда. 

“Бунинг натижасида, тиббиёт ходимлари ўз иш жойида ишлашдан қўрқиб қолишмоқда, чақириққа бориш эса ҳар сафар уларнинг жонини хатарга қўйиш билан баробар бўлиб қолмоқда. Шунингдек, беморларга госпитализация (касалхонага ётқизиш) талаб қилинганда ҳам оила аъзоларининг қаршилиги туфайли бу иш амалга оширилмайди ва кейинчалик, агар беморнинг аҳволи оғирлашса, бунга шифокор айбдор бўлиб қолади. Бу ҳолатда ҳам шифокорларга турли тазйиқлар ўтказиш ҳолатлари учрамоқда”, - деб ёзади мурожаат муаллифи. 

Билдирилишича, юқоридаги ҳолатлар тиббиёт ходимларининг ўз ишига содиқлиги ва иштиёқини йўққа чиқариши, соғлиқни сақлаш тизимида фаолият издан чиқишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли, қуйидаги ишлар амалга оширилиши сўралган: биринчидан, тиббиёт ходимларига бўлган тажовуз расман ички ишлар тизими хизматчиларига бўлган қаршилик ёки тажовуз каби баҳолансин. Чунки тез тиббий ёрдам ходимлари ҳам ички ишлар ходимлари каби кўпинча асабий ҳолатларда ишлашига тўғри келади. Иккинчидан, тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун мурожаат тушган уйга тез тиббий ёрдам бригадаси билан бир қаторда участка нозири етиб келиши мажбурий қилинсин. Учинчидан, тиббиёт ходимига бўлган қўпол муносабат ёки ҳақоратлар учун оширилган миқдорда жарима, етказилган тан жароҳати учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилансин.

“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда келтирилган таклифлар амалга оширилса, тиббиёт ходимларига бўлган зўравонликларнинг олди олинган бўлар эди. Шу билан биргаликда, тиббий хизмат кўрсатишнинг сифати ҳам ошиб, аҳолига малакали ёрдам кўрсатиш таъминланар эди”, - дейилади петиция матнида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top