Спорт | 13:05 / 16.10.2019
46530
16 дақиқада ўқилади

«Бошланғич нуқта». Абрамов ҳал қилиши лозим бўлган муаммолар ҳақида

Ўтган сафар ҳам айтганимиздек, миллий жамоамиз ўйинидаги камчиликларни айнан Вадим Абрамов билан боғлаш тўғри эмас, чунки бу қадар қисқа муддатда мураббий тўлақонли равишда ўз жамоасини қура олмаслиги тушунарли. Бундай паллада юз фоизлик натижа қайд этилгани энг аҳамиятли жиҳат эди. Вазифа бажарилди.

Шу билан бирга, бундан кейин жамоа қайси фалсафа ва қадриятлар асосида тўп сурмоқчи экани, қандай ўйнашга ҳаракат қилаётгани ҳақида ҳам қисман баҳо бериш, мураббий чизгиларини пайқаш ҳам мумкин. Мен эса мана шу бошланғич нуқтада нималарга урғу бериш ва келажакда қандай муаммоларга дуч келишимиз мумкинлиги ҳақида фикр юритмоқчиман.

ҲИМОЯ

Аввало, айтиш керакки, қанотларда Алижонов ва Сайфиевга эга эканимиз катта ютуқдир. Яхши техника ва пасга эга бўлган, муҳими, жарима майдонига ёриб кира оладиган қанот ҳимоячилари – замонавий футболда жуда қадрланади. Агар ҳар икки қанот ҳам шундай футболчилардан ташкил топса, ҳар қандай жамоа потенциали кучли бўлиши бор гап. Бундай футболчилар билан ҳам қисқа, ҳам узун паслар ёрдамида самарали ҳаракат қилиш осон. Улар яримқанотдан (полуфланг) ҳам ёриб кириш, тўпни назорат қилишга қодир бўлишгани туфайли, жарима майдонида сон жиҳатидан устунлик қилиш имкони пайдо бўлади. Ёки ҳужум фронтини кенгайтириш орқали вингерларга зоналар очилади – ҳимоячи бутун қанот бўйлаб ўйнай олиши туфайли вингерлар керак бўлганда бемалол иккинчи ҳужумчи позициясига ўтиб олишади. Уч ҳимоячи билан ўйнаш эҳтиёжи пайдо бўлганда ҳам, бундай ҳимоячиларнинг салоҳияти қўл келади.

Ҳатто бой, топ-клублар ҳам доим мана шундай имкониятга эга бўлиши қийин. Чунки мазкур хислатларга эга ҳимоячини сотиб олганингиз билан, у шунчаки ҳимоячи эмас, ҳужум ташкил қилиш системасидаги муҳим фигура бўлиши талаб қилинади ва доим ҳам футболчи жамоага мос тушавермайди. «Барселона» Дани Алвешнинг ўрнини ҳали ҳам тўлдира олмади, Гвардиола Мендини, Почеттино Орьени айнан шу мақсадларда олиб келди, лекин жароҳатлар туфайли бу мураббийлар ҳам ҳали «орзу жамоаси»ни қура олишмаяпти. Ўз вақтида, Карвахал–Марсело жуфтлиги юқори спорт формасида эканида «Реал» Европанинг энг кучли жамоасига айланди. Ҳозир эса, фақат «Ливерпуль» мана шундай кучли қурол билан мақтана олади – Эндрю Робертсон ва Трент Александер-Арнольд.

Албатта, Алижонов–Сайфиев жуфтлигини ҳали юқори савияда синаб кўрмадик, лекин Абрамов ҳам айнан мана шу қуролдан фойдаланишни истаётгани кўриниб турибди. Лекин бундан самарали фойдаланиш, ҳужумкор ҳимоячилар жамоамизнинг ожиз нуқтаси бўлиб қолмаслиги, ҳимоя чизиғи буткул такомиллашиши кераклигини англатади. Ҳали кучли рақибларга қарши ўйнамадик, аммо Сингапур фонида ҳам ҳимоядаги тартибсизлик сезилгани хавотиримизни оширади. Малака жиҳатидан у қадар кучли бўлмаган сингапурликлар жуда оз ҳужум уюштиришди, шундай бўлса ҳам, ҳар бир ҳужумда ҳимоямизга саволлар пайдо бўлди. Агар бундай вазиятларни пайқайдиган ва ўз фойдасига ишлата оладиган кучли жамоалар билан ўйнасак, бу ҳолат каттароқ муаммолар келтириб чиқариши турган гап.

Айнан Алижонов ва Сайфиевнинг кўп ҳолларда ўз жойларини йўқотиб, марказий ҳимоячилар билан тушунмовчиликларга йўл қўйганига алоҳида эътибор қаратиш мумкин.

Юқоридаги суратга эътибор берсангиз, ҳимояда жамоамиз анча зич ўйнашга ҳаракат қилмоқда ва бу яхши. Бундай ҳимояни ёриб ўтиш учун жуда юқори индивидуал маҳорат керак бўлади. Аммо жамоа ҳар қанча компакт ҳаракат қилмасин, рақибнинг ҳар бир ўйинчиси назорат қилиниши, бир пас билан ҳужум йўналиши ўзгариб кетишига тайёр туриши лозим. Суратдаги вазиятда эса, Алижонов негадир марказий ҳимоячилар эътибор қаратиши керак бўлган ҳужумчи билан ўйнамоқда. Чап қанотда очиқ қолган ўз футболчиси эса эътиборсиз қолдирилган. Сингапур хавфли вазият яратиш учун қийинчиликка дуч келмади – икки пас билан тўп ўша очиқ турган футболчига келиб тушди. Унинг зарбаси эса, дарвозамиз устунига тегди.

Ёки қуйидаги суратларга эътибор беринг:

Бу сафар Сайфиев шундай хатога йўл қўйди. Биринчи расмга қарасангиз, сингапурликлар қанотдан ҳужум қилаётганда Сайфиев ҳам, Ашурматов ҳам ўз ўйинчиларини қаттиқ қўриқлаётгандек тасаввур уйғотади. Лекин орадан секундлар ўтмай, узоқ бурчакда яна бир ҳужумчи пайдо бўлди. Эътиборини тўпга қаратган Сайфиев эса, нафақат уни, балки ўз футболчисини ҳам унутди. Агар персонал таъқиб амалга оширилса, футболчилар ўз ўйинчиларини қўриқлашлари, тўпни қайтаришга эса, бўш футболчи ҳаракат қилиши керак эди. Агар зонал таъқиб бўлса, Сайфиев эмас, марказий ҳимоячилардан бири тўпга пешвоз чиқиши лозим эди. Бу ҳолатда эса, икки футболчи қаршисида қолган Сайфиев тўпни ўз футболчисини ҳам, зонасини ҳам тарк этиб, тўпни қайтаришга ҳаракат қилди.

Бундай ҳолатларга алоҳида эътибор бераётганимнинг сабаби, рақиб гол урган вазиятда ҳам ҳимоя шундай хатога йўл қўйганди. Нафақат марказий ҳимоячиларимиз бўйи баланд ҳужумчига юқори қаватни ютқазишди, балки умуман ўша вазиятда барча позициялар бой берилганди.

Қаранг, ҳужумчига икки ҳимоячи халақит беряпти, бундай ноқулай шароитда дарвозага зарба беришнинг ўзи қийин. Гап ҳужумчининг омади келганида ҳам эмас. Агар зарба кўнгилдагидек чиқмаганда ёки ҳужумчи шунчаки, тўпни шерикларига етказишга уринганда ҳам, унда имкониятлар бор эди. Ашурматов эътиборини тўпга қаратгани учун, олдидаги икки футболчини назорат қила олмаяпти ва агар тўп ўша зонага тушганида, рақиб гол уриш имкониятига эга бўларди. Агар тўп орқага ўтиб кетганда ҳам, негадир бор эътиборини марказга қаратган Сайфиев яна ўз футболчисини унутган. Биргина мана шу сонияларда рақибнинг барча футболчиси гол уриш салоҳиятига эга бўлиб тургани чинданам хавотирли.

Фаол қанотларга эга бўлишнинг энг муҳим шарти – марказий ҳимоячилар ҳам анча юқорида ўйнашга мажбур бўлади. Бу эса, рақибга қарши ҳужум учун кенг зоналар тақдим этади. Ушбу шароитда барча ҳимоячиларнинг, шунингдек таянч футболчиларининг ҳам ўзаро тушуниш даражаси жуда юқори бўлиши, янаям муҳими, жараённи бошқариб турадиган етакчи футболчи ҳам мавжуд бўлиши керак. «Ливерпуль» фаол қанотлардан қачонки, Виржийл ван Дейк сотиб олингач, самарали фойдалана бошлади. Шу билан бирга, топ-рақибларга қарши марказдаги учала футболчи ҳам ҳимояланиш коэффициенти юқори бўлган футболчилардан (Вейналдум, Милнер, Ҳендерсон, Фабиньо, Кейта) тузилади. Яъни, бундан кейин ҳам қанотлардан фаол фойдаланмоқчи бўлсак, ярим ҳимоячилар янада фаол бўлишлари шарт.

Рақибнинг қарши ҳужумига эътибор беринг. Аҳамиятлиси, бу ҳолат бизнинг қанақадир стандарт вазиятимиздан кейин юзага келмади. Рақиб аутдан тўпни ўйинга киритди ва паслар асосида ҳимоядан чиқиб кетиб, узун пасни амалга оширди. Гўёки, ҳамма ўз ўрнида бўлиши керак бўлган вазият.

Лекин Ашурматовни кадрда кўрмаяпмиз, рақиб ҳужумчисини эса, Алижонов муваффақиятсиз таъқиб қилиб бормоқда.

Ҳужумчи Тўхтахўжаевни ортда қолдирди. Яхшиямки, унда вазиятни баҳолаш ва жуда қулай турган шеригига тўпни узатишга малака етарли бўлмади, агар рақиб индивидуал кучлироқ футболчиларга эга бўлганида, бемалол ҳисобни тенглаштириши мумкин эди. Қайсидир жиҳатдан, бу вазият Фаластиннинг иккинчи голидаги ҳолатни эсга солди. Яхшиямки, Тўхтахўжаев бу вазиятда ҳужумчига охиригача қаршилик қила олди.

Хулоса қилиб, нима дейиш мумкин? Иккинчи голга Сайфиев ассистентлик қилди. Ўтган ўйинда ҳам, Фаррухнинг тўп узатишидан кейин Шомуродов боши билан гол урганди. Алижонов ҳам анча хавф туғдирди, ҳатто бир вазиятда унинг ўзи ҳам гол уриши мумкин эди. Бу жуда яхши. Ҳимоядаги хатолар айнан мана шундай вазиятлар, голлар билан ҳам компенсация қилинади. Агар қанотдагиларга хатосиз ўйнаш буюрилса, ҳужумдаги унумдорлигимиз сезиларли даражада тушиб кетиши ҳам шубҳасиз. Юқорида айтганимдек, «Ливерпуль» керакли мувозанатни топиб, қанот ҳимоячиларни ҳужумдаги энг асосий қуролига айлантириб олгунча, жуда кўп панд еган, рақибга кўп имконият тақдим этган. Абрамовнинг вазифаси ҳам шундай – имкон қадар ҳимоя ва ҳужум мувозанатини топиши, керакли пайтда футболчилар бир-бирларини страховка қилишларини таъминловчи кўрсатмаларни ишлаб чиқиши, энг муҳими, ҳимояланишда яримҳимоячиларнинг ўрнини ошириши мумкин. Тўғри, баъзи вазиятларда Одил ёки Қодирқуловнинг жуда ажойиб шаклда тўпни рақибдан олиб қўйганини кўрдик. Лекин ҳимояланиш индивидуал эмас, жамоавий жараён ва бу борада ҳатто Сингапур қаршисида ҳам камчиликлар кўзга ташланди.

Тўғри, биз ўта талабчанлик қилиб юбораётгандирмиз, лекин кейинги босқичларда рақибларнинг босими ҳам, юкламаси ҳам ошиб боришини назарда тутган ҳолда, жамоа ҳам тайёр бўлиб, ўсиб бориши лозим бўлади. Бу борада қилинадиган ишлар етарли.

ҲУЖУМ

Икки ўйинда саккизта гол. Асосий ҳужумчимиз Элдор Шомуродов икки ўйинда уч гол ургани одамни хурсанд қилади, гўёки, биз бу қуролдан самарали фойдаланмоқдамиз. Аммо агар қаршиликни бироз оширсак-чи? Сингапурга қарши ўйинда ҳисоб 2:1 бизнинг фойдамизга бўлиб турган вазиятни эсланг. Ўшанда агар рақиб ҳисобни тенглаштирса, биз дарров реакция қилиб, вазиятлар яратишимиз ва керакли голни уришимизга ишонч катта эдими сизда? Менда йўқ. Чунки жамоанинг ўйин сифатида тартибли рақибга қарши яратилаётган вазиятларнинг миқдори билан ўлчанади. Яъни, тўпни дарвозабонимиздан бошлаб, ҳимоядан ҳужумга олиб чиқиш, шу орқали хавфли вазиятлар яратаётган ҳолатлар у қадар кўп эмас.

Мисол учун, Сингапурга қарши ўйиннинг биринчи бўлимида Элдор рақиб дарвозасига атиги бир марта зарба берди. Иккинчи бўлимда, яъни рақиб ҳисобда ортда қолиб, бироз таваккал, бироз тартибсиз ўйнай бошлагач эса, Шомуродовнинг зарбалари сони 5та бўлди. Икки гол, бир марта устунга тегди, бир марта бўш қолган дарвозага ва яна бир зарба жуда қулай вазиятда амалга оширилди. Хўш, нега фарқ бунақа катта? Ёки Абрамов иккинчи бўлимда керакли ўзгаришни амалга оширдими? Йўқ, Шомуродовда пайдо бўлган бу эркинликни, юқорида айтганимдек, кўпроқ Сингапур тақдим этди. Рақиб тартибли ҳимояланганда ёки Шомуродов яхши қўриқланганда, биз бундан бошқа футболчилар ёрдамида фойдалана олмаяпмиз. Бу ерда гап тактик жиҳатдан кўра, таркибдаги ўйинчилар характеридан келиб чиқади.  

Келинг, Европа футболида услуб жиҳатдан Шомуродовга яқинроқ бўлган таран ҳужумчилардан фойдаланадиган жамоаларни кўриб чиқамиз. «Бавария», «Атлетико», «Тоттенҳэм», «ПСЖ», «Интер»... Лондонликлар жамоаси сафида Ҳарри Кейннинг олдида Сон Хин Мин тўп суради. «Интер»да Лукакуга Лаутаро шериклик қилади. «Бавария» таркибида Мюллер бор. Яъни, рақиб ҳимоясига тинимсиз босим уюштирадиган ҳужумчилар ёнида «инсайд» – иккинчи ҳужумчининг ҳам бўлиши муҳим. У шериги ҳосил қиладиган зоналарни пойлаши, юқори қаватлар учун курашилганда, «подбор»ларга тайёр туриши лозим бўлади. Лукаку «Манчестер Юнайтед»да тўп сурганда ҳам, қанотларда вингерлар эмас, Рэшфорд, Марсиял каби, ҳимоячилар орқасидан «очила» оладиган ҳужумчилар бор эди.  

Машарипов ҳам, Ҳамдамов ҳам, кўпроқ вингер ҳисобланишади. Албатта, улар ҳам кўп гол ура олишади, сермаҳсул ўйин кўрсатишлари мумкин, яхши зарба ва техникага эга. Аммо асосан тўпни эгаллаб, марказга ўтиб зарба бериш ёки кросслардан сўнг гол ура олишади, холос. Тўпга эгалик қилаётган пайтимизда жарима майдонига тўпсиз ёриб кириб, вазият яратишда у қадар уста эмас. Масалан, Сингапурга урилган учинчи голни эсланг – Алибоев ажойиб тарзда Шомуродовни тўп билан таъминлади. Худди шундай позицияда Шомуродов ўрнида Ҳамдамов ёки Машариповни тасаввур қилишимиз қийин, шундай эмасми?

Яъни тўпни назорат қилаётган пайтимизда, ўткир паслар учун тайёр турадиган иккинчи ҳужумчига муҳтожмиз. Акс ҳолда, Шомуродовни тартибли қўриқлаётган рақиб ҳимояси у қадар қийинчиликка дуч келмаяпти. У томон узатиладиган узун паслар ҳам ҳеч қандай хавф содир қилмаяпти. Элдорнинг бу қўриқлашидан фойда чиқарадиган ва ҳужумларни самарали якунлайдиган футболчи билан ҳужумларимиз янада ранг-баранг бўларди, деб ўйлайман. Машарипов–Шомуродов–Ҳамдамов учлиги билан 4-3-3 схемаси кучлироқ рақиблар билан ўйинда иш бермаслиги, рақиб осонлик билан бу футболчиларни ёпиб қўйиши мумкин.

ХУЛОСА

Вадим Абрамовнинг келиши терма жамоа кайфиятига ижобий таъсир қилгани, ўйин борасида ўсиш кузатилганини эътироф этиш шарт, албатта. Лекин ҳақиқий салоҳиятимиз нафақат ноябрдаги Саудия Арабистони билан ўйинда, балки, кўпроқ келаси йили юзага чиқади, деб ўйлайман. Чунки бунга яқин вазиятни сўнгги йилларнинг ўзида икки марта гувоҳи бўлдик.

Биринчиси, Миржалол Қосимов кетгач, Самвел Бабаян келди ва жамоамиз қаторасига бир нечта ўйинда ишончли ғалабага эришди. Лекин орадан етарлича вақт ўтгач, жамоа янги ғояга, пойдеворга муҳтожлик сезганида, Бабаян буни бера олмади. Жамоа аввалгидан бадтар иложсиз аҳволга тушди. Иккинчиси, «Манчестер Юнайтед»дан Моуриньо кетиб, Сульшер келганидаги ҳолат. Бу ерда ҳам худди шундай, жамоа қаторасига бир нечта ўйинда ғалабага эришди, лекин бу ўзгариш ҳам вақтинча бўлди. Аслида, Бабаян Қосимовдан, Сульшер Моуриньодан кучлироқ мураббий деб ҳам айтолмаймиз, унда бу ўсишнинг сабаби нима эди?

Бу ҳақида аввалги мақолада ҳам айтгандим. Инқирозга тушиб қолган жамоанинг муаммолари четдан яхшироқ кўринади. Инқироздаги мураббий шу ҳолатга ўз қарорлари орқали тушгани учун, буни кўрмайди – муаммо услуб ёки тактикада эмас, буларнинг амалиётда кўчмаётганида деб билаверади. Футболчиларни айбдор деб билади. Ҳеч қачон ўз қарашларини тубдан ўзгартира олмайди, бунга эҳтиёж ҳам сезмайди. Четдан келган мураббий эса, асосий муаммоларга ечим билан келади ва тезда натижага эришиши мумкин. Қисқа муддатда у ўз жамоасини қурмайди, балки муваффақиятсиз жамоани таъмирлайди. Албатта, таъмирланган вариант эскисидан яхшироқ бўлгани учун натижалар ижобий томонга ўзгариши турган гап. Лекин қачонки, энди, жамоани тузиш, ўз фалсафасини сингдиришга келганда, бунинг устига, бу жараён натижаларга путур етмаган ҳолда амалга оширилиши лозим бўлганида, ҳақиқий муаммолар бошланади.

Шу нуқтайи назардан, албатта, ўзбек мухлислари эйфорияга берилмаётганини тўғри деб биламан. Албатта, ғалаба, голлар, келтирилган очколар жуда муҳим. Худди шу жараён қандайдир талафотлар билан ҳам амалга ошиши мумкин эди. Ундай бўлмагани учун хурсанд бўлсак, мураббийлар штабига ва футболчиларга раҳмат айтсак арзийди. Лекин шу билан бирга, вазиятга реал кўз билан қараш, таҳлил қилиш, орзуларимизни имкониятлардан узоқлашиб кетишига йўл қўймаслигимиз ҳам зарурдир. Омад тилайман.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид