Жамият | 12:43 / 16.10.2019
18923
2 дақиқада ўқилади

Ҳамдардлик: уч фарзанднинг онаси, оққон билан оғриган Нигора Исмоилова вафот этди

Бир неча бор ёрдам сўраб таҳририятимизга мурожаат қилган Нигора Исмоилова оққон касаллиги билан курашаётганди. Нигора Исмоилованинг соғайиб кетиши учун илик кўчириш операцияси қилиниши керак эди. Лекин бу жарроҳлик амалиёти жуда қимматлиги боис унинг оиласи ёрдам сўраб халқимизга мурожаат қилишга мажбур бўлишган. Меҳрибон ва саховатли халқимиз ташаббуси ва кўмаги билан керакли маблағ йиғилди ва Нигора Туркияга жўнаб кетган эди.

Хайрия акцияси давомида оғир дард билан курашаётган, уч фарзанднинг онаси Нигора Исмоилованинг тузалиб кетиши учун жуда кўп эзгу ниятли инсонлар яқиндан ёрдам беришга ҳаракат қилишди. Кимдир маълум маблағ жўнатиб, кимдир шифохонага келиб ва яна кимдир телефон қўнғироқлари орқали бемор ва унинг яқинлари ҳолидан хабар олиб, руҳан қўллаб-қувватлаб турдилар.

Афсуски, Нигора Исмоилованинг турмуш ўртоғи Расул Исмоилов бизга маълум қилишича, у 9 октябрь куни ҳаётдан кўз юмган. Аллоҳнинг иродаси экан-да...

Расул Исмоилов турмуш ўртоғининг шифо топиши учун ёрдамини аямаган эзгу ниятли, саховатпеша инсонларга ўз миннатдорчилигини билдириб, раҳматини етказиб қўйишимизни илтимос қилди.

Бу акциямизда қатнашган инсонларга таҳририятимиз номидан ҳам чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз. Барчамизни чин инсонийлик сифатлари тарк этмасин.

Кун.уз сайти марҳум Нигора Исмоилованинг оила аъзоларига барчанинг номидан ҳамдардлик билдиради.

Мавзуга оид