Иқтисодиёт | 09:28 / 18.10.2019
27545
2 дақиқада ўқилади

Нархлар ошишига нима таъсир қилиши айтилди - МБ сўрови

Фото: ingimage/vostock-photo

Аҳолининг 69 фоизи ва тадбиркорлик субъектларининг 70 фоизи валюта курси қадрсизланганда нархлар юқори даражада ошади, деб ҳисоблайдилар. Бу ҳақда Марказий банк сўровномасида айтилган.

Таҳлилларга кўра, респондентлар нархларнинг келгусидаги даражасини тахмин қилишда уларга таъсир қиладиган бир қатор омилларга асосланади. Хусусан, 2019 йилнинг учинчи чорагида миллий валюта курсининг ўзгариши респондентлар томонидан келгусидаги инфляцияни баҳолашда энг биринчи омил сифатида таъкидланди.

«Аҳолининг 69 фоизи ва тадбиркорлик субъектларининг 70 фоизи валюта курси қадрсизланганда нархлар юқори даражада ошади деб ҳисоблайдилар», - дейилади Марказий банк маълумотида.

Иккинчи ҳамда учинчи ўринларда эса иш ҳақининг ўсиши (мос равишда 54 ва 49 фоиз) ва тарифларнинг оширилиши қайд этилди.

Сўров натижалари респондентларнинг инфляцион кутилмалари қатор омилларга юқори таъсирчанлигини кўрсатган. Билдирилишича, миллий валюта айирбошлаш курсининг нисбий барқарорлигига олиб келадиган ички ва ташқи макроиқтисодий шароитларнинг сақланиши, шунингдек, иш ҳақи ҳамда тартибга солинадиган нархларнинг мўътадил индексацияси инфляцион кутилмаларнинг пасайиши ва уларнинг барқарор характерга эга бўлишига ижобий таъсир кўрсатади.

Марказий банкнинг экспертлик хулосаларига кўра, иқтисодиётда қатъий пул-кредит ва мувозанатли макроиқтисодий сиёсатни олиб борилиши инфляцияни барқарорлаштиришга ва респондентларнинг инфляцион кутилмаларининг мўътадиллашишига ёрдам беради.

Бундан олдин, йил охирида доллар курси қанча бўлиши тахмин қилинганди.

Мавзуга оид