Иқтисодиёт | 20:41 / 24.10.2019
25231
11 дақиқада ўқилади

Қурилиш материаллари бозоридаги муаммолар, ечимлар ва истиқбол. Соҳа раҳбари билан суҳбат

Kun.uz таҳририяти давлат идоралари ва турли ташкилотлар мутасадди раҳбарлари билан интервьюларни давом эттиради. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида коррупция борми? Ўзбек мармари қачон дунёга донг таратади? Цемент импорти учун имтиёзлар бекор қилиниши сабаби нимада? Соҳада инновацион жараёнлар ва ёш мутахассислар малакаси талабга жавоб бериши учун нималар қилиш керак? «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқарув раиси Ботир Зарипов билан бўлиб ўтган навбатдаги суҳбат шу ва бошқа саволлар атрофида бўлди.

Авваламбор, уюшма фаолияти ҳақида гаплашсак. Бугунги кунда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси нималар билан банд?

— Кўпчиликка маълум, сўнгги 3 йилда республикамизда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ёки аҳоли учун шинам уй-жойлар қурилиши, шаҳарларимизнинг ободончилигини сўнгги ўн йиллар билан таққослаб бўлмайди. Айнан қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга амалий ёрдам бериш, дуч келадиган муаммоларни бартараф этиш, соҳага сармоялар, айниқса, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, корхоналарни модернизация қилиш, экспортни кўпайтириш ва импортни қисқартириш каби масалалар бизнинг асосий вазифаларимиздан ҳисобланади.

Сир эмас, Ўзбекистонда капитал қурилиш соҳаси жуда ҳам ривожланиб бормоқда. Бу ўз-ўзидан қурилиш материалларига бўлган талабни ҳам оширади. Шу нуқтайи назардан соҳани ривожлантириш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Албатта, соҳанинг ривожланиши учун энг катта омил ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилиниши. Ушбу қарорлар соҳа ривожига катта туртки бўлди. Иккинчи омил мамлакатимиздаги қазилма бойликлар. Республика ҳудудидаги мингдан ортиқ қазилма бойликларни саноат усулида қайта ишлаб, катта натижаларга эришяпмиз. Учинчиси, албатта, меҳнаткаш халқимиз ва тадбиркорларнинг ташаббуслари.

Қурилиш соҳаси ривожланаётгани боис, айрим маҳсулотларга талаб юқори бўлади. Мисол учун, цемент. Статистикага кўра, бу йил ўзимизда бундай заводлар кўп бўлишига қарамай, хориждан кўп миқдорда цемент импорт қилинган. Импортнинг ўрнини босиш сўнгги 15 йилда кун тартибидан тушмагани инобатга олинса, бу масала қандай ҳал этилмоқда?

Саволингизга жавоб беришдан олдин айрим рақамларга тўхталсам. Соҳамизда асосий ижобий ўзгаришлар сўнгги 3 йилда амалга ошириляпти. Агар 2016 йил билан жорий йилнинг кутилаётган якунларини солиштирадиган бўлсак, 2016 йилда соҳада 8400га яқин корхона фаолият кўрсатган бўлса, шу йил охирига келиб, бу рақам 10,5 мингга етиши кутилмоқда. Иккинчи кўрсаткич, бу маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўрсаткичи. 2016 йилда 7 трлн 800 мрлд сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқилган. Бу йил якуни бўйича бу рақам 20 трлн сўмни ташкил этади. Учинчи кўрсаткич, бу инвестициялар. Таҳлил давримизда соҳага киритилаётган сармоя 4,5 бараварга ошиб, йил якунигача 1,5 млрд доллар инвестиция киритилиши кутилмоқда, ваҳоланки 2016 йилда атиги 360 млн доллар инвестиция киритилган эди.

Хорижий сармоядорлар, сир бўлмаса, кўпроқ қайси йўналишларга эътибор қаратмоқда?

Чет эллик сармоядорлар биринчи навбатда бозори чаққон бўлган, қурилиш соҳасида кўп ишлатиладиган материалларга катта қизиқиш билдиради. Энг аввало цемент ишлаб чиқаришга. Иккинчиси қурилиш ойнаси. 2016 йилда республика бўйича 8 млн тонна цемент ишлаб чиқилган бўлса, 2019 йил якуни билан йилига 15 млн тонна цемент ишлаб чиқариш қуввати пайдо бўлади. 2018 йилда 3,5 млн тонна цемент импорт қилинган бўлса, пешма-пеш заводлар ишга тушгани натижасида цемент импортига берилган имтиёзларга ҳам зарурат қолмади. Сентябрь ойида 320 минг тонна цемент импорт қилинган бўлса, октябрда 50 минг тонна. Лекин бозорда цемент нархи деярли ўзгармади. Иккинчи асосий қурилиш материали бу қурилиш ойнаси. 2016 йилгача бизда фақат битта - «Кварц» АЖ қурилиш ва бошқа ойна маҳсулотлари ишлаб чиққан бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 3тага кўпаяди. Шулардан биттаси Жиззах вилоятида ишга тушиб, қурилиш ва безакли ойналар ишлаб чиқарилмоқда. Кейинги йилнинг биринчи чорагида «Кварц» корхонаси кенгайтирилиши ҳисобига бир йилда 22 млн кв.м. қурилиш ойнаси ишлаб чиқаришга эришилади. Бундан ташқари, Навоий вилоятида йилига 10 млн кв.м. қурилиш ойнаси ишлаб чиқарувчи қувват ишга туширилади.

Халқ орасида Ўзбекистонда ишлаб чиқилган цемент сифатига ишончсизлик билдирилади. Уюшмада қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасида сифатни назорат қилиш қандай йўлга қўйилган?

— Албатта, бу саволларни ўзимиз ҳам эшитганмиз. Бир нарсани айтишим керак, ҳар бир цемент заводи тўлиқ ишга тушишдан олдин масъул идоралар томонидан уларнинг маҳсулотлари текширувдан ўтказилади. Ишчи комиссиянинг мазкур завод меъёрий талабларга қанчалик жавоб бериши юзасидан актлар тузилади. Шартлардан яна бири, цемент заводида лаборатория бўлиши керак. Унда ишлаб чиқилаётган цемент сифати доимий равишда компьютер дастурлари воситасида назоратдан ўтказиб турилади. Шу нуқтайи назардан сифатли цемент ишлаб чиқарилиши кафолатланган. Заводдан ҳеч қачон сифатсиз цемент сотувга чиқарилишига йўл қўйилмайди.

Қурилиш мавсуми бошланганида цемент нархи қимматлашади, қишга келганда аксинча. Айтмоқчи бўлганим, бугунги кунда қурилиш материаллари бозори қанчалик шаффоф?

Барча цемент заводларимиз ўз маҳсулотларини биржа савдолари орқали сотишга мажбур. Биржа савдоси шаффоф бўлиб, ҳар қандай тадбиркор ўз вакили орқали юқорироқ нарх бериб, истаганча цемент харид қила олади. Шу йилгача қурилиш мавсумида цемент нархи кўтарилиши кузатилар эди. Бироқ, янги заводлар ишга тушиши натижасида цемент нархи бирмунча барқарор сақланиб турди. Яъни, 2019 йил 1 январь ҳолатига бир тонна цемент нархи 471 минг сўмни ташкил этган бўлса, 1 июнда 572 минг сўмни ташкил этди, 1 июлда 476 минг сўмдан сотилди. 2 октябрь ҳолатига кўра, бир тонна цемент 484 минг сўмга тенг бўлди. Йил бошидаги нарх билан орқадаги фарқ унчалик катта эмас.

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқарув раиси Ботир Зарипов

Ўзбекистон қурилиш материаллари қайси мамлакатларга экспорт қилинмоқда ва булар қайси маҳсулотлар?

— Атрофимизда жуда катта бозор бор. Ўзбекистондан гипсокартон, пардоз тошлари, керамика маҳсулотлари ва санфаянс, линолеум, шунингдек, том ёпишда ишлатиладиган материаллар ҳам экспорт қилинмоқда. Озарбойжонга 1 млн долларга яқин керамика плиталари етказиб берилиши режалаштирилган. Афғонистоннинг ўзи йилига 200 млн долларлик маҳсулот импорт қилади. Биз ушбу бозорни икки омил, таннарх ва сифат билан эгаллашимиз мумкин. Шу билан бирга, яқин 3 йилда экспорт миқдорини 4-5 баравар ошириш имкониятлари мавжуд.

Италия мармари, Испания мармари дейишади. Ўзбекистонда Ғозғон мармар кони бор. Ўзбек мармарининг қачон дунёга донғи кетади?

Ҳам оғриқли ва тўғри савол бердингиз. Биз Аллоҳ берган табиий бойликлардан етарли даражада фойдалана олмаяпмиз. Ғозғонда шунақа тошларимиз борки, Италияда ҳам, Испанияда ҳам йўқ. Бу ерда иккинчи масала шуки, СССР вақтида мармартошлар портлатиб олингани сабабли микроёриқлар пайдо бўлган ва сифат тушган. Эндиликда, Хитой ва Италиядан янги замонавий тош кесувчи арралар ва ускуналар келтирилди. Нима учун Хитойдан келиб Нуротада, Томди туманида завод очяпти? У тошимизнинг сифатини, қадрини ва бозордаги нархини биляпти-ки, шундай қилмоқда.

Соҳада рақобат қанчалик ривожланмоқда?

Рақобат кун сайин ошмоқда. Айниқса, йирик корхоналар ўртасида. Масалан, «Қизилқумцемент» 600 марка цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлса, «Оҳангаронцемент» 700 марка цемент ишлаб чиқармоқчи. Бундан ташқари, маҳсулотлар диверсификацияси ҳам йўлга қўйилмоқда.

Уюшма олдида қандай муаммолар бор ва сиз уларга қандай ечимларни таклиф этмоқдасиз?

Албатта, иш бор жойда камчилик бўлади. Бизнинг соҳа ҳам бундан истисно эмас. Энг катта масала, ҳудудлардаги барча корхоналар ҳам тўлиқ қувватда ишламаяпти. Ускуна бор, имконият бор, аммо 30 фоиз қувватда ишлаяпти. Ваҳоланки, у камида 80-90 фоиз қувватда ишлаши керак. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Масалан, қазилма бойликлардан фойдаланиш самарасини олайлик. Айрим тадбиркорлар каръерни олиб қўйган, лекин фойдаланмайди. Ҳозирда, шундай таклиф тайёрлаяпмизки, бу каби тадбиркорлар лицензиясидан маҳрум этилади.

Соҳада мутахассислар муаммоси қандай ҳал этилмоқда? Ҳозирги етишиб келаётган ёшлар қурилиш материаллари бозорини ривожлантириш талабига жавоб берадими?

Замонавий ахборот технологиялари ривожланган даврда ушбу техникалардан фойдала оладиган, чет тилларни яхши ўзлаштирган кадрлар зарур. Шундай кадрлар етиштирувчи марказларимиз бўлса-да бу етарли эмас. Биз юқоридаги талабларга жавоб берадиган кадрлар тўлиқ шаклланган деб айта олмаймиз. Бу бўйича ишлашимиз, заводлар ҳудудида ўқув курсларини ташкил этишимиз керак.

Тизимдаги коррупция масаласи. Соҳа қай даражада коррупциядан холи деб айта оласиз?

— Фоизда айта олмайман, тан олишим керак. Қолаверса, бу борада масъул идоралар ҳам бор. Лекин, оддий фуқаро сифатида айтишим мумкинки, илгарилари тизимда бўлган. Коррупция нимадан келиб чиқади? Жамиятдаги муҳит таъсир қилиши баробарида қанчалик кўп тўсиқлар бўлса, қийинчиликлар сунъий яратилган бўлса, бу ерда, албатта, коррупция бўлади. Тадбиркор лицензия ололмаганидан кейин, у бошқа йўллар билан боришга ҳаракат қилади. Бугунги кунда ҳужжатларни топширса, 10 кунда лицензиясини олиб кетмоқда. Бундан ташқари, илгари цементни заводнинг ўзи сотган, ким кўпроқ хизматини қилиб қўйса ёки кўпроқ берса, ўшанга сотилган. Ҳозир биржа орқали сотилади.

Ёки инвестиция киритиш масаласи. Аввал мана бу хизматни қилиб қўясан, кейин рухсат берилади, дейишган. Ҳозирда бу жараёнларнинг барчаси шаффоф. Коррупция йўқ деб айтолмайман, лекин бундай салбий иллатларга барҳам бериш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Ботир ака, мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат! Уюшма билан катта марраларни эгаллашингизга тилакдошмиз!

Мавзуга оид