31 январ куни Боқий Бухоро маданий-этнографик парки барпо этилиши юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги Wyndham Bukhara меҳмонхонаси мажлислар залидаги анжуман ҳақида тадбир бошланишидан 30 дақиқа олдин эълон берди.

Анжуманда вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил январ ойида жамоатчилик Бухоро шаҳри марказида туристик мажмуа қурилишидан хабар топган эди. Лойиҳага кўра, бунинг учун Иброҳим Мўминов, Ҳамза ва Хофиз Тониш кўчалари кесишмасида жойлашган 32,6 гектар ҳудуддаги бинолар, хусусан марказий стадион ҳам бузиб ташланиши кўзда тутилганди.

Ўз навбатида, Бухоронинг янги маъмурий маркази Гулчорбоғ ва Отбозор маҳаллалари ҳудудида танланган 1000 гектар ерда қурилиши, унга давлат ташкилотлари жойлаштирилиши керак эди. Жамоатчилик эътирозларидан кейин туристик марказ лойиҳаси тўхтатилганди.

Бугун, 31 январ куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинишича, лойиҳа дастлабки режалаштирилган ҳудудда – Бухоро шаҳар марказидаги 32,6 гектар ҳудудда қурилади. Бу ерда жойлашган давлат объектлари эса “Bukhara city” ҳудудига кўчирилиб, маъмурий марказ барпо этилади.

32,6 гектар ер участкасини сотишдан тушган маблағлар алоҳида ғазна ҳисобига йўналтирилиб, янги маъмурий марказ қурилишига сарфланади.

Bukhara City'да қуриладиган маъмурий марказ лойиҳаси

Бухоро халқаро аэропортининг йўловчи ташиш қуввати кўриб чиқилиб, янги аэропорт сифатида қад кўтаради. Бу давлат хусусий шерикчилик асосида амалга оширилади. Лойиҳанинг барча йўналишларига хорижий инвестор маблағлари сарфланади.

Янги Бухоро халқаро аэропорти лойиҳаси

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов туризм шаҳарчаси учун танланган ҳудуд туристлар учун “энг қулай” жой эканини айтди.