Жаҳон | 13:00 / 28.10.2019
46565
6 дақиқада ўқилади

Ал-Бағдодий энди йўқ. Бу ИШИДнинг бутунлай барҳам топишини англатадими?

Абу Бакр ал-Бағдодий ўлдирилгани ҳақида АҚШ президенти Дональд Трамп шахсан тантанали равишда эълон қилди. Раҳнамосининг ҳалок бўлиши ИШИДнинг тез орада бутунлай йўқ бўлишини англатадими?

Идлибдаги Бариша қишлоғи ракета зарбаларидан кейин / AFP

Лина Хатиб, Британия Қироллиги халқаро муносабатлар институтининг Яқин Шарқ дастури бўйича директори:
Ал-Бағдодийнинг ўлими ИШИДнинг тугашини англатмайди. Бу ташкилот келажаги унинг раҳбаридан кўра Суриядаги вазият қай йўналишда ўзгаришига боғлиқ.

Бағдодий ИШИДдаги муҳим фигура бўлган, айниқса бу ташкилот халифалик ёки исломий давлатини тузган вақтда. Халифасиз халифалик тузиб бўлмагани учун ИШИД тарафдорлари ал-Бағдодийни ўз етакчиси сифатида танлаган.

ИШИДнинг Сурия ва Ироқда мағлуб бўлишига қарамай гуруҳ тарафдорлари Бағдодий сиймосида ташкилотнинг қайта уйғонишига бўлган умидларни кўришарди. Суриядаги ИШИД жангариларининг хотинлари ва бевалари сақланаётган Ал-Хол лагеридагилар ўртасида сўров ўтказилганида улар Бағдодийнинг сўнгги баёнотлари ташкилот тарафдорларини таъсирлантиргани маълум бўлган.

Туркия Сурия шимолида ҳарбий амалиёт бошлашидан аввалроқ ИШИДнинг ҳудуддаги ҳарбий таъсири сезиларли даражада сусайган, аммо гуруҳлар ўз функцияларини бажаришда давом этган. Жангарилар гуруҳлари мамлакат шимоли-шарқида тинч аҳоли вакилларига ҳужумлар уюштиришга киришган.

Ал-Бағдодий 2014 йил Мўсулда халифалик тузилганини эълон қилганди / AFP

Пальмирадан шарқда, Хомсга яқин ҳудудларда ИШИД жангарилари Сурия армияси ва россиялик ҳарбийлар базаларига ҳужум қилишни тўхтатишмади. Сурия шимоли-шарқида ИШИДнинг собиқ жангарилари бошқа жангарилар гуруҳларига қўшилишди.

Идлиб вилоятида «Ал-Қоида»нинг филиали бўлмиш «Хуррас-ад-Дин» гуруҳи ўрнашган, бу гуруҳ ҳарбий ҳаракатларда фаоллиги ва аъзолари сони кўп бўлишига қарамасдан аҳоли орасида ҳурмат қозона олмади.

ИШИД ғоялари таъсиридаги гуруҳ Сурия шимоли-шарқидаги Дайр аз-Зорда ҳам сақланиб қолган. Ушбу ҳудудни асосан курдлардан таркиб топган Сурия демократик кучлари ортядлари назорат қилади, аммо ҳудуд аҳолиси уларни қўллаб-қувватламайди. Ҳудуддаги араблар на курдларни, на Сурия ҳукуматини ва на Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳарбий отрядларни тан олади.

Маҳаллий араб қабилалари яқиндагина Сурия режими ва Эронга қарши норозилик акциялари ўтказишганди.

Туркия армияси Сурия шимолига киришидан олдин Дайр аз-Зорда араб қабилалари ва курдлар ўртасида тўқнашув келиб чиқиши ИШИД фаоллашувига олиб келарди.

Бир неча ой муқаддам Сурия демократик кучлари назорат-ўтказиш пунктида бир араб отиб ўлдирилгач, икки ҳафта давомида маҳаллий араблар томонидан қўллаб-қувватланган ИШИД гуруҳлари фаоллашиб қолганди.

Бундай фаоллик асосан йўлларда портловчи қурилмалар ҳаракатга келтирилиши билан кечади. Туркларнинг юришидан кейин курд ҳарбийлари позицияси кучсизлангач ИШИД жангарилари Дайр аз-Зордаги бўшаб қолган ҳудудни эгаллаши кутилганди, аммо ҳозирча бу ҳолат сезилмаяпти.

Ал-Бағдодий яшаган уй ер билан битта қилинди / AFP

Фақат қўлбола бомбалар қўллаш билан чекланиши ИШИДнинг ҳарбий имкониятлари қай даражада сусайганига далолатдир. Уларни шунингдек, Трампнинг сўзларига кўра нефть ҳавзаларини қўриқлаш учун жойлаштирилган коалиция кучлари ҳам тийиб туради.

Бошқа вақт бўлганида ИШИД ал-Бағдодийнинг ўлимидан фойдаланиб, гуруҳ тарафдорларини у учун ўч олишга руҳлантириши ҳам мумкин эди. Аммо тарафдорлар сўнгги томчи қони қолгунча курашадиган кунлар ўтиб кетган.

ИШИДнинг Суриядаги етакчиси Абу Айман ал-Ироқий курдлар билан жанг вақтида олдинги чизиққа олти қўриқчиси билан ўзи чиқишга мажбур бўлди ва ҳалок бўлди.

Аввал ИШИД ўз қўмондонларини олдинги чизиқларга жўнатиши кузатилмасди.

Эҳтимол, ИШИД энди ал-Бағдодийнинг ворисини сайлар, аммо ташкилот учун Сурия шимоли-ғарби ва шимоли-шарқидаги вазият қай тариқа ривожланиши муҳимроқ.

Президент Трамп ал-Бағдодий Идлибда ўлдирилганини эълон қилди, ИШИД етакчиси бу ерга гуруҳни қайта уйғотиш учун келганди.

Бариша қишлоғига америкаликлар вертолётлари ракета зарбалари берди / GETTY IMAGES

Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида «Хуррас ад-Дин» гуруҳи «Ал-Қоида»га садоқат изҳор қилиш учун «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» гуруҳидан ажралиб чиққанди ва энди ал-Бағдодийга кўмакчига айланганди.

Икки гуруҳ ўз вақтида Сурия режимига қарши биргаликда курашган, «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» ҳудудда ўз маъмуриятини тузишга уринган бўлса-да, идлибликлар томонидан қўллаб-қувватлов бўлмади ва бу ҳудудда ИШИДнинг қайта уйғонишига деярли умид йўқ эди.

Шимоли-шарқда эса Сурия армияси ўз таъсирини кенгайтирмоқда, аммо Сурия ҳарбийлари мамлакат жанубидаги Даръа шаҳридаги исённи бостириш учун ҳам йўналтирилиши керак, бундан ташқари Идлибга ҳужум қилишга тайёргарлик кўрилмоқда, шу туфайли бу ҳудудда ҳарбийлар ва ҳарбий техникалар етишмовчилиги туфайли тўлиқ назорат учун имкониятлар чекланиши мумкин.

Гарчи энди Сурия байроғи остида ҳаракатланаётган бўлса-да, шимоли-шарқдаги ҳудудларда ҳамон курдлар ўз таъсирини сақлаб қолмоқда.

Фақат халқаро коалиция кучлари Дайр аз-Зорни тарк этсагина ИШИД маҳаллий араблар билан иттифоқ тузиб, бу ҳудудни эгаллаши мумкин. Аммо Трамп айтдики, коалиция нефть ҳавзаларини қўриқлашни тўхтатмайди.

Сурия шимоли-шарқидаги вазият шуни кўрсатмоқдаки, халқаро коалиция ал-Бағдодийнинг ўлимини улкан ғалаба сифатида кўраётган бўлсада, маҳаллий низолар ИШИД жангариларининг фаоллашувига ва ҳаракат яна уйғонишига олиб келиши мумкин, фақат халқаро коалиция кучлари шу ерда бўлиб туришигина бундай уйғонишни тийиб турибди.

Мавзуга оид