Трамп ўзи «террорчи чиқиндилар» деб атаган жангарилар «кўп йиллар ва ҳатто асрлар давомида мисли кўрилмаган даражада асосан бегуноҳ насронийларга ҳужум қилишгани ва шафқатсизларча ўлдириб келишгани»ни айтган.

«Мен олдинроқ бу террорчиларни огоҳлантирган эдим: агар улар насронийларни қириб ташлашни тўхтатмаса, бу жуда қимматга тушади. Бугун кечқурун шу нарса рўй берди. Уруш вазирлиги [Трамп АҚШ мудофаа вазирлигини шундай қайта номлаган] кўп сонли идеал зарбалар йўллади, бунақасини фақат Қўшма Штатлар қила олади», – дея ёзди Оқ уй раҳбари.

«Парвардигор бизнинг ҳарбийларимизни ёрлақасин ва барчага РОЖДЕСТВО МУБОРАК бўлсин, жумладан, агар насронийларни ўлдиришни тўхтатмайдиган бўлса, кўпроқ бўладиган ўлик террорчиларга ҳам», – деган Трамп.

У айнан қайси объектлар зарбага учраганига аниқлик киритмаган.

АҚШ Қуролли кучларининг Африка қўмондонлиги (AFRICOM) Х ижтимоий тармоғидаги хабарида зарбалар «Нигерия ҳукумати сўрови билан йўллангани»ни маълум қилган.

Шу билан бирга, Америка ҳарбийларининг дастлабки хабарида нишонлар «Собото» деб номланган штатда жойлашгани айтилганди. Нигерияда бундай номли регион йўқ, аммо Сокото штати бор ва у мамлакатнинг шимоли-ғарбида жойлашган бўлиб, у ерда асосан мусулмон аҳоли истиқомат қилади; бу регионда жангариларнинг ҳужумлари тез-тез содир бўлиб туради.

Кейинроқ америкалик ҳарбийлар дастлабки хабарини ўчириб ташлади ва янги постда штат номи тўғри кўрсатилди.

AFRICOM баёнотига кўра, зарба оқибатида «„ИШИД“нинг кўплаб террорчилари» ўлдирилган.

«„ИШИД“га қарши берилган ажалвор зарбалар армиямиз қудратини ҳамда мамлакат ичкарисида ва ташқарисида америкаликларга қарши террорчилик таҳдидларини йўқ қилишга содиқлигимизни намойиш этди», – дея ёзган AFRICOM.

Доналд Трамп Мар-а-Лагодаги Рождество зиёфатида

Нигерия ҳукумати нима дейди?

Нигерия Ташқи ишлар вазирлиги зарбалар АҚШ билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик доирасида берилганини маълум қилди.

«Натижада Нигериянинг шимоли-ғарбий ҳудудида юқори аниқликдаги ҳаво ҳужумлари амалга оширилди», – дейилади мамлакат ташқи сиёсат идораси хабарида.

Нигерия ташқи ишлар вазири Юсуф Майтама Туггар BBC’га берган интервюсида бу террорчиларга қарши қаратилган «қўшма операция» бўлгани ва унинг «ҳеч қандай дин билан алоқаси йўқлиги»ни айтди.