19:50 / 28.10.2019
0
5553

Жамму ва Кашмирдаги портлашда ўнлаб кишилар жароҳат олди

Номаълум шахслар Сопор шаҳридаги бекатлардан бирида турган бир гуруҳ одамларга қарата граната улоқтирган.

Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир иттифоқдош ҳудудида юз берган портлашда жароҳатланганлар сони 20 кишига етди. Бу ҳақда India Today нашри хабар берди.

Хабарда айтилишича, номаълум шахслар Сопор шаҳридаги бекатлардан бирида бир гуруҳ одамларга граната улоқтирган. Ҳужум оқибатида 20 киши жароҳатланган, олти киши оғир аҳволда Сринагар шаҳри шифохонасига етказилган.

Аввалроқ ANI агентлиги олти киши жароҳат олгани ҳақида хабар берганди.

Полиция воқеа тафсилотларини ўрганмоқда. Ҳозирча ҳужум учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган.

Ҳодиса Европа иттифоқи парламентчиларининг Жамму ва Кашмирга 29 октябрь куни амалга оширилиши режалаштирилган ташрифи арафасида юз берди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top