22:29 / 11.12.2023
8138

Ҳиндистон Олий суди Жамму ва Кашмирнинг махсус мақомини бекор қилди 

Энди ҳудуд автономияни йўқотади ва Ҳиндистон штатига айланади. Унга Покистон ҳам даъвогарлик қилмоқда. 

Фото: Reuters

Ҳиндистон Олий суди ҳукуматнинг Жамму ва Кашмир иттифоқ ҳудуди махсус мақомини бекор қилиш ҳақидаги қарорини тасдиқлади. Reuters хабарига кўра, суд минтақада маҳаллий сайловлар 2024 йил сентябр ойи охиригача ўтказилиши керак деган қарорга келган. Энди Жамму ва Кашмир Ҳиндистон штатига айланиши керак. 

Олий суд қарорида Иттифоқ ҳудудининг алоҳида мақоми вақтинчалик эканлиги ва уни бекор қилиш мумкинлиги айтилган. Бош вазир Нарендра Моди ҳукумати 2019 йилда қабул қилган қарорга кўра, асосан буддистлар яшайдиган Ладах вилояти ҳам Жамму ва Кашмир таркибидан чиқарилган. 

Жамму ва Кашмир Ҳиндистон шимолидаги ҳудуд бўлиб, мамлакатдаги аҳолисининг аксарият қисмини мусулмонлар ташкил этувчи ягона ҳудуддир. Минтақа 1947 йилда Покистон ва Ҳиндистон ташкил этилганидан бери иккала давлат ўртасидаги ҳудудий низоларга сабаб бўлмоқда. 

Жамму ва Кашмир 2019 йилгача махсус автономия мақомига эга эди. Унга кўра, Жамму ва Кашмирдан ташқарида яшовчи Ҳиндистон фуқароларига ушбу ҳудуддан ер сотиб олиш ва у ерда доимий жойлашиш тақиқланган. Шунингдек, Ҳиндистон парламенти томонидан мудофаа, ташқи ишлар, молия ва алоқа билан боғлиқ бўлмаган барча қарорлар ҳудуд органлари томонидан тасдиқланиши керак эди.

Top