Жамият | 17:35 / 29.10.2019
1740
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда инновацион ғоялар ҳафталиги ўз ишини бошлади

Бугун, 29 октябрь куни «Ўзэкспомарказ» МКМда «InnoWeeK.Uz-2019» инновацион ғоялар ҳафталиги очилиш маросими бўлиб ўтди.

Бугун, 29 октябрь куни «Ўзэкспомарказ» МКМда «InnoWeeK.Uz-2019» инновацион ғоялар ҳафталиги очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбирни очиб бериш учун Фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт масалалари бўйича президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирок этишди.

Ушбу ҳафталикни ўтказишдан мақсад инновацион фикрловчи қатламни шакллантириш, уларнинг ғояларини амалиётга татбиқ этиш экани таъкидланди. Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегиясида 2030 йилда Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50та илғор мамлакати қаторига кириши белгиланган. Бунга эришиш учун ҳукумат илмий-тадқиқотлар ва «ноу-ҳау» ишланмалари ишлаб чиқишни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш жараёнларни жорий этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Бугунги тадбир халқаро миқёсда инновация соҳасида фаолият юритаётган турли даражадаги соҳа вакиллари ва давлат органлари, инновацион инфратузилма субъектлари, эркин иқтисодий ва кичик саноат ҳудудлари, технопарклар ва хусусий тадбиркорлар, шунингдек, хориж инвестиция фондлари, инновацион марказлар ва бошқа ташкилотлар учун ўзаро манфаатли келишувларга эришиш бўйича платформа вазифасини ўтайди.

Инновацион ҳафталик йилдан-йилга ўз қамровини ошириб бормоқда. 2018 йилда 20дан ортиқ хориж мамлакатларидан 5 мингдан ортиқ вакиллар қатнашган бўлса, бу йил 30дан ортиқ давлатдан 6 мингдан ортиқ инновацион ғоя муаллифлари иштироки кутилмоқда.

Ушбу ҳафталик 29-31 октябрь кунлари «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид