20:34 / 30.10.2019
0
8550

«Куз-қиш мавсумига бошқача тайёргарлик кўрдик». Вазир ўринбосари иссиқлик таъминотидаги муаммолар ҳақида

Аҳолини узлуксиз иссиқ сув ва иссиқлик қуввати билан таъминлаш бўйича 4 октябрь куни президент ҳузурида йиғилиш бўлиб ўтган эди. Биз шу мавзу юзасидан суҳбат ўтказиш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида бўлдик.

Вазир ўринбосари Ғофур Жамолов билан кечган суҳбатимиз иссиқлик таъминотидаги муаммолар ва бу соҳада қилинаётган ишлар мавзусида бўлди.

Куз-қиш мавсумида кўп қаватли уйларнинг юқори қаватида яшовчи инсонлар иссиқ сув чиқмаётганидан тез-тез шикоят қилади. Шундай муаммолар бўладиган мавсумга тайёргарлик қандай?

Вазирлик тузилганидан сўнг, мавжуд ҳолатни тўлиқ ўрганиб чиқдик. Қозонхоналарга, аҳолининг кўп қаватли уйларигача бориб ўргандик. Шу бўйича қисқа муддатда ва узоқ муддатда амалга оширилаётган ишлар бўйича режа қилинган.

2018 йилнинг натижаларидан келиб чиқиб, куз-қиш мавсумига бошқача тайёргарлик кўрдик. Авваллари синов ишлари номига амалга оширилган. Тўлиқ синов бўлмагани учун қиш мавсумида ҳар хил нохуш авария ҳолатларини келтириб чиқарган. Синовларни белгиланган талаблар асосида ўтказишни йўлга қўйдик.

Фуқаролардан кўп маротаба иссиқ сувдаги узилишлар бўйича шикоятлар тушди. Чунки тармоқларни юқори босимда синовдан ўтказдик ва натижада 420дан ортиқ авариялар келиб чиқди. Оғриқли нуқталар аниқланиб, алмаштириш лозим бўлганларни ҳисобга олдик.

Авваллари мавсумдан ўтиб олиш учун ямаб қўйилган холос. Бу йил бошқача ёндашув асосида оғриқли нуқталарни аниқлашга ва янгилашга ҳаракат қилдик.

Бундан ташқари, кўп қаватли уйларда муҳандислик тармоқлари баъзиларида алмаштирилган, лекин баъзиларида ишлар қилинмаган. Муаммоларни аниқлаб олиш мақсадида ўзим бошчилигимда фейсбукда «Иссиқлик таъминоти» номли гуруҳ очдик. Бир ой ичида 1,5 минг фуқаро аъзо бўлди. Чунки бу масалада аҳолининг дардлари тўпланиб қолган. Ўзим ҳам бир нечасига чиқиб келдим. Қаердадир тармоқда муаммо бўлса, қаердадир уйнинг ичида муаммо бор. Берилган иссиқлик йилма-йил айланиб, қувурлар тўлиб бораверган. Ҳозир бу трубалардан игна ҳам ўтмайдиган бўлиб кетган.

Истеъмолчи сифатида ўзим ҳам бошимдан ўтказдим. Иккита хонамда иссиқлик бор, биттасида йўқ. Иссиқлик таъминоти корхонаси кўп қаватли уйларда элеватор мосламасигача олиб келишга мажбур. Биз ширкатни чақириб, биргаликда ўргандик. Сув тугул, пуфласангиз ҳаво ҳам ўтмайди. Пенсионерларимизнинг иссиқлик радиаторларини ўзимиз ювдириб ҳам бердик.

Бу – нафақат иссиқлик таъминоти, ширкатнинг ёки хонадон эгасининг иши, бу ҳаммамизнинг ишимиз. Ўзимиз куз-қиш мавсумига таёргарлик қилсак, сифатли иссиқлик оламиз.

Ғофур Жамолов

– Президент бу соҳа бўйича ўтказган йиғилишида асосан хусусий секторга бериш масаласини кўтарди. Бу қандай тартибда амалга оширилади? Нарх, сифат масаласини вазирлик назоратга оладими?

– Йиғилишда мулкдорларни жалб қилиш бўйича алоҳида топшириқ бўлди. Тўғри, айни вақтда бу соҳанинг инвестиция жозибадорлиги паст, чунки мавжуд тизим жуда эскирган. Лекин хусусий мулк эгаси доим алоҳида эътиборни сифатга қаратади. Сифатли хизмат кўрсатади ва маблағлар йиғилади.

Шунингдек, ташкилотларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Собиқ иттифоқдан қолиб кетган маъмурий буйруқбозлик тизимидан воз кечиб, ўзимизни истеъмолчига хизмат кўрсатувчи деб ҳисоблайдиган бўлишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Истеъмолчи сифатли хизматларни олишга ҳақли. Бунинг учун рақобат муҳити бўлиши керак. Натижага ишлайдиган механизмларни татбиқ қилиш асосий вазифалардан биридир.

Биз доим очиқмиз. Ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Давлат-хусусий шерикчилигида ўзимизнинг ва хорижлик ҳамкорлар билан лойиҳаларни бирга амалга оширишга тайёрлигимизни айтяпмиз. Давлат нима қилади, инвестор нима қилади – булар шартнома асосида тартибга солинади. Инвестор маблағ тикиб, соҳани ривожлантириб, даромад олишини механизмини яратиш асосида иш олиб борамиз.

– Иссиқлик фақат куз-қиш мавсумида берилади, лекин унинг учун йил бўйи пул тўланади. Бу борада шикоятлар ҳам келади. Бундай тартибга сабаб нима?

– Бу кўп йиллардан бери қўлланиб келинаётган тартиб бўлиб, ижобий ва салбий жиҳатлари бор. Биз оммага таҳлил қилганимизда кўп фикрлар ҳам билдирилди.

Бу, аслида, иссиқ сув таъминоти қимматлигидан, йил 12 ойга бўлиб тўлаш мақсадида қилинган. Бу нафақат истеъмолчиларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда, балки иссиқлик таъминотининг ўзига ҳам зиён келтирмоқда. Чунки истеъмол қилинган газ, электр, сув учун тартиби бўйича олдиндан тўлов қилиш керак. Иссиқлик таъминотининг пулини йил давомида йиғиб олиш керак.

Президентимиз томонидан ҳам иссиқлик таъминоти ишлатилган кун учун пул тўлаш тизимини ташкил қилиш бўйича топшириқ берилди. Олдимизга аниқ муддат берилди.

– Демак, яқин йиллар ичида янги тизимга ўтилади?

– Бизга кейинги йилга аниқ вазифа қўйилди. Жаҳон Банки билан лойиҳамиз бўйича Чирчиқ ва Бухоро шаҳарларида ёпиқ тизимни пилот тарзида кўрсатиб бериш бўйича кўрсатма олдик. Ҳозир бу борадаги ишлар амалга оширилмоқда, пудратчилар аниқланмоқда.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилиш мумкин.

Баҳодир Аҳмедов суҳбатлашди.

«Ўн мингга яқин кўп қаватли уйда иссиқлик таъминоти йўқ». Вазир ўринбосари билан суҳбат

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top