23:32 / 02.11.2019
0
7236

Ўзбекистон ва Ҳиндистон мудофаа вазирлари мулоқот ўтказди

Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов Ҳиндистон мудофаа вазири Ражнатх Сингх бошчилигидаги делегация вакилларини қабул қилди. 

Учрашув давомида икки мамлакат мудофаа идора раҳбарлари минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятни муҳокама қилиб, халқаро тинчликни таъминлаш борасидаги ҳамкорликларга аҳамият қаратдилар, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.   

Музокаралар давомида олий ҳарбий таълим муассасаларида ҳарбий кадрларни тайёрлаш ҳамда ҳарбий тиббиёт мутахассислари малакасини ошириш ва соҳа сифатини янада мустаҳкамлаш юзасидан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Кенг қамровли мулоқотдан сўнг Ҳиндистон ҳарбий делегацияси Қуролли Кучлар академиясига ташриф буюрди. 

Делегация академия тарихи музейи ва ўқув-моддий базаси, шунингдек у ерда яратилган шароилар, объектлари, инфратузилмаси ва ўқув-тарбиявий жараёни билан танишди. Қуролли Кучлар академияси ва Ҳиндистон Мудофаа бошқарув коллежи ўртасида ўрнатилган видеоконференц алоқа ушбу ташрифнинг муҳим воқеаси бўлди. 

Икки давлат мудофаа вазирлари ҳамда илмий-педагогик кадрларининг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда олиб борган мулоқотлари ҳамкорликни ривожлантиришнинг, ҳарбий таълим, илм соҳасида тажриба ва ахборот алмашувнинг кенг имкониятларини кўрсатди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top