Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов 13 январ куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ўтган йилги йиғилишда берилган топшириқлар ижроси юзасидан ҳисобот берди.
Тадбирда президент Шавкат Мирзиёев саккиз йил олдин қабул қилинган мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилда қабул қилинган миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келганини таъкидлаган.
«Янги мудофаа доктринаси мамлакатимизнинг ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолиши, кўп томонлама дипломатияга таянишда давом этиши, юқори технологияларга асосланган стратегик ҳарбий мустақиллик ва минтақавий барқарорлик йўналишида ривожланишини таъминлаши лозимлиги қайд этилди», – дейилади «Ўзбекистон 24» телеканалида кетган репортажда.
ДХХ раиси бугунги кунга келиб давлат чегарасининг 42 фоизи видеокузатув тизими билан жиҳозлангани, 1117 километр оптик толали алоқа линияси тортилганини айтиб ўтган.
«Чегара бўлинмалари замонавий учувчисиз учиш аппаратлари билан таъминланди. Bayraktar учувчисиз учиш аппаратлари билан бутланган янги махсус бўлинманинг жанговар навбатчилиги йўлга қўйилди. Жанговар тайёргарлик тадбирлари интенсивлиги ва сифат кўрсаткичлари оширилди», – дейди Қурбонов.
Шунингдек, халқаро аэропортларни қўриқлаш вазифаси ДХХга юкланиб, «Лочин» бригадаси қайта ташкил этилган. Қисқа вақтда ушбу бригаданинг қурол-аслаҳалари тўлиқ янгиланиб, 100 га яқин техника алмаштирилган. Тошкент ва «Тошкент Ҳумо» аэропортларини қўриқлаш бўйича назорат-патрул гуруҳлари асосида янги тизим жорий этилган. 2026 йилда ушбу самарали амалиёт Ўзбекистоннинг барча аэропортларида қўлланади.
Баҳодир Қурбонов бугунги кунда юзага келаётган асосий таҳдидлар ва уларга қарши кураш бўйича ҳам маълумот берди.
Унга кўра, Ўзбекистон учун қуйидаги тўрт асосий таҳдид мавжуд:
Террорчилик хуружлари
ДХХ раиси маълум қилишича, 2026 йилда Ўзбекистонда ва хорижда амалга оширилиши режалаштирилган 11 та терактнинг олди олинган. Уларга алоқадор 11 нафар марказий осиёлик шахснинг деструктив фаолиятига чек қўйилган.















