Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
У Колизейга ўхшайди. Ичкарисида ҳам боғи бор «Краснодар» стадионига фотосаёҳат
ЖЧ-2018 Россияга, хусусан рус футболига кўп нарса берди. Масалан ажойиб стадионларни. Краснодарда ЖЧ олдидан ана шу ажойиб стадионлардан бири очилганди.
Стадион ташқи кўринишидан Римдаги афсонавий Колизейни эслатиб юборади. Бу стадионни кўпчилик Россиядаги энг кўркам арена деб атайди. Унинг атрофини айлангиз, бу гап бежизга айтилмаганини биласиз. Агар «Краснодар» иштирокидаги ўйинга 4-5 соат олдин келсангиз ҳам, афсус қилмайсиз. Стадион атрофидаги боғлар, хиёбонларни айлансангиз, ўйин қандай бошланганини билмай қоласиз. Стадионнинг ичида ҳам боғ бор.
Аренанинг бир томонида чинорзор бор. Уларга чироқлар ҳам ўрнатилган ва кечаси ҳам атроф жуда гўзал бўлади. Стадионнинг яна бир томонида тўртбурчак қилиб буталган ноодатий дарахтларни кўрасиз. Бу манзарали дарахт стадион ёнидаги катта кўчанинг икки томонига ҳам экилган. Бу дарахтлардан бироз олдинга қараб юрсангиз, у ерда кўзгусимон катта туваклар билан ўралган яна бир турдаги ўзгача дарахтлар экилган. Бу дарахтлар Африкадаги жирафалар еб, устини текислаб қўйган дарахтларни эслатади. Бир қарашда унинг табиий эканига ҳам шубҳа қилиб қоласиз.
Стадион асосий кириш томонида эса жуда катта хиёбон бор. У ерда шунчалик кўп уриндиқлар борки, гўё бутун шаҳар унга сиғадигандек туюлади. Йўқ, ўриндиқ деганда сиз ўйлагандек қатор қилиб терилган трибуналарни назарда тутмадик. Ўриндиқлар ҳам камида ўн хил дизайнда ўрнатилган. Уларнинг ўриндиқ экани бир қарашда сезилмайди ҳам. Хуллас стадион атрофида ўйин бошланишини кутиш умуман муаммо туғдирмайди.
Хиёбон охирида ўзига хос тепалик бор. Унга айланиб чиқасиз. Юқорида бир нечта стул қўйилган ва у ерда қаҳва ичиш мумкин. Ўзига хос тепалик атрофида арчалар экилган. Улар орасидан стадион кўриниб туради. Бу манзара қандай чиройли эканини айниқса фотографлар яхшироқ ҳис қилишади.
Тепаликдан стадионга қараб юрганда фавворали ҳовуз келади. Унинг ичида ҳар хил рангдаги бежирим мармар тошлар сувнинг зилоллиги билан қўшилиб ажойиб кўриниш беради. Ҳовуздан кейин стадионнинг энг машҳур жойи бошланади. У ерда «Краснодар» рамзи ҳисобланган буқанинг ҳайкали бор. Унинг олдида суратга тушиш одатга айланган.
Стадионнинг ичкариси эса алоҳида гўзаллик бор. Унинг экрани трибунага уланиб кетган. Ўйин бошланишидан олдин экранда «Краснодар» футболчиларининг «Бугун ким ютади? «Краснодар», деб исландча қарсак чалаётгани видеоси чиқади. Бутун стадион уларга қўшилиб қарсак чалади. Ўйин тугагач стадион тунги режимдаги чироқлар билан ёритилади.
Ҳа, буларнинг барчаси «Краснодар» стадиони ҳақида. Қуйида Kun.uz мухбири «Краснодар» — «Ростов» ўйини олдидан стадиондан тайёрлаган фотогалереяни тақдим этамиз.

































Муҳаммаджон Ғаниев олган суратлар
Мавзуга оид
15:18 / 15.06.2026
Кучли ёғингарчилик туфайли Россия ҳудудларини сув босди – фотолар
11:26 / 21.05.2026
«Бунёдкор» стадиони ишчиларининг ойлиги ундириб берилди
00:43 / 19.03.2026
Саудия Арабистонида замонавий технологиялар асосидаги улкан стадион қурилмоқда
11:02 / 28.02.2026