Спорт | 00:43 / 19.03.2026
5247
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида замонавий технологиялар асосидаги улкан стадион қурилмоқда 

Стадион сурилувчи том ва майдонга эга бўлади. Унинг бир томони улкан сурилувчи LED девордан иборат бўлиб, деворда жонли трансляциялар, филмлар ва лазер шоу намойиш этилади. 45000 томошабинга мўлжалланган  арена “Ал Ҳилол” ва “Ал Насср” клублари учун уй майдони бўлиши кутилмоқда. 

Фото: SaudiProject

Саудия Арабистонида қурилаётган шаҳзода Муҳаммад бин Салмон номидаги кўп функцияли стадионнинг янги суратлари эълон қилинди. У 2034 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш учун эҳтимолий ареналардан бири сифатида кўрилмоқда.

Қурилиш ишлари Ар-Риёд шаҳри ғарбидаги Қиддия кўнгилочар ҳудудида олиб борилмоқда. 

Фото: SaudiProject

Стадион сурилувчи том ва майдонга эга бўлади, унинг бир томони улкан сурилувчи LED девордан иборат бўлиб, деворда жонли трансляциялар, филмлар ва лазер шоу намойиш этилади. Девор очилганида, майдон атрофидаги трибуналар ва Тувайк қояси манзараси намоён бўлади. Бу дунёдаги биринчи тўлиқ интеграциялашган мажмуа бўлиб, стадионни бир неча соат ичида турли тадбирлар учун мослаштириш имконини беради.

Геометрик шаклдаги биноларнинг ташқи қисми рақамли экранлар билан қопланади ва улар қоядан ўсиб чиққандек кўринади.

Фото: SaudiProject

Стадион атрофида спорт ва кўнгилочар ҳудудларга эга бўлган баланд бинолар қурилади. Улар ички кўчалар орқали боғланади ва бу кўчалар ҳам LED экранлар билан қопланади. Ушбу йўлаклар ташриф буюрувчиларни қоя четидаги кузатув майдончаларига олиб боради.

Лойиҳаси Populous архитектура бюроси томонидан ишлаб чиқилган ушбу арена 45000 томошабинга мўлжалланган. 

Фото: SaudiProject

Стадион Саудия Арабистони профессионал лигасининг “Ал Ҳилол” ва “Ал Насср” клублари учун уй майдони бўлади. Шу билан бирга, бу ерда бокс, киберспорт, концертлар ва театр томошалари каби турли спорт ва маданий тадбирлар ҳам ўтказилади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид