Жамият | 16:19 / 05.11.2019
20937
13 дақиқада ўқилади

«Олтинбошлар» йўлини қоғозга кўмиб ташлаш қанчалик мантиқли?» - Экспертлар билан суҳбат 

Бир неча йилдан бери «инновацион ечим», «инновацион ғоя», «инновацион таклиф» ибораларини бот-бот эшитяпмиз. Бир қарашда барча жабҳаларда ўзгаришлар, янгиликлар қилинётган экан, деб ўйлаш мумкин. Тўғри, ишлаш услуби, ёндашув олдингидай эмас, жамият ҳаётидаги ижобий силжишлар бунинг исботи бўла олади. Аммо бир саволни ўртага қўймасак бўлмас: инновация деганда фақат ички имкониятлар асосида янгиланишни тушуниш керакми ёки...? Инновация деймиз-у, уни амалга оширадиган кадрлар етарлимикин? Мутахассис танқислиги ҳамма жойда оғриқли нуқта экани ҳеч кимга сир эмас. Афсуски, шундай вазиятда ҳам хориждан қайтмоқчи бўлган «олтинбош»ни бюрократизм ботқоғига ботириш қанчалик тўғри?

Мана бу мақолада хорижда олинган илмий даражаларни тан олишдаги ортиқча маъмурий тўсиқлар ҳақида фикрлар билдирилган эди. Унда экспертлар «Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисида»ги Низом анча эскиргани ва талабга жавоб бермаслиги ҳақида ўз мулоҳазаларини билдиришган. Олий аттестация комиссияси экспертларнинг асосли эътирозларини ҳисобга олиб, янги низом лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамалар порталига жойлаштирди. Унинг мазмунига эътибор берилса, хорижда олинган илмий даражаларни тан олишдаги маъмурий тўсиқлар камаймаган, аксинча кўпайганига гувоҳ бўласиз. Бундай мантиқсиз «юриш»дан бирор мақсад борми? Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Бахшилло Хўжаев ва Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири Отабек Нарзиев янги низом лойиҳасидаги камчиликлар, тизимдаги маъмурий тўсиқлар қандай салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига муносабат билдиришди.

«Аксарият олимларимиз ҳалиям истеъмолчилик кайфиятида юрибди»

Низом лойиҳасидаги камчиликларни гапиришдан аввал хориждан кадрларни жалб қилиш, хорижда олинган илмий даражаларни тан олиш Ўзбекистон учун қанчалик зарурлигини тушунтиришдан бошлаш маъқул.

Ҳозир орамиздаги айрим олимларда истеъмолчилик кайфияти ҳалиям сақланиб турибди, яъни ярим тайёр маҳсулот устида ишлайди, янгилик яратмайди, чет эл технологиясини шу ерда амалиётга татбиқ этади. Афсуски, инноваторлик муҳитини шакллантириш қийинчилик билан кечяпти. Агар олимларда инноваторлик кайфияти уйғонса, бу жамият ҳаётини фаровонлаштиришга хизмат қилади. Халқаро ташкилотлар мамлакатларни ривожланган ёки ривожланаётган, деган тоифаларга эмас, балки истеъмолчи, ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи жамиятларга ажратишяпти. Биз сўнгги икки босқичга ўтолмаяпмиз. Япония, Сингапур, Корея давлатларида аллақачон хизмат кўрсатувчи қатлам вужудга келган. Улар бунга қай тариқа эришди? Албатта, илмий салоҳиятни юқори босқичга кўтаришдан. Миллий миқёсда олиб қараганда эса бизда ислоҳотларга жавоб бероладиган кадрларни етиштиришда ички имкониятлар етишмайди. Хорижда таҳсил олган «янги нафаслар»га муҳтожмиз. Уларнинг тажрибаси, билими бугун ҳар қачонгидан кўра кўпроқ керак.

«Маҳаллий ОТМларда халқаро илмий даража олган профессорлар деярли йўқ, бу халқаро рейтингларга киришни қийинлаштиряпти»

Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида университетларни халқаро рейтингларга босқичма-босқич киритиш бўйича вазифалар белгиланган. Биз нима учун шу пайтгача бунақа нуфузли рўйхатларга кира олмаганимизни ўрганиб чиқдик. Маълум бўлдики, ОТМларда хорижда илмий унвон олган профессор-ўқитувчилар деярли йўқ экан. Биз қачон кучли мингталикка кира оламиз? Қачонки чет элда илмий даража олиб, ўз билими ва тажрибасини Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлганларга тўсиқлар камайганида. Ватанга қайтиб ўз илмий салоҳиятини сарфлашга тайёр бўлган ўзбек диаспораси хорижда биз ўйлагандан ҳам кўп. Улар президент Шавкат Мирзиёевнинг юрт тараққиётига ҳисса қўшишга бўлган чорловига лаббай, деб жавоб қайтариш ниятида бўлса-ю, ички тўсиқларимиз уларга тўғаноқ бўлаётганига тушуниш қийин.

«Маъмурий тўсиқлар сабабли ўз шахсий маблағи эвазига таҳсил олиб хорижда илмий даража олган тайёр кадрни ҳам қабул қилолмаяпмиз»

Биз қачонгача чет эл илмий натижалари импортёри бўламиз? Кўпгина ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бу ерда фақат йиғилади, холос. Янгича илмий технологиямиз йўқ. Ўзбекистонда ҳақиқий инновацион муҳитни яратиш учун ҳаракат ҳам бўлиши зарур. Хорижда юрган зиёли ватандошларимиз қатлами бор. Улар 90-йиллар бошида «мозговая утечка» натижасида четга кетиб, ҳозирги кунда маълум соҳа мутахассислари бўлиб етишишди. Сиз билан юқоридаги гаплашган низомдаги тўсиқлар шу оқим янаям кучайишига олиб келади. Ўзим гувоҳи бўлган ҳолатни гапириб бераман: университетга хорижда илмий даража олган дўстимизни ишга таклиф қилмоқчи эдик. Кадрлар бўлими профессорнинг илмий даражаси нострификация қилинмагунча тан олинмаслиги, шунинг учун оддий ўқитувчи сифатида фаолият юритишини айтди.

Масаланинг иккинчи томонига эътибор беринг: «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан вазирлик ва давлат идораларида хорижий экспертларга бўлган эҳтиёж ўрганилган. Аниқландики, 1000га яқин хорижий экспертларга эҳтиёж бор экан. Бу жамғарма ҳар йили 4 минг номзод ичидан 300 нафарига стипендия беряпти. Шу стипендия учун ҳам бюджетдан қанча маблағ кетяпти, бу харажатлар қачон ўзини оқлаши ҳам номаълум. «Мутахассис ўз билимини ватан учун сарфлайдими қачондир?», деган савол ҳам бор. Энди яхшилаб ўйлаб кўринг: иккинчи томондан ўз маблағи эвазига, давлат бюджетидан бир тийин олмасдан чет элда таҳсил олиб, илмий даража олган тайёр кадр ўз хоҳиши билан Ўзбекистонга келмоқчи-ю, аммо маъмурий тўсиқлар туфайли уни йўлини сиқишга ҳаракат қилишларига нима дейсиз? Бу қанчалик мантиқли ҳолат? Бюджет пули билан 10-15 йилда тайёрланадиган кадр қаёқда-ю, эшигингиз тагида турган тайёр, салоҳиятли, хорижий дипломли кадр қаёқда?

«Низом лойиҳасида копцептуал масала қолиб, техник соддалаштиришгина назарда тутилган»

2000 йилдаги «Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисида»ги низом анча эскиргани сабабли Олий аттестация комиссияси (ОАК) янги низом ишлаб чиқди. Низом лойиҳасида концептуал масала, яъни хорижий илмий даражаларнинг (PhD, LLD, DSc ва бошқалар) Ўзбекистонда тан олингандан кейинги ҳуқуқий мақоми аниқ белгиланмаган. Бу биз олдинги мақолада кўрсатган муаммо, яъни хорижий PhD’нинг миллий PhD’га тенглаштирилиши ва натижада мутахассиснинг мақоми маъмурий тарзда жаҳон стандартларидагидан пастга туширилиши масаласи ҳал этилмаган. Мисол учун, хорижий илмий даража миллий даражага тенглаштириб қўйилган. Бу бўйича ҳеч нарса қилинмаган. Уларнинг алоҳида мақоми ҳалигача аниқ белгиланмаган.

Низом лойиҳасида хорижда олинган илмий даражаларни тўғридан-тўғри тан олиш тизими таклиф этилгани қувонарли ҳол. Аммо, бу жараён ўз моҳиятига кўра содда бўлиши ўрнига янги маъмурий босқич киритилиши орқали мураккаблаштирилган. Яъни, талабгор ўзининг хорижда олган илмий даражасини тўғридан-тўғри тан олиниши учун энди фақат ОАКга эмас, балки ундан олдин ОТМ/ИТМ кенгашига мурожаат этиб, унинг тавсиясини олиши керак. Бу аслида ҳеч қандай ортиқча жараёнларсиз амалга оширилиши керак бўлган тўғридан-тўғри тан олиш тизими моҳиятига мутлақо зид. Лойиҳага кўра, талабгор икки карра вақт йўқотиш, икки карра овора бўлишига тўғри келади. Бунинг ечими оддий, яъни тўғридан-тўғри тан олишни ОТМ/ИТМ илмий кенгаши ёки ОАК ваколатида қолдириш. Унда ҳам ОТМларнинг халқаро рейтинги бўйича энг яхши 1000талик ОТМ томонидан берилган илмий даражалар тўғридан-тўғри (автомат тарзда) кўпи билан бир ҳафта муддат ичида тан олинишини назарда тутиш лозим. Низом лойиҳасида кўрсатилган муддат камида 4 ойни ташкил этмоқда. Бу муддат қисқартилиши ва жараён соддалаштирилиши лозим.

«Ўзбекистонда хорижий илмий даражани тан олиш учун йиғим тахминан 140 АҚШ доллари, Японияда эса шунга ўхшаш давлат хизмати 40 доллар атрофида»

Низомнинг 5-бандида хорижий давлатларда илмий даражалар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (223 000 сўм) 6 баравари миқдорида йиғим ундирилади, деб белгиланган. Таққослаш учун айтаман: Японияда шунга ўхшаш давлат хизмати 40 АҚШ доллари эвазига кўрсатилади. Японияда ўртача иш ҳақи ўртача 4000 АҚШ долларига тенг. Ўзбекистонда ҳам шундайми?

Хорижда ўз маблағи эвазига таълим олган кадрдан бюрократизм учун 140 АҚШ доллари (БҲМнинг 6 баравари) ундирилиши қанчалик адолатли? Йиғим ундирилмасин, деган фикрдан йироқмиз. Талабгор фақат реал давлат хизмати учун пул тўласин. Қолгани ортиқча харажат ҳисобланади. Тўлов олишдан мақсад нима? Пул ишлашми? Ортиқча тўсиқ қўйишми? Олим Ўзбекистонга илм-фанни ривожлантириш учун келяпти. У инвестор ёки тадбиркор эмас, фан фидойиси. Ундан юқорида кўрсатилган миқдорда йиғим ундириш қанчалик асосли? 

«Низомнинг 6-банди турлича талқинни келтириб чиқариши мумкин»

Низом 6-бандида хорижий илмий даражаларни тўғридан-тўғри тан олиш учун талаб этиладиган (ҳолатлар) ҳужжатлар рўйхати талаб этилаётган ҳужжатлар қатори келтирилган. Жумладан, «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали хорижий давлатларда мутахассисларни мақсадли тайёрлаш асосида, кучли мингталикка кирган хориж ОТМлари, вазирлик ва идоралар йўлланмалари билан хорижий давлатлар томонидан ажратилган квота (грант)лар ҳисобидан хорижий давлатларда мутахассисларни мақсадли тайёрлаш асосида олинган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатлар. Бу бандни қўллашда бир вақтнинг ўзида ҳужжатларнинг ҳаммаси талаб қилинар экан, деган нотўғри талқин бўлиши эҳтимоли юқори. Бунинг олдини олиш мақсадида 6-бандга «қуйидаги ҳолатларнинг бирида» деган жумлани қўшиш мақсадга мувофиқ бўлади.

«Ҳужжатдаги камчиликлар рад этишга асос бўлиши керак эмас»

Низомнинг 13-бандида сўровноманинг электрон рақамли имзо ёки имзони идентификация қилишнинг бошқа воситалари билан тасдиқланмаганида давлат хизматлари кўрсатилиши рад этилиши мумкин, дейилган. Онлайн мурожаат алтернатив эмас, ягона вариант сифатида бериляпти. Аризачи анъанавий тарзда ариза топширолмайди. У давлат хизматлари агентлиги ёки интерактив хизматлар портали орқали ҳужжатларини онлайн топшириши мумкин. Бунда рақамли имзоси бўлиши керак. Хорижлик фуқароларга электрон рақамли имзо берилмайди. Улар қандай қилиб ариза юборишлари мумкин? Жараён тобора қийинлаштириляпти. Ҳар қандай ҳолатда ҳам анъанавий усул қолиши керак. Бу банд ўзгартирилиши керак. Мурожаатчига танлов имконияти берилиши зарур, яъни мурожаатчи хоҳласа ўзи бевосита ваколатли давлат органига бориб ҳужжат топшириши ёки давлат хизматлари агентлиги орқали ёхуд электрон портал орқали ҳужжатлар топширишга ҳақли. Қолаверса, ҳужжатлардаги камчилик рад этиш учун асос бўлмаслиги керак. Халқаро тажрибада бундай ҳолат юз берса, ҳужжатлар қайтарилади, бирданига рад этилмайди. Аризачига камчиликларни бартараф этиш учун муддат берилади. Ҳужжат тўғридан-тўғри рад қилинса, бошқа қабул қилинмайди.

«Хорижда олинган илмий даража Ўзбекистондаги диссертацияларга қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлиши керакми?»

19-бандда диссертация мазмуни тегишлилиги бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертацияларга қўйилган талабларга мувофиқ бўлиши хорижий илмий даража тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ижобий хулоса беришга асос бўлади. Яъни хорижда олинган илмий даража Ўзбекистонда олинган илмий даража талабларига мос бўлиши керак. Ўзбекистонда докторлик диссертацияси ёзаётган олим хорижда шундай диссертацияларга қўйиладиган талабларга риоя қилмаганидек, чет элда тайёрланган диссертацияда ҳам Ўзбекистондаги докторлик диссертацияларга қўйиладиган талаблар, диссертант хоҳласа ҳам, инобатга олинмайди. Бу табиий ҳол, ҳар жойнинг ўз қонуни, ўз талаби бор. Бундан ташқари, хорижий илмий даражани жаҳон тан олиб турган бир пайтда ОАК томонидан бундай асоссиз тўсиқлар қўйилиши тушунарсиз.

Буларнинг барчаси биз юқорида таъкидлаган концептуал масаланинг, яъни хорижий ва миллий илмий даражаларнинг ҳуқуқий мақоми аниқ белгиланмаганига бориб тақалади. Бунинг ечими жуда осон, яъни хорижий илмий даражаларни миллий илмий даражаларга боғламасдан, уларни жаҳон стандартларига мувофиқ тан олиш тизимини яратиш. Бутун дунё фан доктори сифатида тан олиб турган мутахассиснинг илмий даражаси Ўзбекистонда тан олингандан кейин ҳам фан доктори мақомида қолишини таъминлаш. Ишонамизки, ОАК ва бошқа мутасадди ташкилотлар мазкур масалага етарлича эътибор қаратишади ва мамлакатимиз учун муҳим масала ҳисобланган салоҳиятли кадрлар йўлидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этишади. 

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди

Мавзуга оид